Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Президенти ЕХҲТ Олий комиссари билан ҳамкорликнинг асосий йўналишларини муҳокама қилди
2022-08-03 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2 август куни мамлакатимизда ташриф билан бўлиб турган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Миллий озчиликлар масалалари бўйича Олий комиссари Қайрат Абдураҳмоновни қабул қилди.
Амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари ҳамда миллатлараро тотувлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш соҳасида қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилди.
ЕХҲТ институтлари билан устувор йўналишларда – хавфсизлик, иқтисодиёт ва экология соҳаларида, гуманитар йўналишдаги конструктив мулоқот ва сермаҳсул ҳамкорликнинг бугунги даражаси мамнуният билан қайд этилди. Ўрта муддатли истиқболда қарийб 50 та тадбирни ўтказиш назарда тутилган “йўл харитаси” биргаликда амалга оширилмоқда.
Учрашувда Олий комиссар мамлакатимизда бағрикенглик ва гуманизм маданиятини ривожлантириш, миллатлараро ва фуқаролараро англашув ва тотувликни таъминлаш, шу асосда ёш авлодни тарбиялаш бўйича олиб борилаётган сиёсатга юксак баҳо берди.
Ўзбекистоннинг Марказий Осиё минтақасида дўстлик, яхши қўшничилик ва кўп қиррали шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш, Афғонистоннинг тинч ривожланиши ва иқтисодий тикланишига кўмаклашиш борасидаги ташаббуслари қўллаб-қувватланди.
Қатор қўшма тадбирлар – миллиатлараро тотувлик масалалари бўйича минтақавий семинар, халқаро тажриба ва ЕХҲТ тавсияларининг тақдимотини ўтказиш, шунингдек, Ўзбекистон делегациясининг миллатлараро муносабатлар муаммосига бағишланган давра суҳбатида иштирок этиши юзасидан келишувларга эришилди.
Кўп тилли таълим соҳасида, шу жумладан Марказий Осиё таълим дастури доирасида лойиҳаларни амалга ошириш ҳам кўзда тутилган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти