Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистонда инвестициялар ва ташқи савдо фаолиятини кучайтириш бўйича биринчи даражали вазифалар муҳокама қилинди
2021-11-28 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Умурзаков инвестициялар ва ташқи савдога масъул бўлган маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарлари иштирокида видеоконференция шаклида инвестициялар ва ташқи савдо фаолияти масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.
Учрашувда ҳудудий инвестиция дастурлари ижросининг бориши кўриб чиқилди, мавжуд масалалар ўрганилиб, уларни ҳал этиш бўйича топшириқлар берилди. Устувор тармоқларга инвестициялар жалб этилишини рағбатлантириш, инвестициявий лойиҳалар ташаббускорларига яқиндан кўмаклашиш, саноат корхоналари фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ишлаб чиқариш қувватларидан тўлиқ фойдаланган ҳолда самарали фаолият юритиши билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш зарурлиги қайд этилди.
Шунингдек, 2022 йилга мўлжалланган ҳудудий инвестиция дастурларини шакллантириш борасидаги ишларнинг бориши муҳокама қилинди. Инвестициявий таклифларнинг замонавий технологияларга эга бўлганлиги, рентабеллиги, иқтисодий самараси ҳамда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг ички ва ташқи бозорда харидоргирлигини ҳисобга олган ҳолда уларни сифатли ишлаб чиқиш ва танлаш юзасидан кўрсатмалар берилди.
Экспортга етказиб бериш жараёнида юзага келадиган муаммоларни тезкор аниқлаш ва ҳал этиш, шунингдек, экспорт салоҳиятини оширишнинг янги имкониятларини аниқлаш учун ишлаб чиқарувчилар ва экспортчилар билан бевосита ҳамкорлик қилиш муҳимлиги қайд этилди.
Инвестициялар ва экспорт фаолиятини рағбатлантириш бўйича янги тизимни жорий этишни жадаллаштириш, ҳудудларда фойдаланилмаётган иқтисодий ресурсларни аниқлаш, лойиҳа гуруҳлари фаолиятини ташкил этиш, холдинг компаниялари тузиш, шунингдек, ишга туширилган корхоналар ва саноат объектлари фаолиятининг мониторингини олиб бориш бўйича қўшимча кўрсатмалар берилди.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари юқоридаги йўналишлар бўйича амалга оширилган ишларнинг оралиқ натижалари ҳақида ҳисобот бердилар.
Йиғилиш якунида мутасадди раҳбарларга белгиланган вазифаларни сифатли ва ўз вақтида бажариш бўйича қўшимча топшириқлар берилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги