Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўқитувчилар форуми

2017-03-25 | Таълим

Пойтахтимизда “Ижтимоий фанларни ўқитиш ва маънавий-маърифий ишларни такомиллаштиришда ўқув-тарбия жараёнининг сифат ва самарадорлиги: муаммолар ва ечимлар” мавзуида ижтимоий фанлар ўқитувчиларининг форуми ўтказилди. Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳридан 250 нафар ўқитувчи, методист, ҳудудий халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтлари ҳамда олий таълим муассасалари олимлари қатнашди. 

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишидан бири мамлакатимизда ижтимоий соҳани ривожлантиришга қаратилгандир. Мазкур йўналиш таълим ва фан соҳасини ривожлантириш, ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш каби муҳим вазифаларни ўз ичига олган бўлиб, узлуксиз таълим тизимини янада такомиллаштириш, сифатли таълим хизматлари имкониятларини ошириш, меҳнат бозорига замонавий эҳтиёжга мос юқори малакали кадрларни тайёрлаш каби кенг қамровли чора-тадбирларни амалга оширишни кўзда тутади. 

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур форум ана шундай тадбирлар сирасига кириб, мамлакатимизда ўтган йиллар давомида ижтимоий фанлар таълимини такомиллаштириш йўналишида олиб борилган ишларни сарҳисоб қилиш, таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, эришилган ютуқлар, кенг кўламли ислоҳотларнинг туб моҳияти ва аҳамиятини тарғиб қилишга хизмат қилади. 

Форум тарих, давлат ва ҳуқуқ асослари, иқтисодий билим асослари, одобнома, Ватан туйғуси, миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари фанларини ўқитиш йўналишлари бўйича ялпи ва шўъба йиғилишлари тарзида ўтказилди. Уларда мустақиллик йилларида мазмунан тўлиқ янгиланган ижтимоий фанларни ўқитиш борасидаги ишлар таҳлил қилиниб, долзарб масалаларни ўрганиш белгилаб олинди. Инновацион таълим технологиялари асосида давлат ва ҳуқуқ асослари дарсларини қизиқарли ташкил этиш, иқтисодий билим асослари фани орқали ўқувчиларнинг иқтисодий маданиятини шакллантириш, ўқувчиларда тарихий тафаккурни ҳосил қилишда замонавий педагогик технологиялардан самарали фойдаланиш, миллий истиқлол ғояси: асосий тушунча ва тамойиллар туркумига кирувчи фанларда замонавий дарсларни ташкил этиш методикаси кўриб чиқилди. 

– Ёш авлод дунёқарашини кенгайтириш, уларни Ватанга муҳаббат, садоқат руҳида тарбиялашда ижтимоий фанларнинг аҳамияти беқиёс, – дейди Республика таълим маркази бўлим бошлиғи Наргиза Исматова. – Миллий анъана ва қадриятларимиз, аждодларимиз бой маънавий меросидан ўқувчиларни хабардор этиш, умуман, мазкур фанларни сифатли ўқитиш ўқитувчидан юксак маҳорат, чуқур билим ва малака талаб этади. Форумда ана шундай иш тажрибасига эга фан ўқитувчилари иштирок этди. Улар томонидан ўқитиш сифатини ошириш, ўқувчиларнинг бўш вақтини тўғри ташкил этиш, ёшларда мафкуравий иммунитетни кучайтириш, "Оила – маҳалла – таълим муассасаси" ҳамкорлиги самарадорлигини ошириш борасида илғор тажрибалар тақдим этилди. Масалан, Хоразм вилояти вакиллари ўқувчиларнинг тарихий тафаккурини шакллантиришда виртуал саёҳат дарсларини ташкил этиш юзасидан тақдимот намойиш қилди. 

Форум иштирокчилари пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги 9-умумтаълим мактабида ўтказилган маҳорат дарсларини бевосита кузатиб, таҳлил қилиш, тажриба алмашиш имкониятига эга бўлди. 

– Умумтаълим мактабларида Ватанимиз тарихи алоҳида ўқув фани сифатида бир ўқув йилида 221 соат ўқитилмоқда, – дейди Тошкент шаҳар Яккасарой туманидаги 144-умумтаълим мактаби тарих фани ўқитувчиси Ҳусниддин Тожибоев. – Бугунги кунда бу фанга оид етти тилда 8 номдаги дарсликлар яратилган. Мавзулар даврий кетма-кетликка асосланиб, тарихий воқеаларни ўрганишга қўйилган талаблар асосида ўқувчиларнинг ёши, билим савияси, руҳий-психологик ҳолати, жисмоний ривожланиши даражаларига мослаштирилган. Жаҳон тарихи фани ўқитилишида ҳам бой маънавий, илмий меросимизнинг дунё илм-фани ривожига таъсири масаласига алоҳида урғу берилмоқда. Педагоглар учун сарҳисоб, илғор тажриба ва таклифлар майдони бўлаётган форумда тарих фанини ўқитишга доир янги тавсиялар олдик. Дарс мазмунини бойитувчи қўшимча адабиётлар билан танишдик, мультимедия воситаларидан самарали фойдаланишни ўргандик. 

Тадбир доирасида иштирокчиларнинг пойтахтимиздаги маданий-маърифий масканларга саёҳати ташкил қилинди. 

 
Малоҳат Ҳусанова, ЎзА 

Манба: ЎзА

Поделиться