Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон – Туркманистон: инвестициялар, саноат кооперацияси ва савдо
2021-09-15 | Иқтисодиёт
Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари Э.Оразгелдиев билан учрашди.
Учрашув чоғида томонлар Туркманистон Президентининг Ўзбекистон Республикасига бўлажак расмий ташрифига тайёргарлик масалаларини кўриб чиқдилар ҳамда икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилдилар.
Ўтган 4 йил мобайнида Ўзбекистон – Туркманистон савдо айланмасининг ҳажми 3 баробар ошгани алоҳида таъкидланди. Ушбу ижобий динамикага қишлоқ хўжалиги, мева-сабзавот, фармацевтика ва тўқимачилик маҳсулотлари, қурилиш материаллари, нефть маҳсулотлари, электр энергияси ҳамда бошқа товарлар етказиб беришнинг ўсиши эвазига эришилди.
Шу билан бирга, инвестициявий, савдо-иқтисодий ва саноат соҳаларида ҳамкорлик қилиш учун муҳим ишга солинмаган салоҳият мавжудлиги қайд этилди.
Томонлар қўшма инвестиция лойиҳаларини кўпайтириш, саноат кооперациясини ривожлантириш ва икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмасини юксалтириш бўйича амалий чора-тадбирларни кўришга ўзаро тайёр эканликларини билдирдилар. Янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва ўзаро манфаатли савдо шартномаларини тузиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш мақсадида икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари ўртасида фаол ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди. Бу, шунингдек, бўлажак олий даражадаги ташрифнинг иқтисодий кун тартибини амалий мазмун билан тўлдиришга имкон яратади.
Икки мамлакат ҳудудларида автомобиллар, қишлоқ хўжалиги ва маиший техника, тайёр тўқимачилик ва чарм-пойабзал маҳсулотлари, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлашни ташкил этиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишнинг шарт-шароитлари белгиланди.
Шунингдек, нефть ва нефть маҳсулотлари, электр энергияси, кимё маҳсулотлари, полимер материаллар ва минерал ўғитлар етказиб беришни кўпайтириш орқали ўзаро савдо ҳажмини оширишга ўзаро манфаатдорлик билдирилди.
Икки мамлакат ишбилармон доираларининг ҳамкорлигини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларнинг долзарблиги алоҳида таъкидланди. Олий даражадаги ташриф арафасида Ўзбекистон – Туркманистон бизнес-форумини ташкил этиш бўйича якдил қарорга келинди.
Учрашув якунида томонлар эришилган келишувларнинг амалда бажарилиши юзасидан фаол иш олиб боришга содиқлигини билдирдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги