Ягона интерактив давлат хизматлари портали – my.gov.uz орқали жисмоний ва юридик шахслардан жорий йилда 800 мингдан ортиқ мурожаат тушган бўлса, мингга яқин миннатдорлик мактуби ҳам қабул қилинган.
“Буни хақиқий электрон давлат хизмати деса бўлади”, деб ёзган фуқаро У.Абдуллаев. М.Мамажонов “тадбиркорлар учун яратилган қулайликлардан миннатдорман”, Г.Аметова “тезкорлик ва қулайлик учун раҳмат”, деган.
Мазкур портал фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатларини тезкорлик билан қабул қилиш, тегишли органларга етказишда муҳим воситага айланди.
Ўзбекистон Республикасининг 2014 йилда қабул қилинган “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуни асосида электрон шаклда мурожаат қилиш ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди. Бу фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланиши учун кенг қулайлик яратмоқда.
Бугунги кунда my.gov.uz олти юздан зиёд давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, идора ва ташкилотни қамраб олган. Мурожаат этувчи ариза ёки шикоятининг мазмунига қараб уни тегишли органга жўнатиш имкониятига эга. Мурожаат онлайн тарзда, шу вақтнинг ўзида керакли жойга етиб боради. Фуқароларнинг идорама-идора юриши, қоғозбозлик, ортиқча сарф-харажатларга эҳтиёж йўқ. Ўзларини ўйлантираётган савол ёки муаммо юзасидан ўз вақтида жавоб олмоқда.
– 2016 йилда ягона порталда янги 24 интерактив давлат хизмати жорий қилинди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Э.Долимов. – Бугунги кунда давлат ташкилотларига мурожаат этиш ҳамда давлат органлари раҳбарлари қабулига ёзилиш каби асосий хизмат билан биргаликда соғлиқни сақлаш, алоқа, транспорт, меҳнат, ижтимоий ҳимоя, божхона, солиққа оид 290 дан зиёд интерактив хизмат кўрсатилмоқда.
2016 йилнинг ўтган даврида my.gov.uz орқали 800 мингдан ортиқ мурожаат қабул қилинган. Уларда кўтарилган масалаларнинг аксариятига ечим топилган.
Ягона портал орқали тадбиркорларга жами 190 дан ортиқ турдаги интерактив хизмат кўрсатилмоқда. Ўтган даврда тадбиркорлардан 463 мингдан зиёд мурожаат келиб тушган. Улар юзасидан тегишли хизматлар кўрсатилган.
“Тадбиркорлик” ахборот тизими комплексини жорий қилиш доирасида Ягона порталда “Тадбиркорнинг шахсий кабинети” ишга туширилган бўлиб, у орқали тадбиркор давлат рўйхатидан ўтиши мумкин. Мазкур автоматлаштирилган тизим орқали йил бошидан бери 6 мингдан зиёд тадбиркор электрон шаклда давлат рўйхатидан ўтди. Бу тизим орқали солиқ, статистик ва бошқа ҳисоботларни онлайн равишда топшириш, тўловларни амалга ошириш, давлат харидлари бўйича эълонларни кўриш мумкин.
Мурожаат этувчиларнинг барча ҳуқуқлари кафолатланган. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари ва масъул ижрочилари интерактив давлат хизматларини жорий этиш ва кўрсатиш, уларнинг ўз вақтида ва тўлиқ кўрсатилиши юзасидан шахсан жавоб беради.
Бугунги кунда жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш жадвали нафақат маъмурий бинолар, балки давлат органларининг расмий веб-сайтида, жумладан, Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан ўрин олган. Бу юртдошларимизнинг хабардорлигини ошириб, ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олмоқда.
Ягона порталдан юртдошларимиз логин, ягона идентификация тизими (Id.uz), электрон рақамли имзо (ЭРИ) ҳамда UzCard тизими орқали фойдаланиши мумкин. Рўйхатдан ўтган фойдаланувчи ўз “шахсий кабинети”га киргач, у орқали мурожаатларини Ягона порталга уланган барча ташкилотларга жўнатиши мумкин.
Ягона портал орқали йўлланган мурожаатни кўриб чиқиш муддати ва тартиби ёзма мурожаатлар учун белгиланган тартибда ва муддатларда амалга оширилади. Аммо амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, аксарият ҳолларда жавоблар жуда қисқа муддатларда тақдим этилмоқда. Мурожаатни қабул қилган давлат ташкилоти фойдаланувчига унинг мурожаатини қабул қилганини SMS-хабарнома орқали ёки бошқа қулай усулда маълум қилади.
“Шахсий кабинет” орқали юборилган мурожаат давлат органи томонидан мажбурий қабул қилиниши ва кўриб чиқилиши керак. Мурожаат унда кўрсатилган масалаларни ҳал этиш ваколатига эга бўлмаган давлат органларига келиб тушса, беш кун муддатдан кечиктирилмай фойдаланувчини хабардор қилган ҳолда тегишли давлат органига юборилади.
Интернетдан фойдаланиш имконияти бўлмаган фуқаролар учун Ягона порталнинг маълумотлар маркази (Call-center) фаолият юритмоқда. Унинг 1060 қисқа телефон рақами орқали жорий йилнинг ўтган даврида аҳолидан 50 мингдан зиёд мурожаат тушган. Уларнинг барчаси тегишли тартибда кўриб чиқилган.
Ҳозир Ягона порталнинг янада қулай янги версиясини яратиш бўйича “LG CNS Uzbekistan” қўшма корхонаси билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда. Уни ишга тушириш 2017 йилнинг биринчи чорагига мўлжалланган.
Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон тарзда мурожаат йўллаш нафақат осон ва қулай, балки ишончли ҳамдир. Бунинг натижасида айрим бюрократик тўсиқлар бартараф этилаётир. Бир сўз билан айтганда, “электрон ҳукумат”нинг ривожи одамлар манфаатларини муҳофазалаш, жамиятимизда адолатни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Манба: ЎзА