Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қишлоқ хўжалиги вазирининг Рим учрашувлари
2023-07-03 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов Рим шаҳрида ўтаётган БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг 43-конференцияси доирасида бир қатор мамлакатлар қишлоқ хўжалиги вазирлари билан учрашувлар ўтказди.
Хитой Халқ Республикаси Қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ ишлари вазири Тан Чжэньцзян билан учрашувда икки мамлакат ўртасидаги қишлоқ хўжалигига оид ҳамкорлик истиқболлари муҳокама этилди.
Чунончи, илм-фан йўналишида Хитой Қишлоқ хўжалиги фанлар академияси ва Ўзбекистон Қишлоқ хўжалигида билимлар ва инновациялар миллий маркази ресурсларидан фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги илмий лойиҳаларни молиялашга қаратилган икки томонлама дастурни ишлаб чиқиш таклиф этилди. Бу йўналишда шўрланган ва қурғоқчил ерларда қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришга алоҳида эътибор бериш мақсадга мувофиқ экани таъкидланди.
Шунингдек, учрашувда таълим соҳасидаги ҳамкорликка ҳам тўхтаб ўтилди. Азиз Воитов икки вазирлик шафелигида ўзбекистонлик мутахассислар учун қишлоқ хўжалиги курсларини мунтазам ташкил этишни таклиф этди.
Хитой камбағалликка қарши курашиш борасида муваффақиятли тажрибага эга. Қишлоқ хўжалиги камбағалликка қарши курашишда муҳим ўрин тутиши боис, Хитойнинг бу борадаги тажрибасини ўрганиш катта аҳамият касб этиши таъкидланди.
Вазир Хитойнинг Янлин Қишлоқ хўжалигида юксак технологиялар намойиши ҳудуди билан ҳамкорликда Агроинновация паркини ташкил этиш масаласига тўхталар экан, уни ташкил этишга оид меморандумни онлайн-форматда имзолаб, парк пойдеворининг илк рамзий тошини қўйиш маросимини сентябрда ўтказишни таклиф этди.
Азиз Воитовнинг навбатдаги учрашуви Озарбайжон Қишлоқ хўжалиги вазири Мажнун Мамедов билан бўлди. Учрашув давомида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги икки томонлама алоқаларнинг бугунги ҳолатига баҳо берилди, ҳамкорлик истиқболлари муҳокама этилди.
Жумладан, агросуғурта ва қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш борасида Озарбайжон тажрибасини еўрганиш, пахтачиликда ўзбек селекциясига мансуб ғўза навларини Озарбайжонда оммалаштириш, шунингдек ипакчилик ва ветеринария соҳаларида ҳамкорликни янада чуқурлаштириш борасида фикр алмашилди.
Эстония Қишлоқ хўжалиги вазири Мадис Каллас билан ўтказилган учрашувда икки мамлакат қишлоқ хўжалиги соҳалари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш давр талаби эканлиги таъкидланиб, ушбу учрашув истиқболли алоқалар учун тамал тошини қўйишига умид билдирилди.
Ушбу ҳамкорликнинг бош йўналиши сифатида агротаълим соҳасидаги ҳамкорлик тилга олинди. Жумладан, икки мамлакат аграр университетлари ўртасида ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви масалалари кўриб чиқилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорти истиқболлари муҳокама этилди, жумладан Болтиқбўйи мамлакатига барра қовун, кўкат, шунингдек туршак ва майиз етказиб бериш имкониятлари юқори баҳоланди.
Эстонияда органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига эътибор кучли экани маълум. Ўзбекистонда ҳам кейинги йилларда Global GAP стандартларига жавоб берувчи маҳсулот етиштиришга иалоҳида эътибор берилмоқда. Шуларни ҳисобга олган ҳолда, икки мамлакат вазирликлари ўртасида органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича тажриба алмашиш дастурини ташкил этиш таклифи ўртага ташланди.
Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазири хорижий ҳамкасблари билан учрашувларда 7-8 сентябрда Самарқандда ФАО билан ҳамкорликда Озиқ-овқат хафсизлигига бағишланган халқаро конференция ўтказилишини алоҳида таъкидлаб, ушбу мамлакатлар қишлоқ хўжалиги соҳаси вакилларини конференцияда фаол қатнашишга таклиф этди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги