Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тадбиркорлар тараққиёт учун овоз бермоқда
2016-12-04 | Сайлов
Ўзбекистон дунёнинг иқтисодиёти барқарор суръатларда ривожланаётган давлатлар қаторидан мустаҳкам ўрин олган. Бу сўнгги ўн бир йил давомида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш даражаси саккиз фоиздан юқори бўлиб келаётганида ўз ифодасини топмоқда. Иқтисодий ислоҳотлар изчиллиги, жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлида яратилаётган шароит ва имкониятлар бу борадаги муваффақиятларнинг асосий омилларидан бўлаётир.
Бугун эрта тонгдан бошланган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида барча юртдошларимиз қатори тадбиркор ва ишбилармонлар ҳам фаол қатнашмоқда.
“Дамбоғ пойабзал савдо” хусусий корхонаси раҳбари Н.Ҳожимирзаев Наманган шаҳридаги 116-сайлов участкасида ўзи танлаган номзодга овоз берди.
– Мен мустақиллик йилларида оддий косибдан пойабзал ишлаб чиқаридаган замонавий корхона раҳбарига айландим, – дейди тадбиркор. – 2008 йилда иш бошлаган корхонамиз дастлаб 50 турда маҳсулот ишлаб чиқарган бўлса, айни пайтда йилнинг ҳар тўрт фаслига мўлжалланган 300 турдаги импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп пойабзал тайёрланмоқда. Корхонамизда ўтган йили 1 миллиард 700 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлса, жорий йилнинг тўққиз ойида бу кўрсаткич 1 миллирад 650 миллион сўмдан ошди.
Бугун муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида овоз бериш учун сайлов участкасига келар эканман, беихтиёр мустақил Ватанимизнинг кечаги ва бугунги кунини таҳлил қилдим. Биласизми, чиқарган хулосаларимдан қалбим ғурур-ифтихорга тўлди. Ахир, мен илгари ким эдиму, бугун ким бўлдим! Ҳаётимда оламшумул ўзгаришлар рўй берди. Мулк эгаси, тадбиркор бўлдим. Мана, ҳозиргина бугунгидан-да фаровон, буюк келажагимиз учун овоз бердим. Сайлов участкасига келаётган маҳалладошларим юз-кўзидаги хурсандчилик, эртанги кунга қатъий ишонч, Ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси мустақиллик берган неъмат эмасми?
Кичик бизнес соҳасида эришаётган натижалари билан тенгдошлари ҳавасини тортаётган яна бир ёш тадбиркор, “Imron Textile Group” корхонаси раҳбари Исломбек Қутфиддинов Наманган муҳандислик-технология институти биносида жойлашган 5-сайлов участкасида овоз берди.
–Ёшим 25 да, мустақиллик тенгдошиман ва мен бундан фахрланаман, – дейди Исломбек. – Институтни иқтисодчи мутахассислиги бўйича битирганимга беш йил бўлди. Талабалик йиллари тадбиркорлик ва маркетинг сирларини қунт билан ўргандим. "Ёш тадбиркор – юртга мададкор" ,"Юрт келажаги", "Менинг бизнес ғоям", "Ватаним тараққиётига менинг ҳиссам" танловларида ўз бизнес лойиҳаларим ва ишлаб чиқарган маҳсулотларим билан қатнашиб, ғолиб бўлдим. 2011 йилда "Водий ёғоч савдо" хусусий корхонаси қошида трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи кичик тикувчилик цехи ташкил этдим. Ўтган йилларда тежалган маблағлар ҳисобидан 244 миллион сўмга хориждан замонавий тикув машиналари келтириб ўрнатдик. Корхонада дастлаб 4 киши ишлаган бўлса, бугун улар 70 тага етди. Ҳозир 20 дан ортиқ турдаги тайёр трикотаж маҳсулотлари экспорт қилмоқдамиз. Мен сайловда тинчлик ва тараққиёт учун овоз бердим.
Вилоятдаги барча сайлов участкаларида тадбиркорлар ана шундай ғурур ва ифтихор билан тараққиётимиз учун овоз бермоқда.
Манба: ЎзА