Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Ҳукумат соати”да Олий таълим, фан ва инновациялар вазири депутатларнинг саволларига жавоб берди
2023-02-16 | Таълим
2023 йил 15 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида навбатдаги “Ҳукумат соати” бўлиб ўтди. Унда халқ вакиллари “Педагогика олийгоҳларида замонавий педагогларни тайёрлаш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида”ги масалани муҳокама қилишди.
Мазкур масала юзасидан депутатларнинг саволларига Олий таълим, фан ва инновациялар вазири И.Абдураҳмонов жавоб берди.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда юртимизда педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасаларини тизимли ривожлантириш ва уларда бошқарув фаолиятини такомиллаштириш, илғор хорижий тажрибаларни жорий қилган ҳолда замонавий таълим дастурларини ишлаб чиқиш, юқори малакали профессионал кадрлар тайёрлашни янги босқичга кўтариш, педагогика соҳасида таълим, илм-фан ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар қилинмоқда.
“Ҳукумат соати”да депутатлар педагогика олийгоҳларида педагогларни тайёрлаш методикаси замонавий таълим-тарбия талабларига уйғун олиб борилаётгани билан қизиқди.
И. Абдураҳмонов қайд этганидек, бугунги кунда мамлакатимизда 14 та педагогика олийгоҳида 27 та таълим йўналиши бўйича педагог кадрлар тайёрланяпти. Мазкур таълим муассасаларида педагогларни тайёрлаш методикаси замонавий таълим-тарбия талабларига мувофиқ олиб борилмоқда. Жумладан, 2022/2023-ўқув йили учун таълим йўналишлари ва мутахассисликларининг 59 та ўқув режа ва 1004 та фан дастури мазмуни тўлиқ қайта кўриб чиқилди ва халқаро талаблар асосида такомиллаштирилди.
Шунингдек, ўқув режалар ва фан дастурларини тайёрлашда хорижий олий таълим муассасаси мутахассислари эксперт ҳамда фан дастурларига ҳаммуаллиф сифатида жалб этилди. Ўқув режа ва фан дастурлари Таълимнинг халқаро стандарт классификацияси (MCKO+2011) ва ҳалқаро баҳолаш дастурлари (PISA, TIMSS, PIRLS, TALIS)га мувофиқлаштирилди.
Педагог кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасасида таҳсил олаётган 2-4 босқич талабаларининг малакавий амалиётини ўташлари учун Президент, ижод ва ихтисослаштирилган, умумтаълим ва махсус мактабларда, мактабгача таълим ташкилотларида “4+2” тартибда амалиёт ташкил этилмоқда. Бу ўз навбатида, таълим-тарбия ҳамда назария ва амалиётнинг уйғунлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Депутатлар соҳада олиб борилаётган ишларни эътироф этиб, жаҳон тажрибасида узоғи билан уч йилда педагогларни тайёрлашга эришилаётган бир пайтда, педагогларни тайёрлаш учун тўрт йиллик таълим дастури асослими, деган савол билан вазирга юзланди.
Вазир И.Абдураҳмонов таъкидлаганидек, олий маълумотли педагог мутахассислар тайёрлаш жараёнини оптималлаштириш натижасида 2020/2021-ўқув йилидан мусиқа, жисмоний маданият, технологик таълим, чақириққача ҳарбий таълим, тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси, мактабгача таълим, мактабгача ва бошланғич таълимда жисмоний тарбия ва спорт каби таълим йўналишларининг ўқиш муддати уч йил этиб белгиланган.
Педагогика соҳасининг бошқа таълим йўналишларига давлатимиз раҳбарининг “2022-2026 йилларда халқ таълимини ривожлантириш бўйича миллий дастурни тасдиқлаш тўғрисида” Фармони кўра, 2022/2023-ўқув йилидан ўқув дастурлари ўзаро яқин бўлган бакалавриат таълим йўналишлари бўйича асосий ва қўшимча мутахассислик (квалификация) бериш, хусусан, жорий ўқув йилида 4 та таълим йўналиши: Математика ва информатика (қўшимча информатика фани ўқитувчиси), Педагогика (қўшимча тарбия фани ўқитувчиси), Биология (қўшимча табиий фанлар ўқитувчиси), Махсус педагогика: сурдопедагогика (қўшимча сурдотаржимон) бўйича асосий ва қўшимча мутахассислик (квалификация) бериш тартиби жорий қилинди.
Шунингдек, асосий ва қўшимча мутахассислик (квалификация) бериш бўлажак педагог кадрларни педагогик фаолиятларини самарли ташкил этишда катта хизмат қилади. Шундан келиб чиқиб педагогларни тайёрлаш учун тўрт йиллик таълим дастури асосли деб ҳисоблаймиз.
“Ҳукумат соати”да халқ вакиллари умумий ўрта таълим мактабларида Тарбия дарсликларини ўқитиш учун махсус педагогик, психологик кўникмаларга эга педагогларни тайёрлаш борасида олиб борилаётган ишлар билан қизиқдилар.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазири айтиб ўтганидек, 2022/2023-ўқув йилидан ўқув дастурлари ўзаро яқин бўлган бакалавриат таълим йўналишлари бўйича асосий ва қўшимча мутахассислик (квалификация) бериш тартиби жорий этилди.
Хусусан, Педагогика ва психология таълим йўналиши негизида 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб Педaгогикa (қўшимчa тaрбия) таълим йўналиши ташкил этилди. Бўлажак тарбия фани ўқитувчилари учун олий тълим муассасаси профессор-ўқитувчилари томонидан “Педагогика назарияси ва тарихи”, “Креатив педагогика”, “Ижтимоий педагогика”, “Миллий тарбия”, “Тарбия диагностикаси ва коррекцияси” ва “Умумий ўрта таълим мактабларида Тарбия фанини ўқитиш методикаси” мутахасислик фанларидан янги авлод ўқув адабиётлари яратилмоқда.
Бундан ташқари, Тарбия ўқитувчиларини тайёрлаш учун “Умумий ўрта таълим мактабларида Тарбия фанини ўқитиш методикаси” фани бўйича ўқув адабиётлар яратилди. Ушбу ўқув адабиётларида бир қатор таълим технологиялари ва методика хамда уни ўқитиш учун махсус педагогик, психологик кўникмаларга эга бўлажак педагогларни тайёрлашда ситуатив таълим, бадиий педагогика, буктрейлер, витаген таълим, эвент таълим имкониятларидан фойдаланиб дарс ўтишлари учун тавсиялар бериб ўтилган.
Креатив ёндашув асосида метод ва технологияларни танлаш, миллий менталитетга мослигини таъминлаш, таълим-тарбия жараёнини ташкил этишнинг замонавий ва ёрдамчи шаклларидан унумли фойдаланишга ҳамда касбий компетенцияларини ривожлантиришга қаратилган маъруза ва амалий машғулотлар олиб борилмоқда.
Савол-жавобларга бой бўлган “Ҳукумат соати”да депутатлар соҳа истиқболига қаратилган бир қатор таклиф ва тавсиялар беришди.
Муҳокамалар сўнггида кун тартибидаги масала юзасидан самарали парламент назоратини таъминлашга келишиб олинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси