Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
2017-01-27 | Сиёсат
Жаноби Олийлари!
Сизга Япония ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан самимий табрикларимни изҳор этишга рухсат бергайсиз.
Ўзбекистон мустақилликка эришган кундан эътиборан мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик алоқалари изчил ривожланиб бормоқда.
2015 йил октябрь ойида, Япония Бош вазири мамлакатингизга охирги ташрифидан 9 йил ўтиб, мен Бош вазир сифатида Ўзбекистонга ташриф буюрган эдим. Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов билан музокараларимиз ғоят самарали бўлган, биз турли соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантириш зарурлиги ҳақида якдил фикрга келган эдик.
Мамлакатингизга ташрифим давомида Бош вазир сифатида менга доимо ҳамроҳлик қилганингиз ва юксак даражадаги меҳмоннавозлик учун Сизга самимий миннатдорлик билдираман. Шуни мамнуният билан қайд этмоқчиманки, ушбу ташриф Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги муносабатларга янада жадал суръат бағишлади, эришилган келишувлар мамлакатларимиз ўртасидаги кенг миқёсли ҳамкорликни фаоллаштиришга хизмат қилмоқда.
Мен нафақат сиёсат ва иқтисодиёт борасидаги муносабатларимизни ривожлантириш, балки турли соҳаларда, шу жумладан, маданият ва илм-фан соҳаларида ҳам Ўзбекистон билан дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш учун бундан буён ҳам бутун имкониятларимни ишга солишга тайёрман.
Дипломатик муносабатларимиз ўрнатилганига 25 йил тўлгани муносабати билан Ўзбекистон ва Япония ҳамкорлиги янада ривожланишига, халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталари бунданда кенгайишига ишонч билдираман.
Сиз, Жаноби Олийлари билан "Марказий Осиё + Япония" мулоқоти доирасида ҳам фаол ҳамкорлик қилишимиздан умидворман.
Сизга, Жаноби Олийлари, мустаҳкам соғлик, фаолиятингизда муваффақиятлар, Ўзбекистон халқига бахт-саодат ва фаровонлик тилашга рухсат этгайсиз.
Самимий эҳтиром билан,
Манба: ЎзА