Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон - Қозоғистон ҳамкорлиги янада кенгаяди

2022-02-11 | Жамият

Тошкент шаҳрида 11 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва Қозоғистон Республикаси Бош вазири Алихан Смаилов бошчилигида йиғилиш бўлиб ўтди.

Томонлар кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришдан бирдек манфаатдор эканини қайд этдилар.

Ўзбекистон ва Қозоғистон Президентлари Шавкат Мирзиёев ва Қасим-Жомарт Тоқаев ўртасидаги очиқ ва ишончли дўстона муносабат туфайли мамлакатларимиз ўртасидаги шериклик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг ўтган йил декабрь ойида Қозоғистонга қилган давлат ташрифи икки томонлама муносабатлар ривожига кучли туртки берди.

Қозоғистон анъанавий равишда Ўзбекистоннинг асосий шерикларидан бири ҳисобланади. Пандемия шароитига қарамасдан, икки давлат ўртасидаги товар айланмаси 2021 йилда 30 фоиз ортиб, юқори натижа қайд этилди.

Маълумки, икки мамлакат ҳукуматлари олдига Давлатларимиз раҳбарлари томонидан келгусида кўп томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштириш бўйича аниқ амалий вазифалар қўйилган. Жумладан, ўзаро савдо ҳажмини яқин йиллар ичида 10 миллиард долларга етказиш вазифаси белгиланган.

Суҳбат чоғида бунинг учун Ўзбекистонда ҳам Қозоғистонда ҳам имконият етарли экани алоҳида таъкидланди.

Учрашувда икки томонлама келишувлар амалга оширилишини доимий равишда муҳокама қилиб бориш учун ихтисослашган ташкилотлар раҳбарлари даражасида ўзаро мулоқотни давом эттириш муҳимлиги айтиб ўтилди.

Ҳудудлараро алоқани чуқурлаштириш ҳам устувор вазифа ҳисобланади. Бу борада амалий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича имзоланган йўл харитасини ўз вақтида ҳамда сифатли амалга ошириш зарур. Ҳар йилги ҳудудлараро ҳамкорлик форуми доирасида эришилган келишувларни ҳаётга жорий қилишнинг доимий назоратини йўлга қўйиш ҳамда янги қўшма ташаббусларни шакллантириш лозим.

Саноат коооперациясини ривожлантириш бўйича икки томонлама ҳаракат жадал кечмоқда.

Автомобиль ва тўқимачилик саноатида қўшма лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилди.

Тошкент вилоятида фосфор ва бошқа комплекс минерал ўғитлар ишлаб чиқариш лойиҳасини йўлга қўйиш режаси ишлаб чиқилмоқда.

Туркистон алоҳида иқтисодий ҳудудида газ плитаси, электр сув иситкич каби электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш устида иш олиб борилмоқда.

Икки давлат чегара ҳудудида Халқаро саноат коперацияси марказини барпо этиш бўйича келишувни ҳаётга жорий қилишни жадаллаштириш лозимлиги таъкидланди.

Улгуржи-тақсимлаш маркази тармоқлари барпо этиш орқали энг зарур қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини мамлакатларимиз ҳудудига ҳам, учинчи давлатларга ҳам етказиб бериш самарадорлигини ошириш имкони пайдо бўлади.

Томонлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш бўйича қўшма лойиҳалар амалга оширилиши ўзаро манфаат келтиришини, қўшма инфратизим объектлари яратиш ўзаро савдо ва иқтисодий ҳамкорликни янада кучайтиришга хизмат қилишини эътироф этдилар.

Икки мамлакат биргаликда Қозоғистон ҳудудида донли ўсимликлар, картошка ва ем-хашак, Ўзбекистон ҳудудида мева ва сабзавот етиштириш бўйича қўшма лойиҳалар, агрокластерлар яратиши ҳам бирдек фойдали экани маъқулланди. Мазкур лойиҳалар қўшма улгуржи-тақсимлаш марказлари ва «Агроэкспресс» тармоқларига боғланади.

«Туркистон – Чимкент – Тошкент» тез юрар темир йўл магистрали ҳамда “Учқудуқ – Қизилўрда” автомобиль йўли қурилиши лойиҳалари ҳаётга тадбиқ этилиши мамлакатларимиз ўртасида транзит, ўзаро савдо ва туризм йўналишлари жадал ривожланишига олиб келади.

Мулоқот давомида кўтарилган масалалар бўйича ҳаракат режаси муҳокама қилинди.
Қозоғистон ҳукумати ва ишбилармон доиралари вакиллари шу йил 24-26 март кунлари бўлиб ўтадиган Биринчи Тошкент инвестиция форумига таклиф этилди.

Ўзбекистон жорий йилда МДҲга раислиги доирасида Қозоғистонга ҳар томонлама кўмак беради.

Умид қиламизки, давлатларимиз Ўзбекистоннинг ШҲТ ва Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига раислиги доирасида биргаликда фаол иш юритади.

Давлатларимиз раҳбарлари томонидан ҳар йили икки мамлакатда навбат билан Ўзбекистон ва Қозоғистон йилларини ўтказиш вазифаси белгиланган. Биз ушбу жараённи ўзимизда Қозоғистон йилини ўтказиш билан бошлашга тайёрмиз.

Учрашувда Ўзбекистон Қозоғистон билан олий даражада эришилган келишувларни янада мустаҳкамлаш учун бор имкониятини ишга солиши маълум қилинди.

Йиғилиш якуни бўйича икки мамлакатнинг ёндош вазирлик, идоралари ўртасида ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланди.

Қозоғистон Республикаси ҳукумати делегацияси аъзолари, шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати вакиллари ҳамроҳлигида пойтахтимизда жойлашган Технопаркда ҳам бўлиб, мажмуа таркибидаги корхоналар фаолияти билан яқиндан танишди. Бу ерда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотлари намуналари, замонавий технологиялар асосида йўлга қўйилган ишлаб чиқариш жараёни меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

Саидмурод РАҲИМОВ

Поделиться