Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва ФАО ҳамкорлиги муҳокама этилди
2023-07-03 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов Рим шаҳрида ўтаётган БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг 43-конференцияси доирасида ФАО бош директорининг ўринбосари, Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий вакили Владимир Рахманин билан учрашди.
ФАО 1945 йил 16 октябрда ташкил топган бўлиб, 1946 йилда БМТнинг озиқланиш, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ихтисослашган муассасаси мақомига эга бўлди. Ташкилотнинг бош қароргоҳи Рим (Италия)да жойлашган бўлиб, 194 та давлат ташкилот аъзоси саналади.
Ўзбекистоннинг ФАО билан ҳамкорликдаги қўшма лойиҳаларининг жами сони 66 та бўлиб, умумий қиймати 70,05 млн долларни ташкил этади. Бугунга қадар жами 15,03 млн долларлик 33 та лойиҳани амалга ошириш якунланди. Ҳозирда 33 та лойиҳа устида иш олиб
борилмоқда (умумий қиймати – 55,14 млн доллар) ва умумий қиймати 41,3 млн долларга тенг 4 та лойиҳа ишлаб чиқилмоқда.
Учрашувда вазир ташкилот билан ҳамкорлик жўшқин бораётганлигини қайд этди, Ўзбекистон томони қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш ва мамлакат озиқ-овқат тизимини қайта ташкил этишга қаратилган дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишдаги ФАОнинг ролини юқори баҳолашини маълум қилди.
Шунингдек, учрашувда ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси фаолиятини кенгайтириш лозимлиги таъкидланди, кадрлар тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш, шу мақсадда ўзбекистонлик ёшлар учун қўшма дастур ташкил қилиш таклифи ўртага ташланди.
Азиз Воитов таъкидлаганидек, 7-8 сентябрда Самарқандда ФАО билан ҳамкорликда Озиқ-овқат хафсизлигига бағишланган халқаро конференция ташкил этилади. Учрашувда ушбу глобал аҳамиятга эга тадбирни ўтказишга оид ташкилий масалалар ҳам муҳокама этилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги