Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Бугун – Президент сайлови куни

2016-12-04 | Сайлов

Бугун мамлакатимизда Президент сайлови ўтказилади. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 9 минг 383 сайлов участкасида соат 6:00 дан овоз бериш бошланади.

Мустақиллик йилларида тўпланган бой тажрибага таянган ҳолда ушбу улкан сиёсий воқеага пухта тайёргарлик кўрилди. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри чегаралари доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 14 сайлов округи, мазкур округлар томонидан 9 минг 383 сайлов участкаси ташкил этилди. Мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида 44 сайлов участкаси тузилди. Участка сайлов комиссиялари таркиби шакллантирилиб, уларнинг фаолиятига 98 мингдан зиёд киши жалб қилинди. Барча участкаларда она ва бола, тиббиёт хоналари ташкил этилди. Овоз бериш хоналари, қутилар, кўчма қутилар тайёрланди. Участкалар сайловга оид қонун, йўриқнома, қўлланма, зарур адабиётлар, номзодлар ва уларнинг дастурларини таништирувчи плакатлар, телефон, компьютер ҳамда интернет билан таъминланди. 

Мамлакатимиздаги барча сиёсий партиялар сайловда иштирок этиш истагини билдирди. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Сарвар Отамуратовни, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Шавкат Мирзиёевни, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Хатамжон Кетмоновни, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Наримон Умаровни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод этиб кўрсатди. 

Номзодларга сайловолди ташвиқотини ўтказиш, давлат оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда тенг шароитлар яратилди. Сайловчилар билан учрашувлар видеоконференция тарзида ўтказилгани аҳоли кенг қатламларини қамраб олиш имконини берди. Фуқаролар номзодларнинг таржимаи ҳоли, сайловолди дастури билан атрофлича танишди. 

Бу галги Президент сайлови янги ижтимоий-сиёсий, демократия янада ривожланган шароитда ўтади. Кейинги йилларда мамлакатимиз Конституцияси ва сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар сайлов тизимини такомиллаштирди. Бунинг самарасида сайловларнинг очиқ-ошкора, халқаро демократик тамойилларга тўла мос ҳолда ўтказилишини таъминлайдиган мукаммал қонунчилик базаси шаклланди. 

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилган демократик ислоҳотлар, ҳаёт сифати ўзгаргани натижасида аҳолининг сиёсий онги, ҳуқуқий маданияти ҳам юксалган. 

Сайловчилар учун бир қатор қулайлик ва шароитлар яратилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига доир таклифнома ва сайлов бюллетенининг янги варианти ишлаб чиқилди. Жисмоний имконияти чекланган фуқароларнинг овоз бериши учун қулай шароит яратиш мақсадида ҳар бир сайлов участкаси пандус билан жиҳозланди. Кабиналарнинг бири ногиронларнинг овоз бериши учун ажратилди. 

Кўзи ожиз фуқароларга брайль алифбосида сайлов мавзуси бўйича турли рисолалар чоп этилди. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари орасида биринчи бўлиб мамлакатимизда илк марта кўзи ожизлар учун мўлжалланган сайлов бюллетенлари тайёрланиб ўз эгаларига етказилди. 

“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 31-моддасига кўра, сайлов куни ўз яшаш жойида бўлмайдиган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга. Муддатидан олдин овоз бериш жараёни 24 ноябрдан 2 декабрга қадар давом этди. 

Соат 6.00 да бошланадиган сайловда 20 миллиондан зиёд сайловчи иштирок этиши кутилмоқда. Шундан 550 минг йигит-қиз биринчи марта овоз беради. Юрдошларимизнинг ўз конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланиши учун қўшимча шароитлар яратилди. Жумладан, 4 декабрь куни пойтахтимиз ва бошқа шаҳарларда жамоат транспорти аҳолига бепул хизмат кўрсатади. 

Сайловнинг очиқ ва ошкоралигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини 44 давлат ва беш халқаро ташкилот – ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти вакиллари кузатаётиб бормоқда. Сайловда иштирок этаётган сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари вакиллари кузатувчи сифатида қатнашмоқда. Сайлов жараёнини маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг 1 минг 400 дан ортиқ вакили ёритиб бормоқда. 

Манба: ЎзА

Поделиться