Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Президентлигига номзод Хатамжон Кетмонов сайловда овоз берди
2016-12-04 | Сайлов
Ўзбекистон Республикаси Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Хатамжон Кетмонов пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги 282-сайлов участкасига овоз бериш учун келди.
Истиқлол йилларида мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинлигини таъминлаш, миллий сайлов қонунчилигини жаҳон андозалари даражасида такомиллаштириш, унинг демократик тамойилларга тўлиқ жавоб беришига эришиш масалаларига устувор аҳамият қаратилмоқда. Ривожланган давлатларнинг бу борадаги илғор тажрибаси ва миллий анъаналаримизнинг ўзаро уйғунлаштирилиши натижасида миллий сайлов қонунчилигимизда халқимиз ўз хоҳиш-иродасини эркин ва очиқ ифода этишини таъминлайдиган жиҳатлар ўз аксини топаётир.
Сайлов тизими кўппартиявийлик, очиқлик, ошкоралик, тенг ҳуқуқлилик каби тамойилларга таяниши, бунда фақат овоз бериш жараёнидагина яшринликка йўл қўйилиши мумкинлиги миллий сайлов тизимининг юксак демократик талаб ва мезонларга тўлиқ жавоб беришининг амалдаги яна бир ёрқин намунасидир.
Ўзбекистон Республикаси Халқ демократик партиясининг сайловолди дастури аҳолининг турли қатламлари манфаатларини таъминлаш, кучли ижтимоий ҳимоя тамойилларига қатъий амал қилиш, айниқса, кексалар, алоҳида эҳтиёжли фуқаролар, ёшларга эътиборни янада кучайтириш, янги иш ўринларини барпо этиш, таълим сифати ва мазмунини янада такомиллаштириш каби мақсадларга йўналтирилган.
Халқимиз Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этмоқда. Мамлакатимиз ҳаётидаги бу муҳим сиёсий жараённинг юксак савияда ўтаётгани юртдошларимизнинг фаол фуқаролик позицияси, Ватан тақдири учун масъулиятни астойдил ҳис этиши, юрт истиқболига дахлдорлик ҳисси билан яшаётганининг яна бир амалий исботидир.
Юксак талаб ва меъёрларга тўлиқ жавоб берувчи сайлов жараёни юртдошларимиз Ўзбекистонимизнинг тинчлиги ва осойишталиги, Ватанимиз тараққиёти, унинг порлоқ истиқболи учун овоз берганининг яна бир амалий тасдиғи бўлди.
Манба: ЎзА