Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Президентлигига номзод Наримон Умаров сайловда овоз берди
2016-12-04 | Сайлов
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаров 4 декабрь куни Тошкент шаҳридаги 550-сайлов участкасида овоз берди.
Мамлакатимизда демократик тамойиллар асосида ижтимоий-иқтисодий муносабатларни фақат қонунчилик йўли билан мувофиқлаштириш, аҳолининг турмуш сифати ва даражасини янада оширишга қаратилган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Қонун устуворлиги ва ижтимоий адолатни таъминлаш, иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш орқали соҳага инновацияларни жорий қилиш, кадрларни мақсадли тайёрлаш, илм-фанни ривожлантириш, фуқаролик жамияти институтларининг ролини янада ошириш борасида олиб борилаётган ишлар дунё миқёсида эътироф этилмоқда.
Миллий қонунчилигимизда халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи экани акс этган. Ўзбекистон халқини миллатидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил этади. Фуқароларнинг давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эга экани Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилган. Зеро, сайловлар кучли фуқаролик жамиятига асосланган демократик ҳуқуқий давлатнинг ажралмас белгиси, халқнинг ўз хоҳиш-иродаси эркин ифодаланиши, жамият ва давлатни бошқаришда фуқаролар иштирокининг асосий шаклидир. Юртимиз келажаги, унинг янада тараққий топиши сайловларнинг энг юксак демократик талаблар ва умумэътироф этилган халқаро стандартларга мос, Бош қомусимизда мустаҳкамланган қоидалар асосида ўтишига, сайловчиларнинг фаоллиги ва улар қабул қиладиган қарорга боғлиқ.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови мамлакатимизнинг бугуни ва келажаги учун муҳим сиёсий воқеадир. Бу жараён миллий қонунчилигимиз ва халқаро меъёрларга тўла мос ҳолда, ошкоралик, тенглик, кўппартиявийлик асосида ўтмоқда. Унда ҳар бир сайловчи ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиб, халқимиз фаровонлиги, юртимиз тинчлиги, Ватанимизнинг буюк келажаги учун овоз бермоқда.
Манба: ЎзА