Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
БМТТД билан истиқболдаги ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди
2023-06-13 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 12 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазири Шерзод Кудбиев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури (БМТТД)нинг Европа ва МДҲ бўйича минтақавий бюроси директори Ивана Живкович бошчилигидаги БМТТД масъулларидан иборат делегация билан учрашди.
Учрашувда вазирлик тузилма раҳбарлари ҳамда БМТТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Матилда Димовска ва бошқа мутахассислар иштирок этди.
Учрашувда БМТТД билан ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва галдаги вазифаларга тўхталиб ўтилди. Хусусан, Барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) эришиш, камбағалликни қисқартириш ҳамда қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш ва «Ташаббусли буджет» лойиҳаси ва унинг одамларни фаолликка чорлашдаги аҳамияти, ижтимоий ҳимоя ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган масалаларга эътибор қаратилди.
– Ўзбекистон биз учун муҳим стратегик ҳамкор ҳисобланади ва биз айнан мамлакатингиз билан 30 йилдан бери ишлаётганимиз бежиз эмас. Ўзбекистонга ташриф доирасида Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманига бордик. Орол денгизи талафотларини бартараф этиш бўйича бир мамлакатнинг ўзи ечим топиши анча мушкул масала. Халқаро ташкилотлардан ёрдам жалб қилиш чорасини кенгайтириш зарур. Ўз ўрнида Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги Конституциясида ижтимоий ҳимоя ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари алоҳида ўрин олгани бизни хурсанд қилди. Ҳудудларда амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида ушбу йўналишлардаги вазифаларнинг амалдаги ижросига гувоҳ бўлмоқдамиз. Албатта бу ишлар атроф-муҳитни муҳофаза қилишга оид ҳамкорлигимизга ҳамоҳангдир, – деди Ивана Живкович.
Учрашув кун тартибида истиқболдаги ҳамкорлик йўналишлари ҳамда БМТТД томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларда Ҳукуматга кўмаклашиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунлари бўйича томонлар ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш ва муҳокама чоғида эътибор қаратилган йўналишлар юзасидан лойиҳаларни кенгайтиришга келишиб олдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги