Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Халқаро Экспертлар: “Ўзбекистонда демократик сайлов тизими шакллантирилган”

2016-12-03 | Сайлов

Eртага - 4 декабрь куни Ўзбекистон фуқаролари давлат раҳбарини сайлайди. Ушбу муҳим воқеа арафасида пойтахтимизда Ўзбекистон ва ривожланган давлатлар тажрибаси мисолида Президент сайловининг конституциявий-ҳуқуқий асосларини ўрганишга бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтди.

Тадбирда сайлов соҳаси бўйича фаолият юритувчи дунёнинг 20 дан зиёд давлати мутахассислари ва экспертлари, Ўзбекистонга сайлов жараёнларини мониторинг қилиш учун келган халқаро кузатувчилар, Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти, Бутунжаҳон сайлов органлари уюшмаси каби бир қатор халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва вакиллари ҳам иштирок этишди.

Очиқ ва самарали музокаралар руҳида ўтган ялпи йиғилиш доирасида давлат раҳбари лавозимига сайловларнинг турли жиҳатлари намойиш этилди ва муҳокама қилинди.

Ўзбекистоннинг демократик сайловлар ўтказиш тажрибаси билан танишар экан, анжуман иштирокчилари мамлакатимизда сайловларнинг асосий тамойиллари этиб мустаҳкамлаб қўйилган умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш ҳамда ошкоралик ва очиқликни ўзида намоён этган самарали сайлов қонунчилиги шакллантирилганлигини бир овоздан қайд этишди. Қатнашчилар бошқа демократик янгиланишларнинг ажралмас қисми ва улар билан ўзаро боғлиқ бўлган сайлов тизимининг босқичма-босқич ва изчил тарзда демократиялашуви ва либераллашувини олқишладилар.

Шу ўринда 2010 йилда Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган мамлакатда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш консепсияси муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди. Мазкур консепсияга асосан Конститутсия ва Ўзбекистон Республикасининг Қонунларига киритилган ўзгариш ва қўшимчалар қатъийлик хусусиятига эга бўлиб, сайлов тизимини янада демократлаштиришга йўналтирилди.

Конференсия иштрокчилари 2016 йил 4 декабр куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик ва уни ўтказишнинг меъёрий-ҳуқуқий асосини такомиллаштириш ҳамда унинг амалиётини ижобий баҳоладилар. Жумладан, 2015 йил декабр ойида ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган бир қатор қонунлар ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга кўра, президентликка номзод кўрсатиш учун зарур бўладиган имзолар сонининг қисқартирилгани, сайловолди ташвиқоти тушунчаси, уни ўтказиш шакллари, турлари ва усуллари тўғрисидаги меъёрнинг мустаҳкамлангани, қамоқда сақлаш жойларида сайлов участкалари тузилиши, муддатидан олдин овоз бериш муддатлари, тартиби ва жараёни мустаҳкамлаб қўйилгани, овоз бериш бошланишига бир кун қолганида “сукунат куни” ўрнатилиши ҳамда бошқа масалаларнинг аҳамияти қайд этилди.

Анжуман доирасида қатнашчилар Ўзбекистон миллий сайлов қонунчилигининг ўзига хос жиҳатлари, Германияда сайловчиларнинг ўз хоҳиш иродасини эркин ифода этиш амалиёти, Нидерландияда сиёсий гуруҳлар, номзодлар ва сайловчиларнинг ҳуқуқ ва бурчларини таъминлаш борасида тўпланган тажрибалар, Америка Қўшма штатларида Президент сайловлари ўтказилишининг ташкилий жиҳатлари ҳамда Франсияда сайлов кампаниясининг боришида жамоатчилик фикри сўровномасининг тутган ўрни каби масалалар билан танишдилар.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясининг Бутунжаҳон сайлов органлари уюшмаси билан ҳамкорлигига алоҳида эътибор қаратилди.

- Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда сайловларнинг асосий тамойиллари сифатида мустаҳкамлаб қўйилган фуқароларнинг умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш ҳамда сайлов жараёнларининг ошкора ва очиқлигини акс эттирган мустаҳкам қонунчилик яратилди, - дейди Бутунжаҳон сайлов органлари уюшмаси бош котиби Ким Ёнг Хи. - Қувонарлиси, яратилган ҳуқуқий асос замоннинг талабларига кўра доимо такомиллаштириб борилади. Бу тўғри йўналишдаги жуда яхши ҳаракатдир.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг сайловолди кампаниясини юксак даражада, соғлом рақобат ва фикрлар хилма-хиллиги муҳитида ташкил этиш борасидаги фаолияти юксак баҳога муносибдир. У шунингдек, сайловчиларнинг сиёсий маданиятини ошириш, уларга ўз конститутсиявий ҳуқуқларини тушунтириш ва сайлов қонунчилигидан хабардор қилиб бориш юзасидан кенг тарғибот ишларини ҳам олиб бормоқда.

Ўз навбатида, Сайлов тизимларини ўрганиш халқаро маркази президенти Александр Синкер (Исроил) қуйидаги мулоҳазаларни билдирди:

- Биз Ўзбекистон йилдан йилга жадал ривожланиб бораётганининг гувоҳи бўляпмиз. Ижтимоий-иқтисодий ўсиш билан бир қаторда давлатчиликнинг изчил мустаҳкамланиши кузатилмоқда, демократик жараёнлар чуқурлашиб бормоқда. Сайлов қонунчилигининг такомиллашиб бораётгани алоҳида эътиборга сазовордир. Мамлакатингизда халқаро демократик тамойиллар ва андозаларни ҳамда давлат қурилишининг миллий тажрибасини ўзида мужассам этган янги миллий сайлов тизими шакллантирилди.

Шу билан бирга, биз ушбу сайлов тизимига бошқа сайлов тизимларига бўлгани каби ҳурмат билан ёндошамиз. Ўзбекистон қонунчилиги изчил ривожланмоқда. Масалан, 2015 йилда бўлиб ўтган Президент сайловидан кейин Ўзбекистон миллий қонунчилигининг сайловолди ташвиқотни олиб бориш, овоз беришни ташкил этиш, Марказий сайлов комиссияси фаолияти қисмлари ва бошқа йўналишларга ўзгартиришлар киритилди. Ушбу босқичда мазкур қонунчиликка риоя этилишини таъминлаш муҳимдир.

Менга бу галги сайловда оммавий ахборот воситаларининг фаолияти жуда маъқул бўлди. Уларнинг ҳаракати туфайли, Исроилда бўлишимга қарамай, бутун сайловолди жараёнларни кузатиб бориш, барча номзодлар ҳақидаги маълумотлар ва уларнинг сайловолди дастурлари билан танишиш, уларнинг сайловчилар билан учрашувларидан хабардор бўлиш имкониятига эга бўлдим. Демакки, оммавий ахборот воситалари сайлов жараёнларининг бевосита иштирокчиларига айланишди. Ўйлашимча, ОАВнинг яна бир вазифаси бор, бу ҳам бўлса фуқаровий назорат вазифаси бўлиб, улар Марказий сайлов комиссияси билан бевосита ишлаш имкониятига эгалар. Ушбу ҳамкорлик қанчалик фаол бўлса, халқнинг сайловга ишончи ҳам шунча ортади. Ўйлайманки, бу борадаги ишлар давом эттирилиши керак.

Сўнгги ойларда мамлакатда ҳокимият алмашиши муносабати билан халқаро ҳамжамиятнинг катта эътибори Ўзбекистонга қаратилди. Биз ушбу жараённинг тинч, ҳеч бир сиёсий ва иқтисодий тартибсизликларсиз ўтганидан хурсандмиз ва бу Ўзбекистонда фуқаролик жамиятининг асоси қўйилгани, унинг давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорлигининг барқарор тизими шаклланаётганидан дарак беради.

Ден Бартон, АҚШ Конгрессининг собиқ аъзоси ҳамда Европа, Евроосиё ва юзага келувчи таҳдидлар бўйича қуйи қўмита раиси (АҚШ):

- Мен Тошкент шаҳридаги учта сайлов участкасида бўлдим. Уларнинг барчасида тайёргарлик юқори даражада амалга оширилган: участкалар барча зарур техник ва ахборот-коммуникатсия воситалари билан жиҳозланган, сайловчиларга барча имкониятлар яратилган, сайлов участкаларига бора олмайдиган имконияти чекланган фуқароларга алоҳида эътибор қаратилган - уларнинг ўз уйида овоз бериши ташкил этилади. Бундай муносабат ҳурматга сазовор ва барча фуқароларга ўз конститутсиявий ҳуқуқларидан фойдаланиш имкониятини беради.

Умуман олганда, Президент сайлови ошкоралик ва транспарентлик руҳида бўлиб ўтади. Аминманки, унинг натижалари Ўзбекистоннинг демократия йўлида янада олдинлашига хизмат қилади.

Ўзбекистонга бир неча бор келаркан, ўлкангизни севиб қолганман. Мамлакатингизда ҳукмрон бўлган тинчлик ва осойишталик, барқарорлик ва жипсликнинг ўзи ҳам кишини илҳомлантиради.

Фредерик Стар, Жон Хопкинс университети ҳузуридаги Марказий Осиё ва Кавказ институти раҳбари (АҚШ):

- Ўзбекистон натижалари нафақат мамлакат тараққиётининг асосий йўналишларини белгилаб берадиган, балки бутун Марказий Осиёнинг тақдирига таъсир кўрсатадиган жуда муҳим ижтимоий-сиёсий воқеа остонасида турибди. Мамлакатингиз демократик тамойиллар ва халқаро тажрибаларга амал қилинишининг намунаси бўлиши мумкин.

Кузатувлар шуни кўрсатадики, сайлов кампанияси осойишта ва юксак ташкилий даражада ўтмоқда. Сайловнинг муҳим жиҳати унинг халқаро андозаларга мослигидадир. Шу муносабат билан сўнгги йилларда мамлакатингизда сайлов тизимини ислоҳ қилиш бўйича улкан ишлар амалга оширилганини қайд этиш қувонарлидир. Шунга асосланиб, бу галги сайлов ҳам муваффақиятли ўтишини тасдиқлай оламиз.

Хорижликлар, хусусан, ғарб олами учун сайлов жараёнларининг энг муҳим асоси сиёсий партияларнинг такомиллашуви ва ривожланиши ҳисобланади. Кўплаб ғарб давлатларидан фарқли ўлароқ, Ўзбекистонда партиялар ўта теран ва пухта ўйлаб тузилган. Улар ташкил қилиндан бошлаб ўтган йиллар давомида мамлакатни ривожлантириш бўйича ўзларининг аниқ қарашларини белгилаган ҳолда, ўз мустақиллик ва алоҳидалик хусусиятларига эгаликларини намойиш этишди.

Бу галги сайлов кампаниясининг муҳим жиҳатларидан бири уларда Ўзбекистоннинг сиёсий партиялари сиёсий жараёнларнинг ҳақиқий субъектлари сифатида қатнашаётганларидир.

Владимир Чуров, Россия Федератсияси Ташқи ишлар вазирлиги Махсус топшириқлар бўйича элчиси:

- Мен илгари ҳам Ўзбекистонда бўлиб ўтган сайловларда кузатувчи сифатида қатнашганман. Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси билан келишувга кўра, бу гал биз Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларида сайлов жараёнларини кузатамиз. Умид қиламанки, изчил кузатувларимиз натижасида биз Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида сайлов ташкил этилишининг манзарасини ярата оламиз. Сайлов участкаларига бориш билан бирга юқорида айтилган вилоятларнинг ҳокимиятларида қатор учрашувлар ўтказишимиз ҳам режалаштирилган.

Кузатувларимиз якунига кўра биз Ўзбекистоннинг сайлов тизими ҳақида батафсил ва мукаммал таҳлилий материал тайёрлаймиз.

Айтишим мумкинки, Россияда бўлгани каби, Ўзбекистонда ҳам сайлов тизимини ривожлантиришнинг асосий мақсади сайловчилар учун овоз бериш шароитларини яхшилаш ҳамда кўпроқ шаффофликни таъминлаш ҳисобланади. Айнан шунинг учун, биз кўраётганимиздек, мамлакатингизга Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси кузатувчиларининг тўлақонли миссияси, Мустақил Давлатлар ҳамдўстлиги, Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти каби халқаро тузилмаларнинг вакиллари, кўплаб халқаро кузатувчилар сайловни мониторинг қилиш учун келишган.

Сўнгги бир неча ойда жуда муҳим сиёсий воқеалар - кўплаб етакчи давлатларда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам Президент сайлови бўлиб ўтмоқда. Ва уларнинг барчаси, шубҳасиз, замонавий дунёда содир бўлаётган демократик жараёнларни ривожлантириш сари муҳим қадамлар ҳисобланади.

 

Манба: “Дунё” ахборот агентлиги

Поделиться