Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Янги таржима асарлари тақдимоти бўлиб ўтди
2017-01-21 | Маданият
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида жаҳон адабиёти намуналарининг ўзбек тилига, миллий адабиётимиз асарларининг чет тилларга ўгирилган таржималари тақдимотига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Миллий университети проректори О.Ҳолмуҳамедов, "Ўзбекистон" нашриёт матбаа-ижодий уйи директорининг биринчи ўринбосари А.Жўраев, адабиётшунос олим Ҳ.Болтабоев ва бошқалар миллий адабиётимизни равнақ топтириш, таълим-тарбия, илм-маърифат каби соҳаларга улкан эътибор қаратиш борасидаги эзгу саъй-ҳаракатлар ёш авлод маънавиятини юксалтириш, уларни ҳар жиҳатдан комил шахс этиб вояга етказишдек эзгу мақсадларга йўналтирилганини таъкидлади.
Мамлакатимизда замонавий ахборот-ресурс марказлари, маърифат даргоҳларини барпо этиш, уларни илғор ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминлаш, китоб фондини янада бойитишга оид бажарилаётган ишлар ёшларнинг китобга меҳрини оширишда алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 январдаги "Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида"ги фармойиши бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим омил бўлмоқда.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, бир қатор олий ўқув юртларида олимлар, адабиётшунослар, таржимонлар томонидан ўзбек адабиётининг энг яхши намуналари чет тилларга ҳамда жаҳон адабиётининг сара асарларини она тилимизга ўгириш юзасидан изчил ишлар амалга оширилмоқда. Бу жиҳатлар Ўзбекистон Миллий университети хорижий филология факультети ўқитувчи, ёш олим ва талабалари изланишларида ҳам ўз ифодасини топмоқда.
– Соҳибқирон Амир Темурнинг ҳаёти, жаҳон тарихида тутган ўрнига оид хорижлик ижодкорларнинг кўплаб асарлари бор, – дейди Ўзбекистон Миллий университетининг француз филологияси факультети доценти Баҳодир Эрматов. – Айни дамда Люсьен Кереннинг "Амир Темур салтанати" номли асари холис ва ҳаққонийлиги билан аҳамиятлидир. Ушбу асарни ўзбек тилига таржима қилиш жараёнида муаллифнинг объектив нигоҳи, Соҳибқиронга бўлган улкан эҳтиромини ўзбек ўқувчиларига етказишга интилдик.
Тадбирда таржима санъатининг ўзига хос жиҳатлари, таржимоннинг ижодий маҳорати, адабий мутаржимлик соҳасини янада ривожлантириш истиқболлари хусусида атрофлича фикр юритилди.
Анжуманда француз муаррихи Люсьен Кереннинг "Амир Темур салтанати" номли ҳамда немис адиби Даниэль Глаттауэрнинг "Шимол шамоли шашти" асарлари таржимасининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Манба: ЎзА