Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ҳоким ёрдамчиларининг фаолияти ва истиқболдаги вазифаларига бағишланган анжуман
2022-12-28 | Сиёсат
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан маҳаллаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш ва шу орқали камбағалликни қисқартириш мақсадида 2022 йил 1 январдан бошлаб ҳар бир маҳаллада «ҳоким ёрдамчиси» лавозими жорий этилди.
Бугунги кунда республикадаги 9,3 мингдан ортиқ маҳаллаларда иқтисодий комплекс таркибига кирувчи ташкилотларда раҳбар лавозимида ишлаб келган иқтисодчилар ҳоким ёрдамчиси сифатида фаолият кўрсатмоқда.
Ҳоким ёрдамчилари фаолиятини самарали ташкил этиш ва баҳолаб бориш имконини берувчи ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар маълумотлар базалари билан интеграция қилинган «Онлайн маҳалла» платформаси ишга туширилди.
Биринчи босқичда, ҳоким ёрдамчилари томонидан маҳаллалардаги 6,9 млн. хонадонлар хатловдан ўтказилиб, ижтимоий-иқтисодий аҳволига кўра 4 та тоифага ажратиб олинди. Хатловда аҳолининг касб-ҳунарга ўқиш, тадбиркорлик билан шуғулланиш, кредит олиш ва бошқа истаклари ўрганиб чиқилди.
Ҳоким ёрдамчиларига яратиб берилган шароит ва молиявий дастаклар қисқа даврда, уларга маҳалла аҳли билан ижобий муносабат ўрнатиш имконини бериб, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлари натижадорлигини оширди.
Ҳоким ёрдамчиларига бу масалаларни ҳал этиш учун 2022 йилда жами 12,5 трлн.сўм (1 млрд. доллар) миқдорида молиявий инструментлар манбалари шакллантириб берилди.
Маҳаллаларнинг ихтисослашувидан келиб чиқиб, аҳолини барқарор даромад билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бундан ташқари, ҳоким ёрдамчилари томонидан маҳаллалардаги мавжуд муаммо ва имкониятлар ўрганилиб, ҳар бир маҳалла бўйича «йўл харита»лари ишлаб чиқилди.
2022 йилнинг ўтган даври мобайнида ҳоким ёрдамчилари томонидан 1,2 млн нафар аҳоли доимий иш жойларига жойлаштирилди, 997 минг нафари ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатга олинди, 101 минг нафари якка тартибдаги тадбиркорликка (ёлланма ишчилари билан биргаликда) ва 158 минг нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинди, 418 минг нафар фуқарога ижара асосида ер ажратилди.
Оилавий тадбиркорлик дастури доирасида ҳоким ёрдамчилари тавсияномалари асосида 388 мингта лойиҳага 9 трлн. сўмлик кредит ажратилди.
Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, уларга меҳнат қуроллари ва асбоб-ускуналари олиб бериш бўйича 174,0 млрд сўмлик субсидиялар ажратилди.
Касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқишга 243 минг нафар фуқаро йўналтирилиб, «Ишга марҳамат» мономарказлари ва бошқа нодавлат таълим муассасаларида 195 минг нафари ўқишни тамомлади.
Ҳоким ёрдамчилари томонидан шакллантирилган 48 мингдан ортиқ «маҳаллабай» микролойиҳаларнинг 47 мингтаси ишга туширилиб, 232 мингга яқин иш ўринлари яратилди.
Натижада маҳаллаларда 84 мингта юридик ва 95 мингта якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилди.
Аҳоли яшаш шароитини яхшилаш мақсадида ҳоким ёрдамчиларининг саъй-ҳаракати билан маҳаллаларда:
20,6 минг км таъмирталаб ички йўллар шағаллаштирилди, 10,6 минг км йўллар асфальтлаштирилди, маҳалла ҳудудидан ўтувчи магистраль йўл ёқасида 1,8 минг км пиёдалар йўлаги барпо этилди;
фойдаланишга яроқсиз ҳолга келган 6,5 минг дона трансформатор, 178 минг дона симёғочлар ва 151,7 минг дона тунги чироқ алмаштирилди;
40,7 минг км ариқларни тозалаш ва 9,3 минг та вертикал ва кичик суғориш қудуқларини қуриш орқали 332 мингдан ортиқ хонадонлар томорқаси сув билан таъминланди.
Бугунги анжуман халқаро экспертлар, вазирликлар, идоралар, банклар, маҳаллий ҳокимликлар, ҳоким ёрдамчилари ва тадбиркорлар иштирокида ташкил этилади. Унда ҳоким ёрдамчиларининг «маҳаллабай» ишлашда йўл қўйилган камчиликлар ва муаммолар ҳамда «маҳаллабай» ишлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш юзасидан келгусидаги истиқболли режалар муҳокама қилинади.
Тадбир доирасида қуйидаги йўналишлар бўйича сессиялар ташкил этилади:
- тадбиркорликни ташкил этиш ва ривожлантириш - молиявий ресурслар билан таъминлаш имкониятлари, микрокредитлаш тизими, муаммолар ва янги ёндашувлар;
- ижара асосида ажратилган ер майдонларида «бир контур – бир маҳсулот» тамойилининг жорий этилиши, «агрегатор» тизимининг афзалликлари, ижарачиларни кооперативларга бирлаштириш, ердан олинадиган даромадни ошириш;
- аҳолини даромадли меҳнат билан бандлигини таъминлаш, мавсумий ишлар, касаначилик ва кооперацияларни ташкил этиш, ўзини ўзи банд қилиш ҳамда бу борадаги мавжуд солиқ имтиёзлари;
- аҳолини камбағалликдан чиқариш механизмлари: касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, нодавлат-нотижорат ташкилотлар билан ҳамкорлик, субсидиялаш тизими ва бошқалар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги