Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Бир тўп, уч очко
2015-01-13 | Спорт
Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари Австралияда ўтаётган Осиё кубогидаги дастлабки ғалабасини нишонлади.
Нуфузли мусобақада энг кучли ўн олти мамлакат терма жамоалари тўрт гуруҳга бўлинган ҳолда баҳслашмоқда.
Терма жамоамиз аъзолари "В" гуруҳидаги илк учрашувни КХДР вакилларига қарши ўтказди. Ўйин бошиданоқ терма жамоамиз аъзолари ҳужумкор ўйин намойиш этди, рақиб дарвозаси олдида бир неча хавфли вазиятларни юзага келтирди.
Футболчиларимиз иккинчи бўлимни ҳам анча фаол бошлади. Натижада ўйиннинг 62-дақиқасида ҳисоб очилди. Терма жамоамиз сардори Сервер Жепаров қанотдан оширган тўпни Игорь Сергеев узоқ масофадан боши билан рақиб дарвозасига аниқ йўллади.
Шу тариқа, футболчиларимиз гуруҳдаги дастлабки учрашувда 1:0 ҳисобида ғалаба қозониб, уч очкони қўлга киритди. Ҳамюртларимиз 14 январда Хитой, 18 январда Саудия Арабистони вакиллари билан куч синашади.
Манба: ЎзА