Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Вазирлар Маҳкамасининг аппарати

Аппарат Ҳукумат фаолиятини ҳуқуқий, ташкилий-техник, ахборот-таҳлилий ва баённома жиҳатдан таъминлайди, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларини, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлайди, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифаларини амалга оширишга қаратилган «йўл хариталари», жадваллар, ҳаракатлар дастурлари, амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқади.

Аппарат ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири (кейинги ўринларда Бош вазир деб аталади) раҳбарлигида амалга оширади.

Аппарат унга юкланган вазифаларни бажаришда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг аппаратлари, суд ҳокимияти ва судьялар ҳамжамияти органлари, шунингдек, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.

Қуйидагилар аппаратнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

  • мавжуд камчиликларни бартараф этиш, шунингдек, «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» деган асосий принципни ўз вақтида, аниқ ва тўлиқ ҳажмда амалга ошириш;
  • давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Конституциясида, «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида, Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунларида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатларида белгиланган Ҳукуматнинг ваколатлари амалга оширилишини таъминлаш;
  • мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш тенденцияларини комплекс таҳлил қилишни, макроиқтисодий кўрсаткичлар динамикасининг, таркибий ва институционал қайта ўзгартиришларнинг, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ижросининг тизимли мониторинги олиб борилишини таъминлаш;
  • макроиқтисодий барқарорликни, иқтисодиёт тармоқлари ва секторларида бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштиришни, ҳудудларни комплекс ривожлантиришни, тадбиркорликни кенг ривожлантириш, аҳоли бандлиги ва ҳаёти даражасини изчил ошишини таъминлайдиган энг муҳим устувор вазифалар бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ишларини мувофиқлаштириш;
  • марказий иқтисодиёт идоралари ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда хорижий экспертларни жалб этган ҳолда давлат дастурлари, шунингдек, иқтисодиёт тармоқлари ва мамлакат ҳудудларида иқтисодий, ижтимоий ва маъмурий ислоҳотларнинг амалга оширилишининг тизимли таҳлилини ташкил этиш;
  • иқтисодиёт тармоқларини ва ижтимоий соҳани стратегик ривожлантириш, давлат ва ҳудудий ривожлантириш дастурларининг амалга оширилиши устидан мониторинг тизимини яратиш;
  • мамлакатни ривожлантиришнинг стратегик мақсадларидан ва унинг иқтисодий хавфсизлигидан келиб чиқиб, республиканинг хорижий давлатлар, давлатларнинг минтақавий бирлашмалари, халқаро иқтисодий ташкилотлар ва молиявий институтлар билан ташқи иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш, хорижий инвестицияларни жалб этиш ва республиканинг экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган ташқи иқтисодий ҳамкорлиги бўйича устувор вазифалар юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;
  • норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг сифатли ва ҳар томонлама иқтисодий, молиявий ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказилишини, шунингдек, қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қўлланилишини мониторинг қилиш жараёнининг ажралмас қисми сифатида уларнинг тартибга солиш таъсирини баҳолашнинг комплекс тизими амал қилишини таъминлаш;
  • Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматнинг ҳужжатлари ва топшириқлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг республика ҳудудларига ташрифлари якунлари бўйича тасдиқланган баённомалар, Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида ўтказилган мажлислар баённомалари, олий ва юқори даражалардаги ташрифлар якунлари бўйича амалий тадбирлар режалари («йўл хариталари»), шунингдек, ривожлантиришнинг мақсадли давлат дастурлари амалга оширилиши ижроси устидан тизимли ва таъсирчан назоратни таъминлаш;
  • юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали ва натижали ижро этилишида Ҳукумат аъзолари, ижро этувчи ҳокимият бошқа органлари раҳбарлари, барча даражалардаги ҳокимларнинг шахсий роли ва масъулиятини ошириш бўйича таклифлар тайёрлаш;
  • идоравий мансуб ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилишнинг аниқ тизимини жорий этиш орқали вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг бириктирилган соҳада давлат сиёсати самарали ва сифатли амалга оширилишида, шу жумладан молиявий ресурсларни бошқариш масалаларида мустақиллигини ошириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;
  • Вазирликлар, давлат қўмиталари ва бошқа давлат бошқаруви органлари фаолияти самарадорлигини ҳамда мақсадли вазифаларга эришишларини баҳолашнинг асосий мезонларида (кейинги ўринларда Асосий мезонлар деб аталади) кўрсатилган мақсадли вазифаларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани стратегик ривожлантиришнинг яқин, ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган дастурларини амалга ошириш сифати ва самарадорлигини ошириш;
  • ҳудудларни, энг аввало, иқтисодий ва ижтимоий ривожланишда орқада қолаётган қишлоқ туманлари ва шаҳарларни ривожлантиришнинг истиқболли вазифаларини самарали ҳал этиш бўйича давлат бошқаруви ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг мувофиқлаштирилган ишини таъминлаш;
  • давлатнинг иқтисодий фаолиятдаги иштироки тартиби ва даражасини аниқ регламентлаш орқали иқтисодиёт тармоқларига маъмурий таъсир кўрсатишни янада қисқартириш ва бошқарувнинг бозор механизмларини кенгайтириш, «хуфёна иқтисодиёт»нинг олдини олиш, пасайтириш ва тизимли қарши курашиш юзасидан комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича таклифлар тайёрлаш ишларини мувофиқлаштириш;
  • ижро интизомининг юқори даражада бўлишини таъминлаш, кўп сонли йиғилишлар, ортиқча ёзишмалар ва самарасиз хизмат сафарлари амалиётига чек қўйиш чора-тадбирларини кўриш;
  • ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини мавжуд муаммоларнинг сабаблари ва шароитларини бартараф этишга, ишни ташкил этишнинг замонавий усулларини жорий этишга доир комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга қайта йўналтириш мақсадида айрим давлат функцияларини хусусий субъектларга бериш орқали ортиқча маъмурий тартибга солишни камайтириш бўйича таклифлар тайёрлаш ишларини мувофиқлаштириш;
  • давлат бошқарувини номарказлаштириш, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг молиявий имкониятлари, роли ва жавобгарлигини кенгайтириш, марказий ва ўрта бўғин бошқарув ходимлари сонини ихчамлаштириш орқали бошқарувнинг вертикал тизими механизмларини ва ижро этувчи ҳокимият органларининг ўзаро ҳамкорлигини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш ишларини мувофиқлаштириш;
  • вазирликлар, давлат қўмиталари, Ҳукумат тузилмасига кирувчи идоралар, шунингдек, хўжалик бошқаруви органларини янада ихчамлаштириш ва фаолиятини такомиллаштиришни назарда тутувчи таклифлар тайёрлаш ишларини мувофиқлаштириш;
  • аппарат таркибий бўлинмалари раҳбарларининг Ўзбекистон Республикаси Президентига киритиладиган таклифлар ва ҳужжатлар лойиҳаларининг асосланганлиги, берилган топшириқлар ва қабул қилинган қарорлар амалга оширилиши самарадорлиги, шунингдек, тегишли фаолият соҳаларидаги эришилган натижалар учун шахсий масъулиятини ошириш бўйича чоралар кўриш;
  • аппарат таркибий бўлинмалари раҳбарлари ва мутахассисларининг профессионал даражасини оширишни таъминлаш.

Аппаратнинг устувор вазифалари ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасидан келиб чиққан ҳолда ҳам белгиланади.

Аппарат унга юкланган вазифаларни ўзининг таркибий бўлинмалари орқали ҳал этади.

Аппарат ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:

  • Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунларига, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқларига мувофиқ Вазирлар Маҳкамасига юкланган вазифаларни бажариш юзасидан аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва амалга оширади;
  • Ўзбекистон Республикаси Президенти, Бош вазир, унинг ўринбосарлари ва маслаҳатчилари топшириқлари бўйича тегишли таҳлилий маълумотнома, статистик материаллар ва таклифларни умумлаштиради ва тайёрлайди, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасида кўриб чиқиш талаб қилинадиган масалаларни ҳар томонлама ишлаб чиқади;
  • Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини ҳуқуқий, ташкилий-техник, ахборот-таҳлилий ва баённома жиҳатидан таъминлайди;
  • давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан Вазирлар Маҳкамасида кўриб чиқилиши талаб этиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ва бошқа ҳужжатлар лойиҳалари Ҳукуматга киритилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасининг регламентлари талаблари бажарилишини таъминлайди;
  • Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва Ўзбекистон Республикаси Президентига кўриб чиқиш учун киритиладиган ва Ҳукумат томонидан қабул қилинадиган бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг сифатли ва ҳар томонлама иқтисодий, молиявий ва ҳуқуқий экспертизасини, шунингдек, тартибга солиш таъсирини баҳолашни амалга оширади;
  • давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматнинг ҳужжатлари ва топшириқлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг республика ҳудудларига ташрифлари якунлари бўйича тасдиқланган баённомалар, Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида ўтказилган йиғилишлар баённомалари, олий ва юқори даражалардаги ташрифлар якунлари бўйича амалий тадбирлар режалари («йўл хариталари») бажарилиши устидан тизимли назоратни ташкил этади, уларнинг бажарилишини таъминлаш юзасидан ташкилий чора-тадбирларни ишлаб чиқади;
  • муаммоли масалаларни ҳал қилиш ва иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларини, шунингдек, республика ҳудудларини динамик ривожлантиришнинг истиқболдаги вазифаларини амалга ошириш юзасидан таклифлар ва аниқ (олдини олувчи) чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва Бош вазирнинг маслаҳатчиларига, Бош вазирнинг ўринбосарларига ва Бош вазирга тақдим этади;
  • ижро интизоми даражасини ошириш, кўп сонли йиғилишлар амалиётига, ортиқча ёзишмалар ва самарасиз хизмат сафарларига барҳам бериш чора-тадбирларини амалга оширади;
  • иқтисодий ва ижтимоий соҳанинг энг муҳим устувор йўналишлари, давлат дастурлари амалга оширилиши, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматнинг ҳужжатлари ва топшириқлари бажарилиши бўйича замонавий ахборот-коммуникация технологиялари асосида тегишли тизимлаштирилган маълумотлар базасини шакллантиради ва юритади;
  • Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларини, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Бош вазир, унинг ўринбосарлари ва маслаҳатчилари иштирокидаги йиғилишлар ва бошқа тадбирлар ўтказилишини таъминлайди, қабул қилинган қарорлар амалга оширилишини назорат қилади;
  • Вазирлар Маҳкамасининг комиссиялари, кенгашлари ва бошқа идоралараро коллегиал органлари ишини ташкил этади, улар томонидан қабул қилинган қарорларнинг бажарилишини мувофиқлаштиради ва назорат қилади;
  • қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш дастурларини тайёрлайди ва амалга оширилишини таъминлайди, Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган қонун лойиҳалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ва уларнинг қўмиталари билан ўзаро ҳамкорлик қилади, шунингдек, уларни муҳокама қилишда ва (ялпи) мажлисларда қабул қилишда иштирок этади;
  • номзодлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасида кўриб чиқиш ва маъқуллаш жараёнида Бош вазирнинг ўринбосарлари, вазирлар ва давлат қўмиталари раислари лавозимларига номзодларнинг Вазирлар Маҳкамаси ҳаракатлар дастури билан ўзаро боғлиқ бўлган истиқболга мўлжалланган мақсадли кўрсаткичлар ва вазифаларга эришиш борасида ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, ташкилий-техник чора-тадбирларни назарда тутувчи ҳаракатлар режалари билан боғлиқ материаллар тайёрланиши устидан назоратни таъминлайди;
  • Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Ўзбекистон Республикаси Президентининг Мурожаатномасидан келиб чиқадиган тегишли йилга давлат дастури бажарилиши тўғрисида кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига тақдим этиш учун Бош вазир ва Ҳукумат аъзоларининг ҳар чораклик ҳисоботлари билан боғлиқ материаллар тайёрланишини таъминлайди;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига йўлланган мурожаатларини «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ кўриб чиқади;
  • махфийлик тартиботини, давлат сири бўлган маълумотлар ҳамда қонун билан муҳофаза қилинадиган бошқа ахборотларнинг ҳимоя қилинишини таъминлайди;
  • жамоатчиликнинг Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати фаолияти тўғрисида белгиланган тартибда хабардор қилинишини ташкил этади;

Аппарат қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга оширади.

Аппаратнинг тузилмаси қуйидагиларни ўз ичига олади:

а) аппарат бошқарувчиси, унинг ўринбосарлари ва Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисидаги ваколатли вакили;

б) аппаратнинг таркибий бўлинмалари:

Бош вазирнинг котибияти;

Бош вазирнинг протокол хизмати;

Бош вазирнинг матбуот хизмати;

Ҳарбийлаштирилган тузилмалар фаолиятини молиявий ва моддий-техник таъминлаш бўлими;

Бош вазир ўринбосарларининг котибиятлари;

Бош вазир маслаҳатчиларининг департаментлари;

Аппарат бошқарувчиси, унинг ўринбосарлари котибиятлари;

Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисидаги Ваколатли вакили котибияти;

Юридик таъминлаш бошқармаси;

Хўжалик фаолияти бошқармаси;

Умумий бўлим;

Ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўлими;

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўлими;

Назорат ва ижро интизоми бўлими;

Биринчи бўлим;

Кадрлар бўлими.

Аппаратнинг тузилмаси ва ходимларининг чекланган сони Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тасдиқланади.