Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Жаҳон банки вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди
2023-09-07 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 5 сентябрь куни Иқтисодиёт ва молия вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Татьяна Проскурякова бошчилигидаги Жаҳон банки делегацияси вакиллари билан учрашув ўтказди.
Учрашувда Иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов, Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Жасур Каршибаев, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодиёт ва минтақавий тадқиқотлар институти директори Умид Абидхаджаев ҳамда меҳмонлар томонидан Жаҳон банкининг ўтказмалар бўйича менежери Инду Жон-Абраҳам, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари вазифасини бажарувчи Раҳимжон Ассангазиев, Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги Барқарор ривожланиш бўйича минтақавий директори Самеҳ Нагиб Ваҳба, Жаҳон банкининг шаҳар бўйича етакчи мутахассиси Моҳамед Нада, катта мутахассиси Росанна Нитти ҳамда катта иқтисодчиси Пинар Яшар иштирок этди.
Суҳбат авввалида томонлар Ўзбекистонда иқтисодий, ижтимоий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, шу билан бирга, Жаҳон банкининг истиқболли лойиҳалари ҳамда DPO-6 ни ишлаб чиқиш тўғрисида сўз юритдилар.
DPO (Development Policy Operation) бу – мамлакатнинг инклюзив ва рақобатбардош бозор иқтисодиётига ўтишини тезлаштирадиган муҳим иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларни амалга оширишини қўллаб-қувватлаш учун Жаҳон банки томонидан бериладиган паст фоизли имтиёзли кредит ҳисобланади.
Бундан ташқари, урбанизация ва ер ислоҳоти дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда мавжудларини такомиллаштириш масаласи кўриб чиқилди. Сув танқис бўлган ҳудудларда муаммоларни бартараф этиш, шунингдек, сув ер остига сизиб кетаётган каналларни таъмирлаш юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув якунида вазирлик ва Жаҳон банки мутасаддилари юқорида қайд этилган лойиҳаларни ҳар томонлама кўриб чиқиб, амалга оширишда ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги