Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Президентлигига номзод Сарвар Отамуратов сайловда овоз берди
2016-12-04 | Сайлов
Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Сарвар Отамуратов 4 декабрь куни Тошкент шаҳридаги 584-сайлов участкасида овоз берди.
Мустақиллик моҳияти ва самараси, аввало, мамлакатимизда инсон ҳуқуқ-манфаатлари амалда тўла таъминланганида намоён бўлади. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов халқимизнинг ғурурини тиклаш, дунёда қудратли давлатга асос солиш, тинчлик, бунёдкорлик, барқарорлик ва фаровонлик йўлида курашишдек мураккаб ва масъулиятли вазифаларни бажаришда бош-қош бўлди. Мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини янада юксалтиришда бугунги Президент сайлови ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Фуқароларнинг давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эга экани Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилган. Сайловлар кучли фуқаролик жамиятига асосланган демократик ҳуқуқий давлатнинг ажралмас белгиси, халқнинг ўз хоҳиш-иродаси эркин ифодаланиши, жамият ва давлат ишларини бошқаришда фуқаролар иштирокининг асосий шаклидир. Мамлакатимизда яратилган сайлов тизими фуқароларнинг энг муҳим сиёсий ҳуқуқи тўлиқ амалга ошишига хизмат қилаётир.
Миллий қонунчилигимизда халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи экани акс этган. Ўзбекистон халқини, миллатидан қатъий назар, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил этади. Президент сайлови буни яна бир бор кўрсатмоқда.
Сайлов халқаро ҳуқуқ нормаларига мос, ошкоралик, кўппартиявийлик, эркинлик, тенглик тамойилларига мувофиқ ўтмоқда. Бунда сайлов тизимига оид қонунчиликда фуқароларнинг сайловолди кампаниясида ва овоз беришда эркин қатнашиши, овоз бериш яширинлиги, буни ҳар бир фуқаронинг ўзи бевосита амалга ошириши белгилаб қўйилгани алоҳида аҳамият касб этди.
Манба: ЎзА