Самарқанд шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти туризм соҳаси вакилларидан иборат ишчи гуруҳининг XVI йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон каби давлатларнинг туризм ва спорт вазирликлари вакиллари иштирок этишди. Онлайн форматда Венгрия сайёҳлик агентлиги раҳбари ҳамда Туркманистон ҳукуматининг туризм соҳаси мутахассислари қатнашди.
Йиғилишда ишчи гуруҳ “Табаррук зиёрат” концепсияси асосида ҳамкорликни ривожлантириш, ташкилот тарихида биринчи марта “Туркий дунё туризм пойтахти” деб эътироф этилган Қўқон шаҳрининг туризм салоҳиятини биргаликда тарғиб қилиш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда 2021 йил 24 июнь куни Қўқон шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар туризм вазирлари ва кузатувчиларнинг 6-йиғилишида сўз юритилган эди. Бундан ташқари, 2021 йил 12 ноябрь куни Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари ва кузатувчилари йиғилишида ҳам қатор ташаббуслар илгари сурилди.
Ўзбекистон томонидан “Табаррук зиёрат” лойиҳаси доирасида “йўл харитаси”ни ишлаб чиқишни, шунингдек, Қўқон шаҳрининг туркий дунё туристик пойтахт мақоми асосида ҳунармандларнинг қўшма кўргазмалари, этноспорт мусобақалари, шунингдек, маданий меросни асраб-авайлаш ва таъмирлаш тадбирларини ташкил этишни режалаштирилган. “Йўл харитаси” ташкилотга аъзо бўлган барча мамлакатлар учун амал қилади ҳамда туризмни ривожлантириш боʻйича асосий алоқа нуқталарини белгилаб беради.
“Табаррук зиёрат” лойиҳаси доирасида ташкилотга аъзо давлатлар ва кузатувчи давлатлар ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш кўзда тутилган. Ишчи гуруҳ халқаро ярмаркалар, кўргазмалар, фестиваллар, миллий спорт мусобақаларини биргаликда ўтказиш, Ўзбекистондаги халқаро илмий марказлар билан ташкилотга аъзо давлатлардаги илмий марказлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилди.
Йиғилишда Туркия Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги Инвестициялар ва режалаштириш бошқармаси бошлиғи Мустафо Ўздемир, Европа Иттифоқи ва халқаро алоқалар бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Гезде Шаҳин, маданият ва туризм бўйича мутахассис Айбике Делиедан иборат Туркия делегацияси лойиҳани амалга ошириш ҳамда туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги ҳамкорлик бўйича таклифлар билдирган. Шунингдек, туризмнинг турли йўналишлари бўйича кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва тажриба алмашиш соҳасида ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини қайд этишди.
Қозоғистондан Туркистон вилояти ҳокими ўринбосари Рашид Аюпов, туризм бошқармаси бошлиғи Гулмира Ахбердиева, инвестиция ва экспорт бошқармаси бошлиғи ўринбосари Нургул Абдураззоқова, “Туркистан Тоурисм Cентер” туристик ахборот маркази директори Олжас Шинтаев иштирок этишди. Рашид Аюпов ишчи гуруҳ аъзоларини Қозоғистоннинг туризм салоҳияти, жумладан, Туркистон вилоятининг туркий дунёда тутган ўрни билан таништирди.
“Туркистан Тоурисм Cентер” туристик ахборот маркази директори Олжас Шинтаев “Табаррук зиёрат” лойиҳаси бўйича ўз таклифларини билдирди. Туркистон вилояти Қозоғистон жанубида жойлашгани, бу эса Ўзбекистон билан туризм ҳамкорлигини транспорт ва логистика соҳасида янги босқичга олиб чиқиш имконини беради. Таъкидлаш жоизки, халқаро юк ташувларини лойиҳа доирасида ривожлантириш муҳимлиги, унга нафақат туризм соҳаси, балки транспорт, иқтисодиёт ва инвестициялар ривожлантириш ҳам алоҳида аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.
Қирғизистон Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Туризм департаменти директори ўринбосари К.Кенжеметова муқаддас зиёрат лойиҳаси бўйича экотуризмни ривожлантириш йўлида ҳамкорликни таклиф қилди.
Ташриф доирасида меҳмонлар буюк мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 581 йиллиги хотирасига бағишлаб, туркий тил тараққиётига улкан ҳисса қўшган улуғ арбоб илмий фаолият олиб борган Мирзо Улуғбек мадрасаси, шунингдек, Ҳазрати Имом Мотуридий мақбараси каби шаҳарнинг сайёҳлик масканларида бўлишди.
Тадбирда Қўқон шаҳрининг “Туркий дунё туризм пойтахти” деб эълон қилиниши муносабати билан ташкил этиладиган 2022 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси ҳам муҳокама қилинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги