Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегияси бўйича маълумот
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегияси тасдиқланди. Стратегия Халқаро Меҳнат Ташкилотининг “Минимал ижтимоий ҳимоя даражалари тўғрисида”ги 202-сон тавсиясига мувофиқ барча фуқаролар учун минимал ижтимоий ҳимоя даражасини кафолатлаш тизимини яратишни назарда тутади.
Ижтимоий ҳимоя стратегияси ушбу соҳадаги тўрт йўналишни қамраб олган. Хусусан, Стратегияда ижтимоий хизматлар, ижтимоий суғурта, ижтимоий ёрдам ва бандликка кўмаклашиш дастурларида амалга оширилиши кўзда тутилган ўзгаришлар белгилаб берилган. Шунингдек, бешинчи йўналиш сифатида соҳадаги вазирлик ва идораларнинг масъулият ва вазифаларини қайта кўриб чиқишга оид боб қўшилган.
Биринчи йўналиш бўйича, яъни ижтимоий хизматлар соҳасида, амалга ошириладиган чора бу ижтимоий хизматларни маҳалла даражасига туширишдир. Яъни, яқиндагина фаолияти жорий этилган маҳалладаги хотин-қизлар фаоллари зиммасига ижтимоий ҳимоя дастурларига эҳтиёжманд оилаларни йўналтириш юклатилади. 2022-2023 йиллар давомида ушбу хотин-қизлар фаоллари эҳтиёжманд оилалар билан ишлашга ўргатилиб, уларнинг фаолияти йўлга қўйилади. Бунда, хотин-қизлар фаоли маҳаллаларда эҳтиёжманд деб ҳисобланган оилаларга ташриф буюриб уларнинг муаммоларини ўрганади. Ҳар бир фаолнинг қўлида махсус планшет бўлади ва улар оилада ўтказилган суҳбат ва кузатувларга асосан тегишли маълумотларни планшетга киритади.
Мисол учун, чекка бир қишлоқда бир оила яшайди. Бу оиладаги она ишламайди, негаки унинг касалманд боласи бор. Аммо улар ушбу болага давлат томонидан кўрсатиладиган ёрдам ва хизматлар мавжуд эканлигидан хабари йўқ. Шунда, хотин-қизлар фаоли бу оилага ташриф буюрганда уларнинг муаммоларини тинглаб боради ва яшаш шароитини ўрганади. Бунда, у боланинг касаллигини билгач, тегишлича ногиронликни баҳолашга йўналтиради. Боланинг ногиронлиги баҳолангач, хотин-қизлар фаоли давлат томонидан кўрсатиладиган хизматлар ва ёрдамни олишга ариза беришга кўмаклашади. Яъни, бола тегишли техник реабилитасия мосламаси билан таъминланади, унга ҳар ой тўланадиган ногиронлик нафақаси тайинланади, онасига эса боланинг касаллигидан келиб чиқиб ногирон болани парвариш қилиш нафақаси тайинланади. Бундан ташқари, бола мактаб ёшида бўлса, хотин-қизлар фаоли уни мактабга жойлаштиришга ёрдам беради. Шундай қилиб, бу оиланинг ижтимоий ҳимояси тўлиқ таъминланади.
Шу тарзда, ҳар бир оилаларнинг индивидуал ҳолатидан келиб чиқиб, тегишлича давлат ижтимоий ёрдам ва хизматлари кўрсатилиб борилади.
Иккинчи йўналиш, яъни ижтимоий суғурта тизимини ислоҳ қилиш соҳасида, шу йилнинг август ойида Ижтимоий суғурта жамғармаси шакллантирилиши кўзда тутилган. Ушбу жамғармага маблағлар Давлат бюджетидан ажратилади. Кейинчалик эса, Молия вазирлигининг ҳисоб-китобларига асосан Жамғарманинг қўшимча манбалари аниқланади. Бу тизимнинг афзалликлари нимада?
Дастлабки босқичда, яъни сентябрдан бошлаб барча юридик шахсларда меҳнат шартномаси асосида ва Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг меҳнат тизимига киритилган тарзда расмий ишловчи аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш нафақасининг бир қисми давлат томонидан тўлаб берилади. Нафақанинг бу қисми ҳозирги вақтда минимал истеъмол харажатларидан келиб чиқиб тўрт ойга 2 млн. сўм миқдорида белгиланмоқда. Иш берувчи эса фақат нафақанинг Меҳнат кодексига мувофиқ қолган қисмини тўлаб беради. Бу ўз навбатида, иш берувчиларни ижтимоий тўловларнинг бир қисмидан озод этиб, аёлларни ишга олишга рағбатлантиради. Норасмий секторда, яъни меҳнат шартномасини тузмасдан, меҳнат дафтарчасини юритмасдан ишлаётган аёлларни эса меҳнат фаолиятини расмийлаштиришга рағбатлантиради. Негаки, аёл норасмий тарзда ишласа иш берувчи ҳам давлат ҳам унга ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тўлаб бера олмайди. Босқичма-босқич ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари иш берувчи зиммасидан олинади.
Кейинги босқичда, Ижтимоий суғурта жамғармасининг имкониятларидан келиб чиқиб, касаллик варақалари (болничний) асосида нафақа тўлаб бериш, иш берувчи тугатилган ҳолларда ишдан бўшатиш нафақасини тўлаб бериш давлат томонидан ижтимоий суғурта орқали амалга оширилади.
Учинчи йўналиш, бўйича, яъни ижтимоий ёрдам соҳасида кам таъминланган оилаларга тўлаб келинаётган болалар нафақасини ижтимоий шартнома тузиш орқали тўлаш тизими йўлга қўйилиши кўзда тутилган. Мисол учун, бошланғич босқичда ижтимоий мажбурият сифатида оиладаги болаларнинг мактабга доимий тарзда қатнаши белгиланади. Нега бундай шарт оилага қўйилмоқда? Чунки, болаларнинг таълими унинг келажагини аниқлайди. Таълим олган болалар келажакда ишга жойлашишда қийналмайди ва бу дегани унинг келажакдаги оиласи камбағаллик ҳолатига тушиб қолмайди. Яна бир ижтимоий мажбурият сифатида оиладаги болаларнинг барчаси тегишлича ҳар хил турдаги касалликларни олдини олишга қаратилган ваксиналарини олишидир.
Тўртинчи йўналиш, яъни бандликка кўмаклашиш соҳасида, асосий мақсад аҳолини доимий даромад манбаи билан таъминлашга қаратилади. Ҳозирги кунда, меҳнат органларига мурожаат қилган айрим шахслар ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинади. Аммо бу чоранинг камчилиги шундаки, у вақтинчалик чора, ва аниқ муддат ўтганидан сўнг жамоат ишларида қатнашаётган шахс яна ишсиз бўлиб қолаверади. Бундай ҳолатларни бартараф этиш учун, касб-ҳунарга ўқитиш ишлари кенгайтирилади. Яъни ишсиз шахс маълум бир касб эгаси бўлса у ишга жойлашиши осонлаштирилади. Ишга жойлашганидан сўнг бу одамнинг муҳтожлиги бартараф этилади ва бундай ёндашув вақтинча эмас балки узоқ муддатга қаратилгандир.
Бугунги кунда ҳоким ёрдамчилари томонидан аҳолига тайинланиб келаётган тадбиркорлик ва бандлик субсидиялари эса ижтимоий шартнома орқали тайинланади. Мисол учун, ишсиз шахсга субсидия маълум бир меҳнат қуролларини сотиб олиб, уй шароитида устахонасини юритишга ажратилиши мумкин. Аммо бу шахс, меҳнат қуролларини сотиб олиб, устахонасини юритиш фикридан қайтиб қолиши, ёки узоқни ўйламасдан тез ва осон йўли билан бир йўла йирикроқ даромад олиш учун бу қуролларни сотиб юбориши мумкин. Шунда бу шахс яна ишсиз ва даромадисиз қолади.
Бундай ҳолатларни бартараф этиш мақсадида, субсидия ажратилганида ижтимоий шартномада шахс зиммасига ижтимоий масъулият юкланади. Яъни, меҳнат қуролларини олганидан сўнг у устахонасини юритиши зарур. Ҳоким ёрдамчиси эса олти ой давомида субсидия берилган шахснинг устахонасига бориб шартнома шартларига амал қилинаётганини мониторинг қилиб боради. Шундай қилиб, шахс яна бир бор ишсизлик ҳолатига тушиб қолишининг олди олинади. Агар айрим бир муаммоларга кўра, устахонанинг иши юришмай қолса, ҳоким ёрдамчилари бу шахсга маслаҳат ҳам бериши имконияти яратилади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб хулоса қиладиган бўлсак, Стратегиянинг асосий мақсади ижтимоий ҳимоя соҳасидаги барча инструментларнинг самарадорлигини ошириш. Оддий қилиб айтадиган бўлсак, аҳолига кўрсатилаётган кўмакни янада кучайтиришдир. Ушбу Фармоннинг қабул қилиниши яна бир бор Ўзбекистон Республикасида инсон қадри ва халқ манфаати энг муҳим сиёсатлигини кўрсатмоқда.
Бунда, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳаси эса алоҳида аҳамиятга эгалиги ва давлат сиёсатида устувор йўналишлардан бири эканлиги аниқ белгиланмоқда. Стратегия доирасида давлатнинг ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ўрта ва узоқ муддатли мақсадлари ва режалари аниқлаштирилган. Бу эса ўз навбатида, келажакда ижтимоий ҳимоя соҳасини янада ривожлантириш учун халқаро ташкилотлар ва институтлар билан ҳамкорлик қилиш, уларнинг техник ва эксперт кўмагини бу соҳага жалб қилишга ҳам имкон яратиб беради.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги