Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Самарқандда овоз бериш бошланди
2016-12-04 | Сайлов
Самарқанд шаҳридаги 110-сайлов участкасида ҳам овоз бериш жараёнлари қонунда белгиланган вақтда аҳолининг фаол иштирокида бошланди.
Участка сайлов комиссияси раиси Наргиза Қобилова сиёсий партиялар кузатувчилари кўз олдида кўчма ва стационар сайлов қутисини муҳрлаб, комиссия аъзоларига сайлов бюллетенлари ва сайловчилар рўйхатини тақсимлаб берди. Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси янгради.
Участкада овоз бериш жараёни бошлангани эълон қилинди.
Зулфия, Илҳом ва Истиқлол маҳаллалари фаоллари, зиёлилар, нуронийлар ва ёшлар дастлабки овоз берувчилар бўлди.
– Сайловга таклифномани олганимдаёқ сайлов куни участкага тонг саҳар келиб овоз беришга аҳд қилгандим, – дейди Илҳом маҳалласида яшовчи Шаҳло Мамаюсупова. – Участкада мен каби биринчилардан бўлиб овоз беришни истаганлар кўпчилик экан. Барча сайловчилар ҳаяжон ва қувонч билан ўзлари танлаган номзодга овоз бермоқда. Улар қаторида мен ҳам Ватанимиз тараққиёти, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлигини таъминлашга қодир энг муносиб номзод учун овоз бердим.
Мазкур сайлов участкасида 2 минг 887 сайловчи рўйхатга олинган. Уларнинг 57 нафари сайловда биринчи марта қатнашаётган ёшлардир. 46 нафар фуқаро саломатлиги яхши эмаслиги ва бошқа сабаблар туфайли ўз уйида овоз бериши кўзда тутилган. Бунинг учун участка сайлов комиссияси томонидан зарур чора-тадбирлар кўрилган.
Вилоятдаги барча сайлов участкаларида овоз бериш жараёни давом этмоқда.
Манба: ЎзА