Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Азиз Абдуҳакимов: “Марказий Осиё археология меросини бошқариш тамойиллари Декларацияси” минтақадаги давлатларини бирлаштиришга хизмат қилади
2021-09-18 | Маданият
Анжуман Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт ишлари вазирлиги, ЮНЕСКО бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси ва Марказий Осиё тадқиқотлари халқаро институти (МОХТИ) томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши кўмагида ташкиллаштирилди.
Ўзбекистон Республикаси раҳбариятининг тарихий ва маданий меросни, хусусан, археология ёдгорликларни ўрганиш, асраш, улардан фойдаланиш, оммалаштириш ва барқарор бошқариш бўйича ечим топишга интилиши анжуманнинг энг муҳим шартларидан бири бўлди. Республикада олиб борилаётган мажмуавий ишларни акс эттирувчи энг муҳим қадамлардан бири сифатида ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган тарих ва маданиятнинг ноёб объектлари учун бир нечта номинацияларни тайёрлаш бўлди. Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон олимлари ва тадқиқотчиларини бирлаштирган “Буюк Ипак йўли: Зарафшон-Қорақум йўлакчаси” ва “Қадимги Хоразм мероси” трансмиллий туркум номинациялари; шунингдек, Ўзбекистон Республикасидан “Миздоқхон учтепаси” индивидуал номинацияси шулар жумласидан.
Бутун мамлакат бўйлаб олиб борилаётган тадқиқот ишлари доирасида мазкур анжуман Марказий Осиё учун археологик меросни ўрганиш ва асраш муаммолари ва вазифаларини ҳар томонлама ва батафсил муҳокама қилиш учун ягона платформага айланиши кўзда тутилган. Катта салоҳиятга эга бўлган археологик жойлар миллий, минтақавий ва халқаро миқёсда маданий туризмни ривожлантириш катализаторига айланиши мумкин.
Тадбирларда иштирок этиш учун археология ва тарихий-маданий мерос соҳасидаги элликдан ортиқ таниқли мутахассислар, машҳур олимлар ва амалиётчилар таклиф этилган. Маъруза мавзулари илмий ва маданий алмашинувлар, миллатлараро мулоқот ва ҳамкорликни йўлга қўйиш, шунингдек тарихий ва маданий мероснинг ижтимоий-гуманитар фанларни ривожлантиришга қўшган ҳиссасини қамраб олади.
Маърузалар тадқиқот соҳаси ҳамда илмий ишларнинг муайян мутахассисликка тегишли хусусиятларига қараб, тематик секциялар доирасида бирлаштирилди, секция йиғилишлари ўтказилиши ялпи сессиядан сўнг режалаштирилган. Тадбир доирасида иштирокчилар учун аксарияти минг йиллардан ошган қадимги Хоразмнинг энг қимматли археологик ёдгорликларини томоша қилиш ва уларни ушлаб кўриш имконини берувчи маданий-экскурсия дастури ҳам ишлаб чиқилган. Ноёб жойларга ташриф буюриш, шубҳасиз, Ўзбекистон маданий мероси тўғрисида минтақавий ва халқаро миқёсда хабардорликни оширишга ёрдам беради.
Анжуман доирасида, Марказий Осиё археология меросини бошқариш тамойиллари Декларацияси - археология меросини ҳимоя қилиш ва уни тарғиб қилиш хусусидаги миллий ҳукуматлар ва илмий-академик жамоатчилигининг умумий қарашларини акс эттирувчи, Марказий Осиёда ишлаб чиқилган ўз наздидаги илк стратегик ҳужжатни қабул қилиш режалаштирилган.
ЮНЕСКО маъқуллаган, умумэътироф этилган халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларга таянган ҳолда, Декларация шаксиз ўзига хос хусусиятларга эга бўлган Марказий Осиё минтақасининг археологик меросини бошқаришнинг асосий тамойиллари, ёндашувлари ва усулларини белгилашга мўлжалланган. Илғор ютуқлар ва халқаро тажрибага асосланган декларация тамойиллари ҳали 90 фоизи ҳам ўрганилмаган ҳамда жамият ҳаётининг турли соҳалари учун улкан салоҳиятни касб этувчи бой археологик меросни бошқаришнинг концептуал асосини яратишга хизмат қилади. Декларация қабул қилинишининг ўрта ва узоқ муддатли истиқболдаги асосий мақсадларидан бири миллий қонунчиликни такомиллаштириш ва унга амалдаги халқаро ҳуқуқ нормаларини жорий этишдан иборат.
Таъкидлаш жоизки, келажакда ҳужжатни ЮНЕСКО Бош Ассамблеяси томонидан халқаро конвенсия сифатида ратификация қилиш жараёнини бошлаш режалаштирилмоқда, ва у халқаро ҳуқуқнинг маданий меросни ҳимоя қилиш соҳасидаги энг муҳим ҳужжатлари қаторида муносиб ўрин эгаллайди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А.Абдуҳакимов: “Археология ва туризм: салоҳиятни аниқлаш ва меросни бошқариш” халқаро археология анжумани бутун Марказий Осиё учун жуда аҳамиятли воқеа. Мазкур учрашув доирасида ўта муҳим ҳужжат – “Марказий Осиё археология меросини бошқариш тамойиллари Декларацияси”ни муҳокама қилиш ва қабул қилиш режалаштирилган. Бу эса минтақа тарихида мазкур йўналишдаги илк ташаббус бўлиб, у барча археология меросини сақлаш ва бошқариш масалаларида ҳамда ўрганиш ва уни энг юқори халқаро даражада оммалаштириш йўлида Марказий Осиё давлатларини бирлаштиришга хизмат қилади.”
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги