“Ўзбекистон ҳудудларида иқтисодий ислоҳотларни ва барқарор иқтисодий ривожланишни қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси доирасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги кооперативларни ривожлантириш учун Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Германия Халқаро Ҳамкорлик Жамияти (GIZ) билан биргаликда “Қишлоқ хўжалиги кооперативи тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигида ушбу қонун лойиҳасининг якуний муҳокамасига бағишланган мутахассислар иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда лойиҳанинг афзалликлари, бу борада олиб борилган ишлар бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Аввалги қонунда. Маълумки, 1991 йилда “Кооперация тўғрисида”ги қонун қабул қилинган эди. Олдингги қонун лойиҳаси замонавий ишлаб чиқариш билан уйғунлашмаганди. Унда асосан умумий кооперациялар тўғрисида бандлар берилган бўлиб, қишлоқ хўжалигига оид алоҳида бандлар келтирилмаган. Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида бозор механизмлари жорий этилиб, эркин рақобат муҳити шаклланяпти ва бир вақтнинг ўзида кластер, фермерлар, деҳқон хўжаликлари ҳамда кооперативлар фаолият олиб бормоқда.
Янги қонунга эҳтиёж. Охирги йилларда қишлоқ хўжалигида кичик тадбиркорлик субъектлари пайдо бўлмоқда. Улар ўзаро кооперативларга бирлашган ҳолда ривожланиш йўлини танламоқда. Бу келгусида улар учун зарурий, ташкилий-ҳуқуқий асосни мустаҳкам яратиб беришни талаб этади. Келгуси йилларда кооператив муносабатлар ишлаб чиқарувчилар ўртасида ривожланишини кўрсатади. Бу борада эса хорижнинг кооперативларга оид энг илғор тажрибаларини, қонунчилигини чуқур ўрганган ҳолда янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқилишига туртки бўлди.
Хорижий экспертлар билан биргаликда. Қонун лойиҳаси Германия давлати қишлоқ хўжалигининг кооперативлар фаолиятига оид узоқ йиллик тажрибага эга 3 нафар эксперти билан биргаликда ишлаб чиқилди. Алоҳида таъкидлаш жоиз, бу жараёнда маҳаллий экспертлар, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги илмий муассасаларнинг олимлари ва амалиётчилари фаол иштирок этишди. Шунингдек, ушбу қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнида Ишчи гуруҳ бевосита фаолият юритаётган кооперативлар, томорқа ер эгалари, фермерлар билан биргаликда фикр-мулоҳазалар алмашиниб, ҳамкорлик олиб борилди. Яна бир муҳим жиҳати, қонун лойиҳасини қабул қилишда республикамиздаги 700 нафардан ортиқ фермерлар ўртасида сўровномалар ўтказилди. Сўровномаларда кооперативлар ривожланиб кетмаслигининг сабаблари ўрганилиб, хорижий экспертлар томонидан таҳлил қилинган ҳолда, унинг ечимлари қонун лойиҳадан ўрин олди.
2021 йилда вазирликнинг ички Ишчи гуруҳи томонидан дастлабки қонун лойиҳаси ишлаб чиқилганди. У 9 боб, 48 моддадан иборат эди. Янги лойиҳада эса, эксперт мутахассисларнинг фикрича, ишлаб чиқарувчиларнинг манфаатлари янада мустаҳкамланиши, хорижий давлатлар тажрибалари чуқур таҳлил қилиниши, лойиҳа яна бойитилиши керак, деган фикрлар илгари сурилди. Шундан келиб чиқиб, янги “Қишлоқ хўжалиги кооперативи тўғрисида”ги қонун лойиҳаси 11 боб, 60 моддадан иборат этиб, қайтадан ишлаб чиқилди.
Уни барча тушунади. Мазкур қонун лойиҳаси содда ва равон услубда, ҳар бир ишлаб чиқарувчи, хусусан томорқа ер эгаси, фермер, деҳқон тушунадиган тилда баён этилган. Унда кооперативнинг ташкилий тузилмасидан токи унинг молиявий ҳолати, аудит текшируви, давлат ва кооператив ўртасидаги муносабатлар, бошқарув тузилмаси ва бошқа ташкилий масалалар аниқ ва батафсил берилган.
Қонун лойиҳаси ишлаб чиқувчилари муҳокамаси бўлиб ўтди. Энди вазирлик ва тегишли идораларнинг хулоса берувчи органларида онлайн муҳокамалар тарзда бўлиб ўтади. Мана шу жараёнлардаги таклифлар эса Ишчи гуруҳининг телеграм канали орқали ёритиб борилади.
Кооператив ва кластерлар. Кооперативларда ҳуқуқий асоснинг борлиги бу қишлоқ хўжалигида рақобат муҳитини янада ривожлантиради. Яъни қишлоқ хўжалигида 800 дан ортиқ агросаноат кластерлари фаолият олиб бормоқда. Бу ўз-ўзидан кооперативга бирлашган фермерлар томонидан кластерлар билан ҳамкорликда иш ташкил қилиш борасида қонун лойиҳасида аниқ моддалар белгиланмоқда. Яъни кейинчалик кластерлар мана шу кооперативлар билан ҳамкорликда фаолият олиб боради.
Фойда тенг тақсимланади. Ушбу қонун лойиҳаси кичик фермер хўжаликларининг битта кооперативга бирлашиш орқали даромадларини оширишга қаратилган. Кооперативлар мустақил, ихтиёрий бошқарув бўлиб, бунда давлатнинг, маҳаллий ҳокимиятларнинг аралашуви кузатилмайди. Бунда кооперативга аъзолар ичидан раҳбарлар тайинланади, келишилган ҳолда бошқарувчи-менежерлар ҳам ишга олинади. Пай улушини қўшган ҳолда ўзлари кооперативни бошқаради. Кооперативлар ҳамма вақт ўз аъзоларини манфаатларини кўзлайди ва ҳимоя қилади. Кооперативга мустақил ва ихтиёрий равишда аъзо бўлган фермер якуний даромаддан ҳам ўз улушини олади. Яъни кооперативда аъзолар фойдалари ҳисобига умумий даромад қилишади ва ундан ҳам улуш олишади.
Қонун лойиҳаси қуйидаги халқаро умумэътироф этилган тамойилларга асосланади:
Ихтиёрий ва очиқ аъзолик;
Аъзолар томонидан демократик назорат;
Аъзоларнинг иқтисодий иштироки;
Автономлик ва мустақиллик;
Таълим, ўқитиш ва ахборот;
Кооперативлар ўртасида ҳамкорлик;
Жамият учун қайғуриш.
Ушбу қонун лойиҳаси 2023 йилнинг 1 февралигача муҳокама қилиниб, тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги