Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Қирғизистон Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотларининг учинчи энг йирик истеъмолчиси

2022-04-05 | Иқтисодиёт

Қирғизистон Ўзбекистоннинг ишончли ҳамкорларидан бири бўлиб, бугунги кунда барча соҳаларда ушбу давлат билан ўзаро муносабатлар яхши йўлга қўйилган.

Айниқса, бундай жараёнда тўқимачилик йўналиши бўйича икки томонлама ҳамкорлик янада мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида қайд этиш ўринлидир.

“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси Оммавий ва ташқи алоқалар департаменти бошлиғи Шаҳзода ҚЎЧҚОРОВА Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида тўқимачилик соҳасида ҳамкорлик ва бу борада эришилган натижалар хусусида ЎзА мухбирига интервью берди.

– Қирғизистон Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотларининг учинчи энг йирик истеъмолчиси ҳисобланади, – деди Ш. Қўчқорова. – Сўнгги уч йил ичида ушбу давлатга 771,8 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Хусусан, экспорт 2019 йил 92,8 миллион доллар, 2020 йил 284 миллион доллар, 2021 йил 395 миллион долларни ташкил этди.

Бу кўрсаткич 2022 йилнинг январь-февраль ойларида эса 67,3 миллион доллар миқдоридадир. Экспорт структурасида 67,1 фоиз тайёр маҳсулотлар улушига тўғри келади. Пандемия шароитига қарамай, Қирғизистонга тўқимачилик маҳсулотлари экспорти кескин ошганини юқорида келтирилган рақамлардан ҳам кўриш мумкин.

Бундан кўринадики, Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида тўқимачилик саноатидаги алоқалар сўнгги йилларда жадаллашди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан қўшни давлатлар билан қардошлик ришталарини мустаҳкамлашга қаратилган сиёсати Қирғизистон билан кенг кўламдаги ҳамкорликни йўлга қўйишда муҳим омил бўлди. Бунинг натижасида тўқимачилик саноатида ҳам сезиларли натижаларга эришилмоқда.

Ҳозирда ўзбек ва қирғиз тўқимачилик корхоналари ўртасида мустаҳкам алоқалар ўрнатилган бўлиб, ишлаб чиқариш, инвестиция, мода ва кўргазмалар ва бошқа йўналишларда кенг ишлар олиб борилмоқда.

Шунингдек, Қирғизистон билан алоқаларни жадаллаштиришда чегараолди ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида урғу берилмоқда. Хусусан, чегарадош туманларда жойлашган корхоналарнинг маҳсулотларини Қирғизистонга экспорт қилиш, малакали мутахассисларни икки давлат тўқимачилик корхоналарига кенг жалб қилиш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.

Айни кунларда Наманган вилоятида жойлашган “Art Soft Holding” компанияси томонидан Қирғизистон Республикаси Жалолобод вилоятидаги Новкен туманида умумий қиймати 25 миллион долларлик пахта-тозалаш заводи, ип-калава ва тайёр кийим ишлаб чиқариш фабрикаси, машина-трактор парки ва ёғ-мой ишлаб чиқариш заводини ўз ичига олувчи пахта-тўқимачилик кластерини ташкил этиш бўйича лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган.

“Art Soft Holding” компаниянинг маълум қилишича, янги ишга туширилиши кутилаётган фабрика Новкен туманида бўш ётган биноларда амалга оширилиши белгиланган. Лойиҳа тўлиқ ишлаб чиқариш занжирини яратади.

Бундан ташқари, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси Қирғизистоннинг тўқимачилик саноати ташкилотлари билан кенг алоқаларни ўрнатган. Икки томонлама англашув меморандумлари имзоланган. Улар доирасида қирғизистонлик ҳамкорлар Ўзбекистонга ташриф буюриб, кўргазма ва форумларда фаол қатнашиб келишмоқда. Бугунги кунда икки давлат корхоналари ўртасида кооперация алоқаларини мустаҳкамлаш, билим ва тажриба алмашиш анъанага айлангани қувонарлидир.


Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА
 

Манба: ЎзА

Поделиться