Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Халқаро кузатувчилар учун брифинг

2016-12-02 | Сайлов

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот марказида 2 декабрь куни халқаро кузатувчилар учун брифинг бўлиб ўтди.

Унда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциациясининг миссиялари аъзолари, хорижий давлатлар кузатувчилари, чет эл ҳамда мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. 

Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов жорий йилнинг 4 декабрида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови мамлакатимиз ҳаётида ғоят муҳим ўрин тутадиган ижтимоий-сиёсий тадбир эканини таъкидлади. 

Ушбу сиёсий тадбирга ташкилий-ҳуқуқий ва моддий-техник жиҳатдан юксак даражада тайёргарлик кўриш, уни миллий сайлов қонунчилигимизда мустаҳкамлаб қўйилган демократик принципларга тўлиқ мувофиқ ҳолда, очиқ-ошкора ва адолатли ўтказиш учун барча шарт-шароитлар яратилди. 

Халқаро кузатувчиларга мустақиллик йилларида Президент сайлови жараёнини тартибга соладиган қонунлар яратилгани ҳақида маълумот берилди. “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”, “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги қонунлар ва бошқа қонун ҳужжатлари шулар жумласидандир. 

Ушбу соҳада қабул қилинган ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар адолатлилик, очиқлик, ошкоралик ва транспарентлик принциплари асосида фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларига сўзсиз риоя этиш, сайловчиларга сайловда эркин иштирок этиш учун зарур шарт-шароитлар, Президентликка номзод кўрсатадиган сиёсий партиялар ва номзодларга сайлов кампанияси давомида кенг ва тенг имкониятлар яратишга қаратилган. 

Сайлов кампанияси доирасидаги барча тадбирларни очиқ ва ошкора, қонунчиликка мувофиқ ўтказиш мақсадида юқори даражада тайёргарлик кўрилди. Сайловни ўтказувчи 9 минг 383 сайлов участкаси овоз беришга тайёр ҳолга келтирилди. 

Марказий сайлов комиссияси томонидан бир қатор давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда участка сайлов комиссиялари аъзоларининг ҳуқуқий билим ва амалий кўникмасини мустаҳкамлаш мақсадида уч босқичда – республика, вилоят ва туманлар миқёсида семинар-тренинглар ўтказилди. Сайлов участкалари зарур ҳуқуқий адабиётлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тўлиқ таъминланди. Жисмоний имконияти чекланган фуқароларнинг овоз беришда иштирок этиши учун қулайликлар яратиш мақсадида сайлов участкаларида пандуслар ўрнатилди, кабиналардан бири ногиронлар учун ҳозирлаб қўйилди. Брайль алифбосида кўзи ожиз сайловчиларга мўлжалланган сайловга оид турли рисолалар тайёрланди, илк марта улар учун махсус сайлов бюллетенлари чоп этилди. 

Миллий сайлов амалиётимиз тарихида биринчи бор Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш даврида сайловчилар ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш бўйича ўтказиладиган тадбирлар дастури қабул қилинди. 

Дастурда назарда тутилган тадбирлар доирасида аҳолининг кенг қатлами, хусусан, хотин-қизлар, ёшлар, айниқса, биринчи марта овоз берувчи фуқаролар, нуронийлар, имконияти чекланган шахслар, ҳарбий хизматчилар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, меҳнат жамоалари, ўқув муассасалари вакиллари, шунингдек, хориждаги юртдошларимиз қамраб олинди. “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Республика Байналмилал маданият маркази ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ижтимоий шерикликда фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти ва электорал фаоллигини янада ошириш мақсадида турли акциялар ўтказилди. 

Марказий сайлов комиссияси томонидан Президентликка номзодлар рўйхатга олинганидан сўнг, яъни 28 октябрдан эътиборан сайловолди ташвиқоти бошланди. Номзодлар мамлакатимизни ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ривожлантириш бўйича ўз ғоя ва қарашлари, таклиф ва ташаббуслари баён этилган дастурларини жамоатчиликка етказиш мақсадида кенг кўламли ташвиқот тадбирларини олиб борди. Президентликка номзодлар ва уларнинг ишончли вакиллари барча сайлов округларида сайловчилар билан учрашувлар ўтказди. 

Номзодларнинг сайловолди ташвиқотини амалга ошириш жараёнлари мамлакатимиз қонунчилиги ва Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастурига мувофиқ амалга оширилди. 

Сиёсий партиялардан тушган таклиф ва истакларни инобатга олиб, ҳар бир номзодга ўз сайловолди дастурларини аҳолига етказиш учун Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Ўзбекистон” ва “Ёшлар” теле- ва радиоканалларида 638 дақиқадан, Миллий телерадиокомпаниянинг 12 ҳудудий телеканалларида 206 дақиқа, “Тошкент” телерадиоканалида 286 дақиқадан бепул эфир вақти ажратилди. 

“Халқ сўзи”, “Народное слово” ва “Правда Востока” газеталарида 6 саҳифадан, иборат нашр майдони бепул берилди. Бундан ташқари, ҳудудлардаги 30 маҳаллий газетада ҳар бир номзод учун 55,5 саҳифа нашр майдони бепул тақдим қилинди. 

Турли миллат вакиллари бўлган фуқароларга сайловолди ташвиқоти материаллари билан танишишга алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар тожик тилидаги “Овози тожик”, “Овози Самарқанд”, қозоқ тилидаги “Нурли жол” газеталарида бепул нашр майдонидан фойдаланди. Умуман олганда, сайлов кампанияси жараёнлари ҳақидаги ахборотлар мамлакатимиздаги ОАВларда 17 тилда чоп этилмоқда. Бундан ташқари, корейс тилидаги “Корё Синмун”, “Тхонил-Единство”, арман тилидаги “Апага” каби нашрлар ҳам ўз муштарийларини ушбу жараёнлар тўғрисида хабардор қилишлари диққатга сазовордир. 

Марказий сайлов комиссияси сайлов кампанияси эълон қилиниши билан бир қатор нуфузли халқаро ташкилотлар, хорижий мамлакатлар экспертларини сайлов жараёнини кузатиш учун таклиф этди. Бугунги кунда Президент сайлови кампаниясини кузатиш бўйича ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси, Ислом ҳамкорлик ташкилоти кузатувчилар миссиялари фаолият олиб бормоқда. Бу жараёнда юқорида қайд этилган ташкилотлар вакиллари қаторида дунёнинг элликка яқин мамлакатидан 500 нафардан ортиқ давлат ва жамоат арбоблари, парламент ва сайлов органлари вакиллари, ҳуқуқшунос олимлар, сиёсатшунослар иштирок этиши кутилаётир. Бундан ташқари, сиёсий партияларнинг 37 минг 500 нафарга яқин вакили сайлов жараёнида кузатувчи сифатида қатнашади. 

Сайловнинг очиқ ва ошкоралигини таъминлаш мақсадида оммавий ахборот воситалари фаолияти учун барча шароит яратиб берилган. Бу борада Президент сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот маркази ҳамда округ сайлов комиссиялари матбуот марказларининг роли катта бўлмоқда. Бугунги кунга қадар улар томонидан сайлов кампаниясининг муҳим босқичларига бағишланган қарийб 140 матбуот анжумани ва брифинглар ўтказилди. Сайлов комиссиялари томонидан оммавий ахборот воситаларининг 1 минг 400 дан ортиқ вакили рўйхатга олинди. Мамлакатимизда ўтказилаётган сайловга чет эллик журналистлар ҳам катта қизиқиш билан қарамоқда. Сайловни 100 нафардан зиёд хорижлик журналист ёритиб боради. 

Марказий сайлов комиссияси сайлов куни жамоатчиликни овоз беришнинг бориши ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот марказида бўлиб ўтадиган онлайн брифинглар орқали хабардор қилиб боради. 

Манба: ЎзА

Поделиться