Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ҳар бир фарзандга уч китоб
2017-02-21 | Таълим
Самарқанд вилоятининг Булунғур туманидаги 9-болалар мусиқа ва санъат мактабида “Ижодкорлар – инсон қалбининг муҳандислари” мавзусида адабий-бадиий кеча ўтказилди.
Тадбирда таниқли адиблар А.Суюн, А.Кўчимов, С.Ўнар, адабиётшунос олим Қ.Йўлдошев ва бошқалар Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши аҳамияти, ёш авлод камолотида китобнинг ўрни ҳақида сўз юритди.
Булунғур туманида халқ таълими муассасаларида 67 мактаб кутубхонаси ва 5 ахборот-ресурс маркази фаолият кўрсатмоқда. Уларда 9 минг 300 турдаги китоб ва 3 мингдан зиёд электрон китоблар жамланмаси мавжуд. Айни пайтда кутубхоналар фондини янада бойитиш, улар фаолиятини такомиллаштириш борасида зарур чора-тадбирлар кўриляпти. Ўқувчилар ўртасида китобхонликни кенг оммалаштириш мақсадида турли кўрик-танловлар, ижодий кечалар ўтказилмоқда.
Ижодкорлар ўз ҳаёти ва фаолиятида китобнинг аҳамияти, оилада китобхонлик маданиятини шаллантириш тўғрисида сўзлаб берди. Бугунги адабий жараён, яратилаётган асарлар бўйича ўқитувчи ва ўқувчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарилди.
Халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимининг жорий йил март ойида туманда “Бир фарзандга уч китоб” лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги ташаббуси тадбир иштирокчилари томонидан қўллаб-қувватланди. Унга кўра, ҳар бир ота-она мактабда ўқийдиган фарзанди учун учтадан китоб совға қиладиган бўлди.
Манба: ЎзА