Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистонга Голландиядан 36 тонна заъфарон (шафран) туганак пиёзлари келтирилди
2017-08-26 | Иқтисодиёт
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига сафари чоғида Ўзбекистон флораси доривор гиёҳларга бой эканини, хусусан, заъфарон ўсимлигидан қадимдан халқ табобатида кенг фойдаланиб келинганини таъкидлаб, соҳа мутахассисларига бундай ўсимликлар турини кўпайтириш ва плантацияларни кенгайтириш бўйича тавсиялар берган эди.
Айни вақтда Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси "Brand Investment Group" масъулияти чекланган жамияти билан ҳамкорликда заъфарон плантацияларини ташкил этишни бошлади.
– Заъфарон ўсимлиги иссиқлик ва ёруғликни севади, – дейди давлат қўмитаси бош мутахассиси Мансурбек Сатимбоев. – Бу ўсимлик юртимиз тупроқ-иқлим шароитига тўлиқ мос бўлиб, уни Фарғона водийси, Тошкент, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё, Навоий ва Жиззах вилоятларида етиштириш имконияти мавжуд. Бу ўсимликнинг биологияси ва етиштириш агротехникасини яхши ўрганиб, фермерларни жалб этсак, даромадли соҳага асос солинади. Зеро, бир гектар плантациядан биринчи йил ўртача 4 килограмм, иккинчи йили 7-8, кейинги йилларда 15-16 килограмм ҳосил олинади. Жаҳон бозорида 1 килограмм хомашёнинг нархи 400 доллардан 1000 долларгача баҳоланади. 1 килограмм гули 2500 дан 5000 долларгача сотилади.
Улуғ алломамиз Абу Али ибн Сино заъфарон ичиш рангни чиройли, кўзни равшан, юракни қувватли, нафас аъзоларини соғлом қилишини ёзиб қолдирган.
Мамлакатимизда заъфарон етиштириш ва плантацияларини ташкил этиш фармацевтика, парфюмерия ва озиқ-овқат саноатини маҳаллий хомашё билан таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Манба: ЎзА