Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Туркманистон Президенти расмий ташриф билан Ўзбекистонга келади
2021-10-04 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов жорий йил 4-5 октябрь кунлари расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлади.
Бўлажак олий даражали учрашув кун тартибига Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалалари киритилган.
Асосий эътибор савдо, транспорт ва транзит, энергетика соҳаларидаги иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, саноат, қишлоқ ва сув хўжалигида кооперация лойиҳаларини илгари суриш, икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш, маданий-гуманитар алмашинув бўйича қўшма дастурларни амалга оширишга қаратилиши кутилмоқда.
Давлат раҳбарлари халқаро сиёсат ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашадилар.
Ташриф доирасида қатор икки томонлама тадбирлар, шу жумладан Иқтисодий форум ўтказилиши режалаштирилган.
Музокаралар якунида давлат раҳбарларининг Қўшма баёнотини қабул қилиш, кўп қиррали шерикликни жадаллаштиришга қаратилган ҳужжат ва шартномаларнинг салмоқли тўпламини имзолаш кўзда тутилган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти