Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Фуқаролик жамиятининг фаол иштирокчилари овоз бермоқда
2016-12-04 | Сайлов
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлатнинг жамоат бирлашмалари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлаши, уларга ижтимоий ҳаётда иштирок этиш учун тенг ҳуқуқий имкониятлар яратиб бериши мустаҳкамланган. Ушбу принципга мувофиқ қабул қилинган 250 дан ортиқ қонун ҳужжати Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантиришда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Мамлакатимизда сўнгги йилларда қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар нодавлат нотижорат ташкилотларини рўйхатдан ўтказиш ва фаолиятини ташкил этиш тартибини янада соддалаштирди. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асослари янада такомиллаштирилди. Натижада мамлакатимизда фаолият юритаётган ННТлар сони 8 минг 700 га яқинлашди.
Фуқароларнинг 10 мингга яқин ўзини ўзи бошқариш органлари ҳудудларда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни ривожлантириш ва амалга оширишга катта ҳисса қўшаётир. Маҳалла фаоллари ёшлар ва хотин-қизлар билан ишлаш, уларни ишга жойлаштириш, аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш ва бошқа соҳаларда самарали фаолият юритмоқда. Маҳалла институти вакиллари бугунги сайловни юқори савияда ташкил этишда жонбозлик кўрсатиш билан бирга, овоз беришда ҳам фаоллик кўрсатаётир.
- Мамлакатимиз тараққиёт моделининг нақадар ҳаққоний ва самарали экани халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифати ортиб бораётганида яққол кўриниб турибди, – дейди пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги "Парвоз" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Анвар Чуллиев. – Кейинги йилларда иқтисодиётимиз юксалиб, аҳоли даромадлари ўсаётгани бунинг ёрқин далилидир. Бундай шарт-шароит, кенг имкониятлар, албатта, аҳолининг кайфиятига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Уларнинг бугунги тадбирда фаол иштирок этаётгани ҳам шуни тасдиқлайди. Мен мана шундай тараққиёт муҳити янада ривожланиши учун овоз бердим. Маҳалламиз аҳли ҳам ана шундай эзгу ниятлар билан эрта тонгдан ҳудудимизда ташкил этилган 413-сайлов участкасига келиб овоз бермоқда.
Манба: ЎзА