Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ёш посбонлар овоз берди
2016-12-04 | Сайлов
Ўзбекистондаги тинчлик, осойишталик ва фаровонлик нафақат дунёдаги бошқа халқларнинг ҳавасини тортмоқда, халқаро экспертлар эътирофига ҳам сазовор бўлаётир. World Justice Project томонидан ҳар йили эълон қилинаётган Қонун устуворлиги индексида Ўзбекистон мамлакатда тартиб ва хавфсизликнинг таъминлангани кўрсаткичи бўйича МДҲ давлатлари орасида етакчилик қилиб келаётгани бунинг исботидир.
Бунда мамлакатимизда халқимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлашга қаратилган изчил ислоҳотлар жараёнида қонунчилик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани муҳим аҳамият касб этаётир. 2016 йил 16 сентябрдаги Ўзбекистон Республикасининг “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонуни билан соҳа фаолияти янада такомиллаштирилмоқда.
Тизимни нафақат жисмонан, балки маънан етук кадрлар билан тўлдиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани боис Ички ишлар вазирлиги академияси, Тошкент олий ҳарбий-техника билим юрти, Ёнғин хавсизлиги олий техника мактабига ҳар томонлама етук ёшлар ўқишга қабул қилинмоқда ва улар замонавий таълим стандартлари асосида тарбияланаётир.
Мазкур олий ўқув даргоҳларда таълим олаётган ёшлар мамлакатимиздаги муҳим сиёсий жараён – сайловда фаол иштирок этмоқда.
Ички ишлар вазирлиги академиясида ташкил этилган 163-сайлов участкасида сайловни юқори савияда, очиқ-ошкора, демократик талаблар асосида ўтказиш учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган. Ёшлар сайлов қонунчилиги билан чуқур таништирилиши билан бирга, уларнинг барчаси шу мавзудаги рисолалар билан таъминланган. Президентликка номзодлар, уларнинг сайловолди дастурлари билан танишган.
- Ватанимизнинг тараққиёти ҳар биримизнинг нафақат ўз вазифамизни сидқидилдан бажариш, балки унинг истиқболи билан боғлиқ бўлган сайловда фаол иштирок этишимизга ҳам боғлиқ, – дейди академия 1-босқич тингловчиси Олимбек Мамажонов. – Чунки бу кейинги беш йилликда мамлакат тақдири, тараққиётинини белгилашда алоҳида ўрин тутади. Сайловга алоҳида масъулият билан ёндашиб, номзодларнинг сайловолди ташвиқотларини, чиқишларини диққат билан кузатдик. Ўйлайманки, сафдошларимнинг барчаси мен каби Ватанимизни ёруғ истиқболга етаклайдиган муносиб нозодга овоз берди.
Манба: ЎзА