Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
«Очиқ Ҳукумат»
Очиқ маълумотлар
Давлат органларининг ижтимоий аҳамиятга эга бўлган ахборотларини очиқ маълумотлар сифатида эълон қилиниши очиқ давлат бошқарувининг асосидир.
Очиқ маълумотларнинг эълон қилиниши ва улардан фойдалана олиш имкониятининг яратилиши туфайли давлат органлари фаолиятининг шаффофлиги, жамоат назоратини амалга ошириш имкони, шунингдек жисмоний шахслар ва тадбиркорлар учун янги хизматлар яратилиши таъминланади.
Давлат органлари фаолияти тўғрисидаги маълумотлар ва ахборотларни очиқ маълумотлар кўринишида эълон қилиниши улардан турли ахборот ресурсларини шакллантиришда манбаа сифатида ва ахборот тизимларини, шунингдек, ҳам давлат органлари, ҳам тадбиркорлик субъектлари учун хизмат ва иловалар яратишда фойдаланиш мумкин.
Маҳаллий веб-ресурсларни, рақобатбардош дастурий маҳсулотлар ва хизматлар ички бозорини ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, шунингдек «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ давлат органлари ва уларнинг фаолияти тўғрисидаги очиқ ахборотдан фойдаланишни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2015-йил 7-августда 232-сон қарори қабул қилинди. Қарор асосида Интернет тармоғида очиқ маълумотлар учун "ягона нуқта" вазифасини бажарувчи Ўзбекистон Республикаси Очиқ маълумотлар портали (data.egov.uz) ишга туширилди.
Портал фойдаланувчиларга Интернет тармоғидаги очиқ маълумотлардан фойдаланишнинг ягона нуқтасини тақдим этиш ва жойлаштирилган очиқ маълумотларнинг долзарблиги масалалари бўйича фойдаланувчиларнинг очиқ маълумотларни етказиб берувчилар билан тескари алоқасини таъминлаш, янги очиқ маълумотларни эълон қилиш тўғрисидаги таклифларни кўриб чиқиш ва очиқ маълумотларни олишда фойдаланувчилар учун шарт-шароитларни яхшилаш, етказиб берувчи фаолиятининг очиқ-ошкоралигини таъминлаш ва Порталда жойлаштириладиган очиқ маълумотлар ёрдамида самарали иқтисодий қарорларни қабул қилиш учун фойдаланувчиларга шарт-шароитлар яратиш мақсадида ташкил қилинди.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Очиқ маълумотлар порталида 7 900 дан ортиқ маълумотлар тўплами порталга жойлаштирилган бўлиб улар фойдаланувчилар томонидан 208 000 дан ортиқ маротаба юклаб олинган.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг жамоат муҳокамаси
Қонун ҳужжатларини муҳокама қилиш учун шароит яратиш орқали уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси “Қонун ҳужжатларининг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 328-сон қарорини қабул қилди. Қарорга мувофиқ 2015 йил 1 январдан бошлаб Ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг ёки қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш тизими жорий этилди – regulation.gov.uz.
Қуйидагилар норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларининг ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолашнинг мақсадлари ҳисобланади:
муаммони, уни тартибга солишнинг мақсади ва мавжуд ечимини таҳлил қилиш орқали норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилишда вужудга келиши мумкин бўлган (вужудга келган) ижобий ва салбий оқибатларни аниқлаш;
ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасида ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари тизимида коррупция, бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилиши учун шароит яратадиган, тадбиркорлик субъектлари учун ортиқча маъмурий ҳамда бошқа чекловларни жорий этадиган ёки жорий этишга шароит яратадиган қоидаларни аниқлаш;
тадбиркорлик субъектларида асоссиз харажатлар пайдо бўлишига олиб келувчи қоидаларни аниқлаш.
Порталда давлат органлари томонидан ишлаб чиқилган тадбиркорлик фаолиятига алоқадор қонун ҳужжатларининг лойиҳалари ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар жойлаштирилиб, рўйҳатдан ўтган барча фойдаланувчилар мазкур ҳужжалар борасида ўз таклифларини бериш имконияти яратилган. Келтирилган таклифлар қонун ҳужжати лойиҳаси ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни жойлаштирган давлат орган томонидан ўрганиб чиқилиб қабул қилинади ёки асослантирилган рад жавоби берилади.
Фойдаланувчилар жойлаштирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар борасида нафақат моддама-модда ўз таклифларини билдиришлари балки, мазкур ҳужжатлар борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб маҳсус сўровномани тўлдиришлари ҳам мумкин. Сўровнома Қонун ҳужжатлари таъсирини баҳолаш тизимини ва мазкур Портални янада ривожлантиришда катта аҳамиятга эга.
Фуқаролар билан стратегик масалаларда маслаҳатлашиш
Фуқароларнинг қарорлар қабул қилишда иштироки
Ҳаракатлар стратегиясининг кенг муҳокамаси
Мамлакатимиз хавфсизлиги, тараққиёти ва сиёсий барқарорлигини янада мустаҳкамлашда ҳар бир фуқаронинг иштирокини таъминлаш бугунги куннинг долзарб вазифасидир.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси лойиҳаси кенг муҳокамадан ўтди. Мазкур ҳужжат юртимизнинг янада тараққий этишида муҳим ўрин тутади.
Ҳаракатлар стратегияси лойиҳаси муҳокама учун strategy.regulation.gov.uz веб-сайтда жойлаштирилди. Ҳаракатлар стратегияси лойиҳасига нафақат давлат ва бошқарув органлари ходимларидан, балки фуқароларимиз томонидан ҳам кўплаб таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.
Ҳаракатлар стратегияси лойиҳасида давлат бошқаруви ва давлат хизмати тизимини марказлаштиришдан чиқариш, оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, иқтисодиётнинг энергия ва ресурс сарфини қисқартириш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли, энг аввало ўрта махсус ва олий ўқув юртлари битирувчилари бандлигини таъминлаш каби муҳим вазифалар ўрин олди.
Ҳаракатлар стратегиясининг кенг муҳокамага қўйилиши давлат ҳокимиятининг демократик асосларини янада мустаҳкамлашга, халқимизнинг энг муҳим қарорлар қабул қилишдаги иштирокини таъминлашга хизмат қилди.
2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича Миллий комиссияси, шунингдек, Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича комиссиялар тузилиб, Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича комиссиялар зиммасига Давлат дастурига киритилган тадбирлар тўлиқ, ўз вақтида ва сифатли бажарилишини ташкил этиш ва назорат қилиш, шунингдек Ҳаракатлар стратегиясини 2018 — 2021 йилларда амалга ошириш бўйича тегишли йиллик давлат дастурлари лойиҳаларини тайёрлаш вазифаси юклатилди.
Амалдаги қонунчилик, ҳуқуқни қўллаш ва илғор хорижий тажрибаларни таҳлил қилган ҳолда тайёрланган Ҳаракатлар стратегиясида демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, суд-ҳуқуқ, иқтисодий, ижтимоий соҳалар ва хавфсизликни таъминлаш бўйича бешта устувор йўналиш белгиланган. Ҳаракатлар стратегияси беш босқичда, келгуси беш йилда мамлакатимизда йилларга бериладиган номлардан келиб чиқиб, ҳар бир йил бўйича давлат дастурлари қабул қилинишини назарда тутган ҳолда амалга оширилади.
Ҳаракатлар стратегияси лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамасига бағишланган медиа-ҳафталик ташкил этилди. Жамоатчилик муҳокамасини янада кенгайтириш мақсадида ташкил этилган медиа-ҳафталик доирасида Ҳаракатлар стратегиясининг бешта йўналиши бўйича мутахассислар тақдимотлари, улар юзасидан очиқ муҳокама ва мунозаралар, анжуманлар, брифинглар, ток-шоулар ўтказилди.
Ҳафталик иштирокчиларига қулайлик яратиш мақсадида замонавий ахборот технологиялари билан жиҳозланган медиа-майдонча ташкил қилинган. Юқори тезликдаги интернет ва wi-fi алоқаси билан таъминланган компьютерлар, пресс-китлар ўрнатилди. Нодавлат ҳудудий телестудияларнинг Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси Ёшлар мультимедиа телекомплекси билан онлайн боғланишлари йўлга қўйилди.
Ҳафталик доирасида тайёрланаётган барча медиа материаллар телерадиостанциялар эфирлари орқали тезкорлик билан узатилмоқда, интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларга жойлаштириб борилди.
Ўзбeкистон Рeспубликаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаaтларини кўриб чиқиш виртуал қабулхонаси
Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари билан самарали ўзаро ҳамкорлик қилиниши, тадбиркорлар ҳамда чет эллик инвесторларни тасдиқланган жадвал бўйича ҳар куни қабул қилиш, тадбиркорлар муаммоларининг холисона ва адолатли ҳал этилиши, мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари тўғрисида тегишли Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш мақсадида Ўзбeкистон Рeспубликаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаaтларини кўриб чиқиш виртуал қабулхонаси ташкил қилинди.
Тадбиркорлар мурожаатларини 3 хил усулда: (0 800) 211-0000 ёки «1100» қисқа рақамларига қўнғироқ қилиш (қўнғироқ республика бўйича бепул, фақатгина стационар телефонга қўнғироқ қилиш нархи бўйича ҳақ олинади), мурожаат юбориш (business.gov.uz порталида келтирилган шаклни тўлдириш орқали) ёки Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг яшаш жойдаги қабулхонасига ташриф буюриш орқали юбориш мумкин.
Ҳар бир мурожаат рўйхатга олинади ва ижрога юборилиб, назоратга олинади. Барча юборилган мурожаатлар бўйича тегишли чоралар кўрилади, таклифлар эса тегишли вазирлик ва идораларнинг фаолиятида эътиборга олинади. Мурожаат юборган шахснинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузишда айбдор бўлган шахсларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилади.
Ҳозирги кунда Ўзбeкистон Рeспубликаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаaтларини кўриб чиқиш виртуал қабулхонасига 9100 дан ортиқ мурожаат келиб тушган.
Ягона интерактив давлат хизматлари портали
2013 йил 1 июль куни Интернет тармоғида my.gov.uz манзили бўйича аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун “ягона ойна” режимида давлат интерактив хизматларини кўрсатувчи Ягона интерактив давлат хизматлари портали (Ягона портал) ишга туширилди.
Ушбу лойиҳани амалга оширилиши мамлакатимизда “Электрон ҳукумат” тизимини жорий этиш ва ривожлантириш йўлида қўйилган яна бир муҳим қадам ҳисобланади.