Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Йўл ҳаракати хавфсизлигини кучайтириш чоралари муҳокама қилинди
2022-02-12 | Сиёсат
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 11 февраль куни йўлларда инсон хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
– Бу масалани охирги беш йилда бирор раҳбар, бирорта ташкилот жиддий ва таҳлилий муҳокама қилмаган. Бу соҳа бўйича қонунлар, ишлар мутлақо қониқарсиз. Йўл ҳаракати хавфсизлиги масаласи издан чиқиб кетган. Бу одамларнинг эътирозига сабаб бўлаяпти, – деди давлатимиз раҳбари.
Мамлакатимизда 2021 йилда 10 мингдан зиёд йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, уларда 9 мингдан ортиқ инсон жароҳатланган. Энг ачинарлиси, 2 минг 500 га яқин одам ҳалок бўлган.
Таҳлилларга кўра, йўллардаги фалокатларнинг 25 фоизи йўл ҳолати ёмонлиги ва инфратузилмаси оқилона ташкил этилмагани оқибатида келиб чиқмоқда. Масалан, Поп билан Тўрақўрғон, Жарқўрғон ва Денов, Самарқанд билан Ғузор ўртасидаги йўллар, А-373 йўлининг Ёзёвон туманидан ўтган қисмида ҳар йили ўнлаб одамлар ҳалок бўлмоқда. Афсуски, бундай хавфли кўчалар ҳар бир вилоят, ҳар бир туман ва шаҳарда бор.
Йиғилишда йўл-транспорт ҳодисалари кўп содир бўлаётган ҳудудлар кўрсатиб ўтилиб, мутасаддиларига интизомий жазо чоралари белгиланди. Наманган вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, Андижон ва Самарқанд вилоятлари йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармалари бошлиқлари лавозимидан озод қилинди.
Қайд этилганидек, транспорт ҳодисаларининг кўпига ҳайдовчиларнинг йўл қоидаларини қасддан менсимаслиги ва тажрибасизлиги, пиёдаларнинг қоидаларга амал қилмаслиги ҳам сабаб бўлмоқда. Шу боис, бу йил барча ҳудудларда “Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда” умуммиллий дастури амалга оширилиши таъкидланди.
Қонунчилик палатаси ва мутасадди идораларга йўл ҳаракатига оид қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиб, тубдан такомиллаштириш вазифаси қўйилди. Чунки қўпол қоидабузарликлар, уларни такрор содир этиш ҳолатлари кўпайган.
Жазо муқаррарлигини таъминлаш мақсадида, бундан буён, ҳар бир ҳуқуқбузарлик учун жарима баллари тизими жорий этилиши белгиланди. Масалан, ҳайдовчи тезликни оширса, 1 балл, қизил чироқда ўтса, 3 балл ҳисобланади. Агар бир йилда қоидабузарликлар жами 12 баллдан ошса, ҳайдовчи автомобиль бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинади ва қайта имтиҳон топширади.
Бундан ташқари, ҳайдовчиларнинг жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишда тўланадиган суғурта бадали миқдорини жарима балларидан келиб чиқиб белгилаш тартиби жорий этилади.
Шунингдек, автомобилни тартибсиз бошқариб, бошқа ҳайдовчиларга халақит қилганлик учун алоҳида “йўл безорилиги”, деган янги жавобгарлик тури киритилади.
Давлатимиз раҳбари йўл ҳаракати қоидалари эскирганини таъкидлаб, уларни халқаро стандартлар асосида, мутахассислар ва ҳайдовчилар фикрини ўрганган ҳолда янгилаш бўйича топшириқ берди.
Йиғилишда ҳайдовчиларни тайёрлаш ва имтиҳон қилиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Юртимизда автотранспорт воситалари йилдан-йилга кўпайиб, ҳайдовчиларнинг малака даражаси ва ўзаро ҳурмати, аксинча, пасайиб бормоқда. Йўл-транспорт ҳодисаларининг 75 фоизини 35 ёшгача бўлган ҳайдовчилар содир этган. Автомактабларда ўқитилаётган китоблар ғализ, ўқув дастури эскича.
Шу боис, бундай мактабларда таълим сифатини назорат қилиш вазифаси Ички ишлар вазирлигига юклатилди. Автомактаблар ва имтиҳон марказларига бўлган талабларни қайта кўриб чиқиш, ҳайдовчиликка ўқитиш самарадорлиги ва ўқитувчиларнинг малакасини ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Транспорт оқимини бошқаришнинг энг самарали йўли – рақамлаштириш. Лекин бу борадаги ишлар етарли эмаслиги кўрсатиб ўтилди.
Хусусан, “рақамли бошқарув” Тошкент шаҳридаги жами 602 та чорраҳадан 111 тасида бор, холос. Бошқа шаҳарларда эса бундай тизим йўқ.
Тошкент шаҳар ҳокимлигига пойтахт йўлларида ҳаракат бошқарувини рақамлаштириш, икки йилда барча чорраҳаларни рақамли тизимга ўтказиш вазифаси қўйилди. Ҳудудларда шундай тизимни жорий этиш вилоят ҳокимлари зиммасига юклатилди.
Нукус шаҳри ва вилоят марказларида йўл ҳаракатини бошқариш ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича ҳудудий концепциялар ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.
Йиғилишда йўллар ҳолати ва инфратузилмасидаги муаммолар ҳам таҳлил қилинди.
Ўтган йили йўл ҳаракатига оид масалалар бўйича аҳолидан 10 мингдан зиёд мурожаат бўлган. Жумладан, транспорт серқатнов бўлган 2 мингдан ортиқ чорраҳа ва 10 мингга яқин пиёда ўтиш йўлаги светофор ёки бошқа воситалар билан жиҳозланмаган. Аҳоли пунктларида 15 минг километрга яқин пиёда ва велосипед йўлаклар етишмайди.
Бундан ташқари, йўл белгиси ва кўрсаткичларининг ярми эскириб кетган. Вилоят ҳокимликларига қарашли йўл белгилари ва светофорлар ўрнатишга масъул корхоналарнинг кўп техникаси эскирган. Энди бу корхоналар ўша ҳудуддаги йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси тасарруфига ўтказилиши белгиланди.
Вилоят ва туман марказларида йўл белгилари, светофор ва ёритгичлар ўрнатиш, чизиқлар чизиш, пиёдалар йўлагини белгилаш, умуман, йўлларни тартибга солишга фақат Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими масъул бўлади. Бу ишларни молиялаштириш учун бу тизимда “Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда” республика ва вилоят жамғармалари ташкил этилади.
Бундан ташқари, йўл белгиларини ишлаб чиқаришда “Автойўл”нинг монополияси бекор қилинади ва ушбу соҳага тадбиркорлар жалб қилинади.
Давлатимиз раҳбари кўчалардаги ҳаракатни ҳайдовчи ва пиёдалар учун қулай ташкил қилиш бўйича кўрсатмалар берди.
– Йўлларда тартиб-қоидалар илм билан ҳамоҳанг бўлиши керак. Йирик шаҳарлардаги марказий кўчаларда тезлик чекловларини оқилона белгилаш лозим. Жумладан, мактаб ва боғчалар олдида тезлик 30 километрдан ошмаслиги шарт. Айрим гавжум кўчаларда эса ҳозирги 70 километр соатдан 60 километргача тушириш зарурати бор, – деди Шавкат Мирзиёев.
Шу боис соҳага ихтисослашган илмий-амалий марказ ташкил этиш вазифаси қўйилди.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан соҳа мутасаддилари, ҳокимлар сўзга чиқди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти