Жорий йилнинг 17 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби ёрдамчиси Ҳаолианг Ҳу билан учрашув ўтказди.
Учрашувда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матилда Димовска, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили ўринбосари Доина Мунтеану, БМТТД инклюзив ўсиш кластери раҳбари Баҳодир Беков иштирок этдилар.
Учрашув давомида минтақавий иқтисодий тараққиёт, яшил ва инклюзив ўсишни таъминлаш, яшил лойиҳаларни амалга ошириш, яшил трансформация жараёнларида техник ёрдам кўрсатиш, камбағалликни қисқартириш, инсон капиталини ривожлантириш, жумладан, таълим, ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш, рақамли иқтисодиёт, ахборот технологиялари, тадбиркорлик, хизматлар соҳаси, инновация соҳаларидаги кўникмаларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, БМТ Тараққиёт дастури ва Швейцария билан ҳамкорликда 2022–2024 йилларда “Ёшларнинг рақамли иқтисодиёт ва рақамли тадбиркорликка қўшилиш имкониятларини кенгайтириш” лойиҳаси амалга оширилмоқда. БМТТД ҳукуматга рақамли тадбиркорлик муҳити ва ёш тадбиркорларнинг рақамли кўникмаларини сезиларли даражада яхшилашга ёрдам беради. Ушбу тадбирлар бутун мамлакат бўйлаб ёшлар учун рақамли кўникмалар ва рақамли тадбиркорлик бўйича кенг кўламли ўқув дастурлари доирасида ёшларнинг рақамли кўникмаларини ривожлантириш орқали меҳнат бозор талабларига рақобатбардош ёш кадрларни етиштириб чиқаришга қаратилган.
Шунингдек, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, IT Парк ва БМТТД томонидан “Youth Digital Skills” дастури ишга тушунтирилди. Дастур фуқаролар бандлигини ҳамда рақобатбардошликни ошириш ва тенгсизликни камайтириш, инклюзив, инновацион ва барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш ва иш ўринлари яратишга ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Дастур доирасида ёшлар ва аёлларга рақамли кўникмаларни ўргатиш – интернетда муҳим контентни топиш ва баҳолаш қобилиятидан тортиб, илғор фойдаланувчи “
know-how”лари, яъни интернет-маркетинг ва савдо йўналишлари, ахборот технологияларининг деярли бутун соҳасини қамраб олувчи ҳамда мамлакатимизда рақамли тадбиркорликни янада ривожлантиришга қаратилган 13 та ташаббус амалга оширилмоқда. (
Батафсил)
Шунингдек, учрашувда томонлар ҳудудларда ижтимоий йўналишда фуқаролар ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган “Open Budget” лойиҳаси, инсонлар яшаш даражасини ошириш, энергия самарадорлигини ошириш, ижтимоий соҳа объектларида қуёш панелларидан фойдаланишни ривожлантириш, амалга оширилаётган қишлоқ инфратузилмасини барқарор ривожлантириш бўйича лойиҳалар юзасидан фикр алмашдилар.
Хусусан, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Ислом тараққиёт банки, ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси ва БМТ Тараққиёт дастури иштирокида “Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа ҳудудларда қишлоқ аҳолисининг асосий инфратузилма сифатини ошириш ва лойиҳа қамраган қишлоқлардаги ҳаётий фаолиятни таъминловчи хизматлар сифатини яхшилаш, хусусан, йўллар қурилиши, транспорт инфратузилмасини, инженерия ва коммуникация тармоқларини ҳамда ижтимоий аҳамиятга молик иншоотлар қаторига кирувчи мактабгача таълим муассасалари, мактаблар, қишлоқ врачлик пунктлари ва электр-коммуникация тизимларини яхшилаш мақсадида ишлаб чиқилган.
Лойиҳа Қорақалпоғистон Республикаси (46 та МФЙ), Хоразм (49 та МФЙ), Бухоро (41 та МФЙ) ва Навоий (34 та МФЙ) вилоятларининг 20 та туманидаги 170 та МФЙ (40 та марказий, 130 та ёндош маҳалла)ларда амалга оширилади. Бунда, ижтимоий ва инфратузилма объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш кўзда тутилган. (
Батафсил)
Учрашув сўнгида томонлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш ҳамда кенгайтиришга келишиб олдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги