Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Чарм-пойабзал саноатидаги имкониятлар кўрсатиб ўтилди

2022-01-25 | Сиёсат

Президент Шавкат Мирзиёев 24 январь куни чарм-пойабзал саноатидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди.

Бу соҳа халқ истеъмоли товарлари ишлаб чиқаришда катта ўринга эга. Сўнгги йилларда амалга оширилган технологик янгилаш ва маҳаллийлаштириш натижасида тармоқ сезиларли ривожланди. Масалан, 2017 йилда 760 миллиард сўмлик чарм-пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқарилган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 4 триллион 415 миллиард сўмни ташкил этган. Шу даврда экспорт ҳажми 105 миллион доллардан 421 миллион долларга етган. Яъни, ишлаб чиқариш қарийб 6 баробар, экспорт 4 баробар ўсган. Тайёр маҳсулотлар улуши ҳам 32 фоиздан 78 фоизга кўпайган.

Шу билан бирга, ҳали бу тармоқда ишга солинмаган имкониятлар жуда кўп. Лекин айрим муаммолар ишлаб чиқарувчиларга қийинчилик туғдирмоқда. Жумладан, хомашё ҳисобини юритиш тизими йўқ, автоматлашган кушхоналар камлиги тери сифатига таъсир қилмоқда. Дизайнер, технолог ва малакали тикувчилар, замонавий ускуна, кимёвий восита ва бутловчи қисмлар етишмайди.

Ҳудудлар кесимида айтганда, Бухоро ва Хоразмда йиллик 2 миллион дона тери захираси бўлса-да, уни саноат усулида йиғиб олиш ва қайта ишлаш йўлга қўйилмаган. Қашқадарёда йилига 1 миллион 800 минг, Навоийда 700 минг ва Тошкент вилоятида 500 минг дона майда шохли чорва териси умуман қайта ишланмайди. Кўп кушхоналар аҳолидан узоқда жойлашгани, маҳаллалар билан боғланмагани сабабли кам қувватда ишламоқда.

Йиғилишда шу каби муаммоларни ҳал этиб, соҳани тизимли ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.

Аввало, маҳаллаларда чорва молларини сўйиш ва терини йиғиб олиш бўйича кичик мобиль хизматларни йўлга қўйиш, бунинг учун имтиёзли кредитлар ажратиш зарурлиги айтилди.

Мутасаддилар жорий йилда амалга оширилиши мўлжалланган жами 421 миллион долларлик 248 та лойиҳа тўғрисида маълумот берди. Давлатимиз раҳбари корхоналарни ўз вақтида ишга тушириш, шу билан бирга, янги истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш, бунда маҳаллийлаштириш ва замонавий моделларни ўзлаштиришга эътибор қаратиш кераклигини таъкидлади.      

Нукус, Олтинкўл, Шаҳрихон, Жондор, Наманган, Ургут, Самарқанд, Ангор, Оҳангарон ва Ҳазорасп туманлари, Наманган, Марғилон, Қўқон, Жиззах, Қарши ва Нурафшон шаҳарларида шу тармоққа ихтисослашган 16 та кичик саноат зонаси ташкил этилиши белгиланди. Ушбу ҳудудларда инфратузилма барпо этиш учун бюджетдан 90 миллиард сўм ажратилади. Ускуналар харид қилиш учун тадбиркорларга 3 йиллик имтиёзли давр билан 7 йил муддатга кредит берилади. Умуман, соҳани қўллаб-қувватлашга жорий йилда 60 миллион доллар имтиёзли кредит маблағлари йўналтирилади.

Бундан ташқари, Қўқон ва Марғилондаги анъаналар асосида, барча ҳудудларда косибчилик ривожланган маҳаллаларни танлаб, ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Уларга оилавий тадбиркорлик ва уй-жой дастурлари доирасида имтиёзли кредитлар ҳамда солиқ имтиёзлари берилади.

Қайд этилганидек, бу йил чарм-пойабзал маҳсулотлари экспортини 500 миллион доллар, келгуси 3 йилда 1 миллиард 200 миллион долларга етказиш мақсад қилинган.

- Бу жуда катта марра, - деди Президент. - Бу мақсадга эришиш учун бозор ҳам бор, катта миқдорда хом ашё ҳам бор, талабгор ҳам бор. Фақат бунинг учун  тадбиркорларга барча шароитларни яратиб бериш керак.

Шу мақсадда аввал берилган солиқ ва божхона имтиёзлари 2026 йилгача узайтирилиши белгиланди. Шунингдек, чет эллик мутахассисларни жалб этиш харажатларининг бир қисми қоплаб берилади. Чет элларда улгуржи омбор ва савдо уйлари ташкил қилиш муҳимлиги таъкидланди, бунинг учун хорижий валютада 3 йилга 4 фоизлик кредитлар ажратилиши белгиланди.

Бугунги кунда юртимизда ишлаб чиқарилаётган чарм маҳсулотлари ҳажмида аёллар пойабзали улуши 23 фоиз, болалар пойабзали 8 фоизни ташкил этади, холос. Шу боис бу йўналишни ҳам солиқ имтиёзи орқали рағбатлантиришга кўрсатма берилди.

- Энг катта масала - мутахассис етишмаслиги. Шунинг учун барча ҳудудлар бу борада аниқ режа қилиб, жойларда кадрларни ўқитиш тизимини йўлга қўйиши керак, - деди Президент.

Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида замонавий Ўқув-ишлаб чиқариш лабораторияси ташкил этиш, хорижда мутахассислар малакасини ошириш, ўрта бўғин ишчиларини тайёрлаш бўйича вазифалар белгиланди.

Йиғилишда тармоқ мутасаддилари, ҳокимлар, тадбиркорлар сўзга чиқиб, таклифларини билдирди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Поделиться