Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси муддатидан олдин чорак финалга чиқди
2016-10-20 | Спорт
Баҳрайнда давом этаётган ўн тўққиз ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионати гуруҳ босқичи иккинчи турида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси австралиялик тенгдошларини мағлубиятга учратди.
Манама шаҳридаги “Халифа Спортс Сити” стадионида ўтган учрашувнинг 28-дақиқасида Бобир Абдухолиқов ҳисобни очган бўлса, орадан ўн дақиқа ўтиб Достон Ибрагимов ҳисобни 2:0 га етказди.
Иккинчи бўлимнинг 47-дақиқасида Достон Ибрагимов яна бир бор рақиб дарвозасини аниқ нишонга олди – 3:0. Учрашувнинг 63-дақиқасида Лиам Юллий пенальтидан ҳисобни қисқартирган бўлса, асосий бўлимга қўшиб берилган учинчи дақиқада Жорж Блэквуд ҳам ўн бир метрлик жарима тўпидан гол урди. Шу тариқа Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси 3:2 ҳисобида зафар қучиб, муддатидан олдин чорак финал йўлланмасини ҳал қилди.
“D” гуруҳидаги Тожикистон ва Хитой ёшлар терма жамоалари ўртасидаги баҳс 2:0 ҳисобида якунланди.
21 октябрь куни бўладиган учинчи турда футболчиларимиз хитойлик тенгдошлари билан баҳслашса, Австралия ёшлар терма жамоаси Тожикистон ёшлар терма жамоаси билан куч синашади.
Манба: ЎзА