Ўзбекистон Республикаси ўз миллий манфаатларига асосланган ҳолда очиқ, ўзаро манфаатли ва конструктив ташқи сиёсат олиб боради. Республиканинг замонавий ташқи сиёсий курси дунёда ва минтақада шиддат билан ўзгараётган вазият ҳамда мамлакатнинг ичидаги кенг кўламли ўзгаришларга асосланиб шаклланади.
Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсий фаолиятининг бош мақсади – давлат мустақиллиги ва суверенитетини, халқаро майдондаги ўрни ва ролини мустаҳкамлаш, ён-атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик муҳитини шакллантириш, республиканинг ташқи иқтисодий манфаатларини фаол тарзда илгари суриш.
Республика ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслик курсига содиқ бўлиб, ўз ҳудудида хорижий ҳарбий базалар ва объектларни жойлаштиришга, шунингдек, мамлакат ҳарбий хизматчиларининг чет элдаги тинчликпарварлик амалиётларида ёки ҳарбий можароларда иштирок этишига йўл қўймайди. Ўзбекистон барча қарама-қаршиликлар ва низоларни фақат тинч сиёсий йўллар билан ҳал қилиш тарафдори.
Ўзбекистон давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегараларнинг дахлсизлиги, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик; халқаро мажбуриятларни виждонан бажариш, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва ҳимоя қилиш ва халқаро ҳуқуқнинг бошқа умумеътироф этилган тамойилллари ва нормалари; хавфсизликнинг бўлинмаслиги, очиқлик ва прагматизм, қўшни мамлакатлар билан ҳар томонлама яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантириш, минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш каби асосий тамойилларга таянган ҳолда тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик йўлида барча шериклар билан ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор.
Ташқи сиёсий фаолиятнинг асосий ва биринчи даражали вазифаларидан бири бу 2017-2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини самарали амалга оширишдир.
Ушбу мақсадга эришиш учун ташқи сиёсат идораси олдига қуйидаги вазифалар қўйилган:
- мамлакатимизда олиб борилаётган демократик ислоҳотларни ҳамда жамият ва иқтисодиётни модернизация қилишнинг жадал жараёнларини самарали амалга ошириш учун мумкин қадар қулай ташқи сиёсий шарт-шароитларни шакллантириш;
- Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни сақлаш ҳамда мустаҳкамлаш, минтақани хавфсизлик ва барқарор тараққиёт ҳудудига айлантириш;
- жаҳоннинг етакчи давлатлари ва халқаро ташкилотлар билан стратегик ҳамкорлик қилишнинг мутаносиб, кўп қиррали тизимини шакллантириш;
- Ўзбекистоннинг минтақа ва жаҳон сиёсатидаги муҳим йўналишлар бўйича халқаро ташаббусларини илгари суриш;
- маҳаллий маҳсулотларнинг экспорт ҳажмини ошириш ва географиясини кенгайтириш борасида кўмаклашиш;
- миллий иқтисодиётнинг устувор тармоқларига тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва илғор технологияларни жалб этишда фаол кўмак бериш;
- мамлакатимизга туристларни жалб қилиш ҳамда туристик инфратузилмани ривожлантириш борасида амалий ёрдам кўрсатиш;
- транспорт ва транзит соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштиришда ҳамда халқаро транспорт коммуникациялари ва логистик инфратузилмаларни ривожланишига кўмаклашиш;
- хориждаги Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахслари ҳуқуқ ва манфаатларининг ҳар томонлама ҳимоя қилинишини таъминлаш;
- хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш.
Ташқи сиёсатимизнинг бош устувор йўналиши Марказий Осиё минтақасидир. Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги сиёсати минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлашга, минтақавий хавфсизликнинг муҳим муаммоларини ҳал этишга, шу жумладан, Афғонистондаги вазиятни ҳал қилишга кўмаклашишга қаратилган. Ўзбекистон минтақавий савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, минтақанинг транспорт ва транзит инфратузилмасини ривожлантириш, Марказий Осиё трансчегаравий дарёларининг сув-энергетика ресурсларидан оқилона ва комплекс фойдаланиш ҳамда минтақанинг экологик барқарорлигини тъминлаш, чегараларни делимитация ва демаркация қилиш жараёнини якунига етказиш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширади.
