Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Округ сайлов комиссиялари аъзолари учун семинар-тренинг

2016-09-28 | Сайлов

Тошкентда Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиялари аъзолари учун онлайн семинар-тренинг ташкил этилди. Унда Марказий сайлов комиссияси ва барча округ сайлов комиссияларининг аъзолари, матбуот марказлари раҳбарлари, сайлов ҳуқуқи бўйича экспертлар, сиёсий партиялар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган семинар округ сайлов комиссиялари аъзоларининг сайлов қонунчилиги ва уни амалиётда қўллаш бўйича билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлаш, округ сайлов комиссиялари фаолиятини ташкил қилиш, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш масалаларига бағишланди. 

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов шу йил 4 декабрда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови мамлакатимиз ҳаётидаги ғоят муҳим ижтимоий-сиёсий воқеа эканини алоҳида таъкидлади. Юртимизнинг келажаги, унинг янада тараққий этиши бўлажак сайловнинг юқори савияда ташкил этилиши, унда сайловчиларнинг фаоллигига кўп жиҳатдан боғлиқдир. 

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда мустақиллик йилларида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида демократик талабларга ва умумэътироф этилган халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган, фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш кафолатларини таъминлайдиган миллий сайлов тизими яратилди. 

Қонунчилигимизда Марказий сайлов комиссияси раҳбарлигида сайловларнинг қонун талабларига тўла мувофиқ равишда ташкил этилиши ва ўтказилишини таъминлайдиган, фақат қонунга бўйсунадиган мустақил сайлов комиссиялари тизимининг мустаҳкамлаб қўйилгани миллий сайлов тизимининг энг муҳим хусусиятидир. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни Марказий сайлов комиссияси, округ ва участка сайлов комиссиялари амалга оширади. 

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ҳокимият органларининг ҳеч қандай аралашувисиз сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишни таъминлайдиган, давлат ҳокимияти тизимида алоҳида ўрин тутган конституциявий орган мақомига эга. У ўз фаолиятини мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик, адолатлилик принциплари асосида олиб боради. 

Семинар-тренингда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига оид қонун ҳужжатлари ва Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган Асосий тадбирлар дастурига мувофиқ сайловга тайёргарлик кўрилаётгани айтиб ўтилди. Сиёсий партияларга сайловда иштирок этишга ижозат берилди. Сайлов округлари ва округ сайлов комиссиялари шакллантирилиб, уларнинг фаолият юритиши учун барча шарт-шароитлар яратилди. Сайловнинг очиқ ва ошкоралигини, транспарентлигини таъминлаш мақсадида оммавий ахборот воситалари вакиллари аккредитациядан ўтказилмоқда, халқаро кузатувчиларга таклифномалар юборилди. 

“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонунга мувофиқ округ сайлов комиссиялари зиммасига қатор вазифалар юкланган. Сайловга оид қонунларнинг округ ҳудудидаги ижросини назорат қилиш, унинг бир хилда қўлланилишини таъминлаш шулар жумласидандир. Улар, шунингдек, сайлов участкаларини тузади, уларнинг округ бўйича тартиб рақамини белгилайди ҳамда манзилини кўрсатган ҳолда рўйхатини эълон қилади. Участка сайлов комиссияларининг фаолиятини мувофиқлаштириб боради. Сиёсий партиялар вакилларининг, сайлов округи ҳудудида жойлашган корхоналар, муассаса ҳамда ташкилотлар раҳбарларининг сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан ахборотларини эшитади. 

Семинарда алоҳида қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи сайлов комиссиялари ўз ишида қонунийлик, сайлов жараёнининг очиқлиги ва ошкоралиги каби тамойилларини таъминлашга доимий эътибор бериши лозим. 

Семинар-тренинг давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг асосий вазифалари, миллий сайлов қонунчилигига киритилган сўнгги ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти тушунтирилди. Сайлов комиссияларининг сиёсий партиялар билан ўзаро муносабатлари, халқаро сайлов стандартлари, фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари, сайловнинг очиқ ва ошкоралигини таъминлашда матбуот марказларининг вазифалари кўрсатиб берилди. Кузатувчилар институтининг сайлов жараёнидаги ўрни ва аҳамияти, округ сайлов комиссиялари фаолиятининг ташкилий жиҳатлари, шунингдек, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ бошқа масалаларга бағишланган маърузалар тингланди. 

Семинар иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот маркази, Тошкент шаҳар округ сайлов комиссияси фаолияти билан танишди. 

Поделиться