Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Тиббиётда трансформация: Тошкентда халқаро инвесторлар жам бўлди

2023-04-13 | Соғлиқни сақлаш

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан пойтахтимиздаги “Trilliant Tashkent” меҳмонхонасининг анжуманлар залида “Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш тизими трансформацияси” мавзусида халқаро форум ўтказилди.

Унда АҚШ, Хитой, Россия Федерацияси, Туркия, Германия, Франция, Венгрия, Япония, Ҳиндистон, Корея Республикаси, Бирлашган Араб Амирликлари каби 20 га яқин хорижий давлатларнинг юртимиздаги дипломатик корпус вакиллари, халқаро ташкилотлар масъуллари, мамлакатимизда чет эллик инвесторлар билан ҳамкорликда ташкил этилган хусусий тиббиёт клиникалари раҳбарлари, Ўзбекистон бозорига сармоя киритиш ва давлат-хусусий шериклик лойиҳаларида иштирок этиш истагида бўлган халқаро донорлар ҳамда маҳаллий йирик тадбиркорлардан иборат 1000 нафар қатнашчи офлайн ва 500 нафари онлайн тарзда иштирок этди.

Форумда Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов сўзга чиқиб, йиғилганларни нуфузли тадбирдаги иштироки билан қутлади.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда юртимиз соғлиқни сақлаш тизимида хусусий сектор ва давлат-хусусий шериклик механизмларини янада ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилиб, бу йўналишда Президентнинг 6 та Фармон ва қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги Қонуни қабул қилинди.

Мамлакатимизда хусусий сектор учун барча зарур шарт-шароит ва имкониятлар яратилиб, тадбиркорлар барча солиқ ва божхона тўловларидан озод қилинди. Натижада охирги 6 йилда юртимизда хусусий клиникалар сони 2,5 бараварга ортиб, 8 мингтага етди. Ваҳоланки, бу рақам 2017 йилда атиги 3 мингтани ташкил қилган эди. Шунингдек, айни пайтда Ўзбекистонда хорижий инвестициялар иштирокидаги 159 та хусусий шифохона фаолият олиб бормоқда.

Албатта бундай ижобий ўзгаришлар сабабли сўнгги йилларда соғлиқни сақлаш тизимида нодавлат тиббиётнинг улуши 30 фоиздан ортиб, бу кўрсаткични 2025 йилда камида 60 фоизга етказиш кўзда тутилган. 

Яна шуни таъкидлаш керакки, мамлакатимизда хусусий тиббиёт учун чекловлар олиб ташланиши натижасида бугунги кунда улар шуғулланадиган йўналишлар сони 50 тадан 130 тага ошди. Хусусан, Давлат тиббий суғурта жамғармаси билан 33 та хусусий тиббиёт муассасаси шартнома асосида давлат буюртмаси олиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож беморларга 11 млрд. сўмлик тиббий хизмат кўрсатди.

Форумда вазир А.Иноятов 2023 йил бу йўналишдаги ишлар бутунлай янги босқичга кўтарилиб, маҳаллий тадбиркорлар ва хорижий инвесторлар учун қатор қулайликлар яратилишини таъкидлаб ўтди. Нафақат тиббиёт тизимига сармояларни жалб қилиш, балки соғлиқни сақлаш соҳасига инновацияларни жорий этиш ва тиббий хизмат сифатини оширишга ёрдам берадиган шерикликнинг янги шаклларини ривожлантириш масалалари атрофлича муҳокама этилди.
 
Шунингдек, халқаро анжуманда соғлиқни сақлашнинг хусусий секторида лицензиялаш ва аккредитациялаш борасида кутилаётган ўзгаришлар, тиббий туризм ҳамда соҳада давлат-хусусий шерикликни ривожлантиришга доир маърузалар тингланди.
 
Форум якунида 1 млрд. АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестицияларни жалб қилиш кўзда тутилган халқаро меморандумлар имзоланди.
 
Бундан ташқари, анжуманда юртимизга кўп миқдорда инвестиция киритган ва соҳада самарали фаолият юритаётган 25 нафар хусусий тиббиёт муассасалари раҳбарлари “Соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
 
Форумда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари доктор Ашина Халакдина, Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Маниш Прабхатлар ҳам иштирок этиб, мавзу доирасида ўз фикрларини билдириб ўтди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Поделиться