Ўзбекистон минтақа давлатлари билан дўстона ва аҳил қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашдан, илмий-техникавий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришдан, парламентлар, чегара ҳудудлари, жамоат ташкилотлари ва оддий фуқаролар ўртасидаги алоқаларни кучайтиришдан манфаатдор.
Ўзбекистон Афғонистон билан алоқаларни кенгайтиришни, мазкур мамлакатдаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этишга қаратилган халқаро саъй-ҳаракатларда фаол иштирок этишни давом эттиради. Ўзбекистон томони Афғонистон иқтисодиётини қайта тикланишига, унинг транспорт, ишлаб чиқариш, энергетик ва ижтимоий инфратузилмаларини ривожлантиришга кўмак беришда давом этади. Барқарор ва равнақ топаётган Афғонистон Марказий Осиёдаги минтақавий хавфсизликнинг кафолатидир.
МДҲ малакатлари билан ҳамкорлик ҳам Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор ё‘налиши ҳисобланади. Мазкур давлатлар билан республикамиз тарихан шаклланган сиёсий, иқтисодий, транспорт-коммуникацион ва бошқа алоқаларга эга. Ўзбекистон Ҳамдўстлик мамлакатлари билан тенглик, ўзаро фойдалилик, бир-бирининг манфаатларини ҳурмат қилиш ва эътиборга олиш тамойиллари асосида икки томонлама ҳамкорлик муносабатларини қуришни давом этади.
Ўзбекистон Россия билан 2004-йил 16-июнда имзоланган Стратегик ҳамкорлик, 2005-йил 14-ноябрдаги Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномалар ҳамда 2012-йил 4-июнда имзоланган Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида Стратегик ҳамкорликни чуқурлаштириш тўғрисидаги декларация асосида дўстона муносабатларни ҳар томонлама мустаҳкамлаш ва тадрижий ривожлантириш икки мамлакат манфаатларига тўлиқ мос келади ҳамда минтақадаги тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Икки томонлама муносабатларнинг энг муҳим вазифалари Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2017-йил 4-5-апрелда Россияга давлат ташрифи ҳамда Россия Федерацияси Президенти В.В.Путиннинг 2018-йил 18-19-октабрда Ўзбекистонга давлат ташрифи чоғида эришилган келишувларни тўлиқ амалга оширилишини таъминлашдан иборатдир.
Ўзбекистон Республикаси глобал муаммоларни ҳал этишда муҳим рол ўйнайдиган, яқин минтақавий қўшни Хитой билан стратегик ҳамкорликни кучайтириш тарафдори. Хитой билан муносабатларни ривожлантириш 2012-йил 6-июндаги Стратегик ҳамкорликни ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларация, 2013-йил 9-сентабрдаги икки томонлама стратегик ҳамкорликни янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш тўғрисидаги декларацияси ҳамда 2017-йил 12-майдаги Ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш тўғрисида қўшма баёнотга асосланган. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев 2019-йил 24-27-апрелда “Бир макон, бир йўл” Иккинчи халқаро форум доирасида илгари сурган ташаббус ва таклифларни тўлиқ ва ўз вақтида амалга ошириш икки мамлакат манфаатларига мос келади.
Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири, Америка Қўшма Штатлари билан 2002-йил 12-март ойида имзоланган Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида Стратегик шерикчилик ва ҳамкорликнинг асослари тўғрисидаги декларацияси асносида ўзаро манфаатли ва конструктив ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантиришдан иборатдир. Ўзбекистон АҚШ билан мамлакатда амалга оширилаётган фуқаролик жамияти асосларини мустаҳкамлаш ва халқ турмуш даражасини яхшилашга қаратилган модернизация жараёни ва ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш мақсадида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий-технологик ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор. Икки томонлама ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, трансмиллий таҳдид ва хатарларга қарши курашга кўмаклашишдан иборатдир.
Ўзбекистон Европа Иттифоқи ва Европа давлатлари билан ҳар тарафлама манфаатли ҳамкорликка муҳим аҳамият беради. Европа мамлакатлари билан ҳамкорликни асосий соҳалари савдо-сотиқни ривожлантириш, инвестиция ва молия, замонавий технологиялар трансфери, илм-фан, техника, таълим, экология, соғлиқни сақлаш, маданият ва минтақавий хавфсизлик кабилар ҳисобланади. Ўзбекистон асосий эътиборини Европанинг илғор давлатлари, хусусан Германия, Франция, Буюк Британия, Белгия, Италия, Испания, Латвия ва бошқа давлатлар билан икки томонлама ҳамкорликни янада юқори даражага чиқаришга алоҳида эътибор беради.
Республикамиз кўп асрлик умумий тарих, ягона тил ва дин, умумий қадриятлар ва ўхшаш урф-одатларга эга бўлган Туркия давлати билан дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган сиёсатни изчил давом эттиради. Мамлакатимиз Туркия билан ҳар тарафлама манфаатли ҳамкорликни, жумладан савдо-сотиқ, инвестиция ва туризм каби соҳаларда ривожлантиради.
Осиё-Тинч океани ҳудуди мамлакатлари, хусусан Корея Республикаси ва Япония билан ҳамкорлик Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири бўлиб қолади. Ўзбекистон ушбу давлатлар билан инвестиция, савдо-сотиқ, юқори технологиялар, маданий-гуманитар соҳаларидаги кенг қамровли ҳамкорликни давом эттиради.
Ўзбекистон Жанубий-Шарқий Осиёдаги мамлакатлар – Малайзия, Индонезия, Сингапур, Ветнам каби давлатлар билан ҳамкорлигини ривожлантиради.
Ўзбекистон Жанубий Осиё мамлакатлари, хусусан Ҳиндистон ва Покистон билан савдо-сотиқ, транспорт-коммуникация, туризм каби соҳаларда ҳар тарафлама ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришни қўллаб қувватлайди.
Ўзбекистон мусулмон дунёси давлатлари билан ўзаро манфаатли алоқаларни иқтисодиёт, транспорт коммуникацияси, молия, инвестиция ва сайёҳлик соҳаларида, шу жумладан, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Ислом тараққиёт банки доирасида фаол ривожлантириш ва мустаҳкамлашдан манфаатдор.
Ўзбекистон БМТ ишида фаол иштирок этишни давом эттиради ҳамда уни халқаро тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга, тезкор глобаллашув жараёнида давлатларнинг барқарор ривожланишида кўмаклашишга масъул бўлган ягона универсал ташкилот сифатида кўради.
Мамлакатимиз Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ташкилотлати билан ушбу тузилмаларнинг механизмларидан замонавий муаммолар ва таҳдидларга қарши курашишда, кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантиришда самарали фойдаланиш мақсадида ўзаро шерикчиликни янада ривожлантиради.
Ўзбекистон халқаро молия институтлари билан, шу жумладан, Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё инфратузилма инвестициялари банки ва Европа инвестиция банклари билан энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги, уй-жой қурилиши, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича янги лойиҳаларни амалга оширишда ҳамкорликни фаоллаштириш учун барча саъй-ҳаракатларни олиб боради.
Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси дунёнинг 130 дан ортиқ давлатлари билан дипломатик алоқалар ўрнатган. Тошкентда 44 та чет эл элчихоналари, 1 та бош консуллик, 8 та фахрий консуллар, 17 та халқаро ташкилотлар ваколатхоналари, 13 та хорижий халқаро ҳукуматлараро ва ҳукумат ташкилотлари ваколатхоналари, 1 та дипломатик мақомга эга савдо ваколатхонаси фаолият кўрсатмоқда.
Хорижий мамлакатларда ва халқаро ташкилотларда Ўзбекистон Республикасининг 55 та дипломатик ва консуллик ваколатхоналари мавжуд. Ўзбекистон 100 дан ортиқ халқаро ташкилотларнинг аъзоси бўлиб, мамлакатимиз турли хил кўп томонлама ҳамкорлик тузилмалари билан ўзаро шерикчилик алоқаларини ривожлантиради.