Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Вазирлар Маҳкамасининг Раёсати
Вазирлар Маҳкамасининг Раёсати Вазирлар Маҳкамасининг доимий фаолият кўрсатувчи органидир. Вазирлар Маҳкамасининг Раёсати таркибига Бош вазир, Бош вазирнинг ўринбосарлари ва маслаҳатчилари, вазирлар, давлат қўмиталарининг раислари, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси киради.
Вазирлар Маҳкамаси Раёсатининг мажлисларида:
Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириқларининг ижросини ташкил этиш масалалари;
Қонунчилик палатасига қонунчилик ташаббуси тартибида киритиладиган қонунлар лойиҳалари;
Вазирлар Маҳкамасининг ваколатига кирадиган масалалар кўриб чиқилади, бундан ушбу Қонунга мувофиқ фақат Вазирлар Маҳкамасининг мажлисларида кўриб чиқиладиган масалалар мустасно.
Вазирлар Маҳкамаси Раёсатининг мажлисини ташкил этишни ва тайёрлашни Вазирлар Маҳкамасининг аппарати амалга оширади.
Вазирлар Маҳкамаси Раёсатининг мажлислари ҳар ҳафтада Бош вазир томонидан, у йўқлигида эса унинг ўринбосарларидан бири томонидан ўтказилади.
Вазирлар Маҳкамаси Раёсатининг мажлисларида кўриб чиқиш учун масалаларни тайёрлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Регламенти билан белгиланади.
Вазирлар Маҳкамаси Раёсатининг мажлисларида қабул қилинган қарорлар баённомалар тарзида расмийлаштирилади ва раислик қилувчи томонидан имзоланади.