Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Депутатлар янги қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар
2015-02-21 | Сиёсат
20 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан таклиф этилган кун тартиби тасдиқланганидан сўнг депутатлар жамият ҳаётининг турли соҳаларидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга қаратилган бир қатор янги қонун лойиҳаларини биринчи ўқишда кўриб чиқдилар. Бундан олдин сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳининг мажлислари бўлиб ўтди. Ушбу мажлисларда кун тартибига киритиладиган масалалар дастлабки тарзда кўриб чиқилди. Қонун лойиҳаларини ҳар томонлама муҳокама этиш якунларига кўра, уларни янада такомиллаштиришга қаратилган таклифлар ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Депутатлар ўз ишларини "Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги қонун лойиҳасини муҳокама этишдан бошладилар. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги маърузасида корпоратив бошқарув тизимини ривожлантириш муҳимлигини таъкидлаб, акциядорлар ва, аввало, акцияларнинг миноритар эгалари амалиётнинг кўрсатишича, ўз ҳуқуқларидан тўлиқ фойдаланмаётганлигини, жамиятлар фаолиятига таъсир кўрсатмаётганлигини қайд этган эди.
Ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан тасдиқланган 2014-2015 йилларда инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга, тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар дастурига мувофиқ тайёрланди. Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши акциядорлик жамиятларида корпоратив бошқарувни самарали шакллантириш ва фаол ривожлантиришга ҳамда жамият миноритар акциядорларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилади.
– Ушбу қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти корпоратив бошқарув тизимида принциплар ва ёндашувларни тубдан ўзгартириш, ишлаб чиқариш, ташқи иқтисодий ва инвестиция жараёнлари корпоратив менежментининг замонавий халқаро стандартларини жорий этишдан иборатдир, – дея таъкидлади Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг аъзоси Н.Саидахметова. – Бунда шунга ўхшаш чет эл тажрибаси ҳисобга олинди, боз устига, иқтисодий жиҳатдан ривожланган мамлакатларда, айниқса, саноат ишлаб чиқариши соҳасида мулкчиликнинг бу шакли катта салмоққа эга. Қонун лойиҳаси акциядорларнинг умумий йиғилишида жамиятларни ўртача муддатли ва узоқ муддатли даврда ривожлантириш бўйича аниқ стратегияни тасдиқлашга доир талабларга эга нормаларни қонунчилик йўли билан мустаҳкамлаш, ижро этувчи орган ва кузатув кенгашининг жамиятларни ривожлантириш стратегиясига эришиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги ҳисоботини мунтазам равишда эшитиб боришни назарда тутади. Айниқса, шуниси муҳимки, акциядорлик жамиятларининг йирик акциядорларига (акцияларнинг 25 фоизидан ортиғига эгалик қилувчиларга) ушбу жамиятларнинг миноритар акциядорлари олдида дивидендлар бўйича қарз бўлмаган тақдирда дивидендлар тўлаш тўғрисидаги норма мустаҳкамлаб қўйилади. Киритилаётган тузатишлар жамиятда корпоратив бошқарувни ривожлантиришда, акцияларининг ҳажми кичик ва тарқоқлиги туфайли бугунги кунда амалда бошқариш ҳамда қарорлар қабул қилишдан маҳрум бўлган миноритар акциядорларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини мустаҳкамлашда катта аҳамиятга эга.
– Қонун лойиҳасини тайёрлаш жараёнида биз уни қўмитада давлат бошқаруви органлари, фуқаролик жамиятлари институтлари вакиллари, шунингдек, соҳа мутахассислари ҳамда ҳуқуқшунослар иштирокида кенг муҳокама этдик, – дейди Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг аъзоси Б.Темирханова. – Бунда бошқа қўмиталар ва сиёсий партиялар фракцияларининг ҳуқуқий ҳужжатни янада такомиллаштиришга қаратилган барча фикр-мулоҳазалари инобатга олинди. Шундан келиб чиққан ҳолда, биз қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасида кўриб чиқишнинг кейинги босқичига тайёрлаш юзасидан навбатдаги ҳаракатлар режасини ишлаб чиқдик.
"Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида"ги қонун лойиҳаси катта ижтимоий аҳамиятга эга. Ушбу қонун лойиҳаси "Соғлом бола йили" Давлат дастурига мувофиқ ишлаб чиқилди. Ҳужжатнинг қабул қилиниши фақат сифатли йодли ош тузи билан таъминлаш орқали Ўзбекистон Республикаси аҳолиси орасида йод етишмаслиги касалликларининг олдини олишга ва камайтиришга қаратилган.
Шундан сўнг депутатлар "Хусусий мулк ҳуқуқлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида"ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар. Давлатимиз раҳбари Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисида тадбиркорлик субъектлари ҳамда хусусий мулк эгалари учун ҳуқуқ ва кафолатларни қонунчилик йўли билан ҳимоя қилиш нормаларини кучайтириш зарурлигини таъкидлаган эдилар.
Қонун лойиҳаси хусусий мулкни ҳимоя қилишни ва хусусий тадбиркорлик ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтиришга, шунингдек, хусусий мулк ҳуқуқларини бузганлик учун шахсларнинг жавобгарлигини оширишга қаратилган. Тузатишлар Фуқаролик, Уй-жой, Солиқ кодексларига, "Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида"ги қонунга ҳамда бир қатор бошқа қонун ҳужжатларига киритилмоқда.
– Қонун лойиҳасида хусусий мулкни ҳимоя қилишни ва хусусий тадбиркорлик ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтиришга, шунингдек, хусусий мулкни қонунга хилоф равишда олиб қўйганлик учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини оширишга доир чора-тадбирлар назарда тутилмоқда, – дея таъкидлади Қонунчилик палатаси Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг аъзоси Ш.Мамажонов. – Шунингдек, Фуқаролик кодексида мулкий ҳуқуқнинг бозор қийматини баҳолаш бевосита бундай мол-мулкни олиб қўйишдан олдинги ёки келгусида олиб қўйилиши ҳақидаги хабар мол-мулк ва мулкий ҳуқуқнинг бозор қийматига таъсир қилган пайтга баҳоловчи ташкилот томонидан баҳоланишини назарда тутувчи қўшимча киритиш тартиби белгилаб қўйилмоқда.
Солиқ кодексида шундай норма мустаҳкамланмоқдаки, унга мувофиқ мулкдорлар давлат органлари ва бошқа органларнинг, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга хусусий мулк ҳуқуқини амалга ошириш билан боғлиқ ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги ҳақида мурожаат қилганда судларда давлат божини тўлашдан озод этиладилар. Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши хусусий мулкдорларни янада самарали ҳимоя қилишга, айбдорлар, шу жумладан, мансабдор шахслар томонидан бундай ҳуқуқларнинг бузилишига йўл қўймасликка хизмат қилади.
– Қонун лойиҳаси қўмитамиз аъзолари томонидан манфаатдор вазирликлар ва идоралар, ҳуқуқ соҳасидаги мутахассислар билан ҳамкорликда ҳар томонлама кўриб чиқилди, – дея қайд этди Қонунчилик палатасининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси В.Цветков. – Шунингдек, ҳужжат сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳининг мажлисларида уларнинг партиялари дастурларини ҳамда сайловчилари фикрларини инобатга олган ҳолда муҳокама этилди. Мажлислар иштирокчилари масъул қўмитанинг қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида биринчи ўқишда кўриб чиқиш учун киритиш тўғрисидаги таклифини қўллаб-қувватладилар.
Шунингдек, депутатлар "Радиочастота спектри тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги, "Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги ва бир қатор бошқа қонун лойиҳаларини ҳам кўриб чиқдилар.
Мажлис кун тартибига киритилган масалаларни муҳокама этиш чоғида барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳининг вакиллари сўзга чиқдилар. Улар ўз партиялари дастурларидан ва сайловчиларининг фикрларидан келиб чиққан ҳолда, мамлакатимизда ўтказилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш, жойларда ҳуқуқни қўллаш амалиётини самарали татбиқ этиш, халқ турмушини яхшилаш учун кўриб чиқилган қонун лойиҳаларининг муҳимлигини қайд этдилар.
Юқорида кўрсатиб ўтилган қонун лойиҳалари ҳар томонлама муҳокама этилганидан сўнг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси уларнинг концепцияларини маъқуллади ва биринчи ўқишда қабул қилди. Масъул қўмиталарга келиб тушган таклифларни инобатга олган ҳолда ҳужжатларни кейинги ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрлаш топширилди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси
Ахборот хизмати
Манба: ЎзА