Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

“Ўзбекистон – 2035" халқаро форуми: тараққиёт шартлари муҳокама қилинмоқда​

2019-02-06 | Сиёсат

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида 5 февраль куни “Ўзбекистон – 2035” иккинчи халқаро форуми ўз ишини бошлади.

Мазкур форум Ўзбекистонни 2035 йилгача ривожлантириш стратегияси лойиҳасининг муҳим иқтисодий ва сиёсий йўналишларини муҳокама этишга бағишланган бўлиб, унда депутатлар, вазирлик ва идоралар, илмий-таълим муассасалари, халқаро ташкилотлар вакиллари, "Буюк келажак" экспертлар кенгаши аъзолари қатнашмоқда.
 
Форумнинг илк ялпи мажлисида Ўзбекистонни 2035 йилгача ривожлантириш стратегияси концепцияси лойиҳасининг асосий йўналишлари кўриб чиқилди.
 
– Стратегия лойиҳаси 2020-2025, 2030, 2035 йилларга мўлжалланган учта босқичда амалга оширилиши белгиланган, – дейди “Навоий” эркин иқтисодий зонаси директори, "Рикор” (Россия) технопарки бош директори Ҳабиб Абдуллаев. – Биринчи босқич стратегик ривожланиш мақсадлари учун фаол инвестициялар, яъни иқтисодий ривожланишга кучли туртки бўла оладиган инвестицияларни жалб қилишни ўз ичига олган. Иккинчи босқичда мамлакатнинг иқтисодий ва технологик салоҳияти рўёбга чиқарилади. Сўнгги босқичда етук бозор иқтисодиётига ўтилади. Бу пайтга келиб Ўзбекистонни жаҳондаги иқтисодиёти ривожланган 50 та етакчи мамлакат қаторига киритишга эришилади. 
 
Жаҳон банки 2016 йилда эълон қилган “Doing business” рейтингида Ўзбекистон 64 поғона юқорилаб, 42-ўринни қайд этган эди. Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари жаҳондаги бошқа етакчи халқаро рейтинг агентликлари томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Мисол учун, нуфузли “Fitch Ratings” ва “Standart & Poor's” рейтинг агентликлари биринчи марта юртимизнинг халқаро суверен кредит рейтингини белгилади. Буларнинг барчаси Ўзбекистон иқтисодиёти жадал суръатлар билан ривожланишига шубҳа билан қаровчи скептикларнинг ҳам фикрини ўзгартириб юборди. 
 
Ялпи сессиядан сўнг форум иштирокчилари стратегиянинг давлат бошқарувини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик саноати, банк тизими, саноат, транспорт, қурилиш ва инфратузилма, туризм, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий сиёсат, инсон капитали, экология, илм-фан, технология ва инновациялар каби йўналишлари бўйича ишчи гуруҳларга бўлиниб, муҳокамаларни шуъба йиғилишларида давом эттирди.
 
– Ҳозирги пайтда бор куч, сармояни инсон капиталини ривожлантиришга сарфламасдан тараққиётга эришиб бўлмайди, – дейди “Буюк келажак” экспертлар кенгаши аъзоси Малика Шарипова. – Эътибор беринг, Америка Қўшма Штатларида 3 ёшдан 22 ёшгача бўлган ҳар бир фуқаронинг таълим олиши учун давлат бир йилда 231 минг доллар, Жанубий Корея 130 минг доллар сарфлайди. Шу тарзда мазкур мамлакатларда бир ишчи кучини шакллантиришга кетган харажат ўзини 13-17 карра оқламоқда. Бизда бу кўрсаткич 19 минг долларни ташкил этиб, сармоялар ўзини бор-йўғи 4 баравар қопламоқда. 
 
Таҳлилларга кўра, жаҳонда саноат ривожланишининг янги босқичида кўплаб иш ўринлари автоматлаштириш ва рақамли технологиялар билан боғлиқ бўлади. Ҳозир ҳаттоки ривожланган мамлакатларда ҳам ишчиларнинг атиги 25 фоизи керакли малакага эга, холос. Шу боис ҳам ривожланган мамлакатлар бор эътиборини фуқароларининг билим олишига, малакасини доимий равишда оширишига қаратмоқда.
 
Келгуси 5 йил ичида жаҳонда барча меҳнат турларининг 7 фоизи автоматлаштирилиши тахмин қилинмоқда. Бу келажакда 57 фоиз ишчи-хизматчи ишсиз қолади, дегани. 2035 йилга бориб Ўзбекистонда ҳам худди шундай вазият юзага келиши эҳтимоли бор. Ҳисоб-китобларга кўра, 2035 йилгача мамлакатимизда 20,7 миллион меҳнатга лаёқатли кишини иш билан таъминлаш эҳтиёжи юзага келади. Бунга ҳозирданоқ тайёргарлик кўриш учун, аввало, жисмоний шахслар, компаниялар ҳар бир кишига мос келадиган коллектив ва оқилона ечимларни топиши зарур. 
 
Инсон капиталини ривожлантириш тизими одамларнинг ўзига ишончини ошириш учун ўзларини қайтадан кашф этишга имкон берадиган ва кучайтирадиган платформаларни яратиш демакдир. Шундай экан, тизимда янгича ўйлаш, юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни кўра билиш, инсон қобилиятини кучайтиришга қаратилган дастурлар ва моделларни ишлаб чиқиш ва янги ғоялар талаб этилади. 
 
Форумнинг экология, илм-фан, технология ва инновация масалаларига бағишланган шуъба мажлисида Ўзбекистоннинг узоқ муддатли ривожланиш стратегияси концепцияси лойиҳасининг атроф-муҳитга бағишланган тавсия ва таклифлари қизғин муҳокама қилинди.
 
Қайд этилганидек, мамлакатимизда яқин йилларда аҳоли, иқтисодиётнинг ўсиши ва иқлим ўзгариши асосий табиий ресурсларга бўлган босимни оширади. Жумладан, сув, озиқ-овқат, экин майдонлари ва энергияга бўлган талаб ошиб боради. Шундай экан, кутилаётган вазиятда Ўзбекистон иқлим ўзгаришига қандай мослашиши керак?
 
“Буюк келажак” экспертлар кенгаши аъзоси, Кембриж университети (Буюк Британия) лабораторияси менежери Темур Юнусовнинг қайд этишича, иссиқхона газларининг ортиши, ўртача йиллик ҳарорат кўтарилиши, шунингдек, унумдор тупроқларда чўлланиш жараёнлари ва бошқа иқлим ўзгаришлари Ўзбекистон олдига, аввало, қишлоқ хўжалиги соҳасини тубдан ўзгартириш талабини қўяди.
 
“Ўзбекистон – 2035” иккинчи халқаро форуми очилишида Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.Абдувоҳидов сўзга чиқди.
 

Малоҳат ҲУСАНОВА, Оқил ҒУЛОМОВ олган суратлар, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться