Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Олий, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасалари ўртасида таълим жараёни ҳамда тармоқ ташкилотлари билан ишлаб чиқариш амалиёти узвийлигини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида
2021-08-31 | Ҳужжатлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурига мувофиқ, шунингдек, олий таълим муассасалари ҳузуридаги техникумларни ўз йўналишлари бўйича турдош олий таълим ҳамда тармоқ ташкилотларига бириктириш, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида ўқув жараёнини янада такомиллаштириш мақсадида:
1. 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб:
а) олий таълим муассасалари ҳузурида 24 та техникум 1-иловага мувофиқ ташкил этилсин.
Белгилансинки, негизида техникумлар ташкил этилаётган таълим муассасаларида бугунги кунда таҳсил олаётган ўқувчилар тегишли касблар ва мутахассисликлар бўйича ўқув жараёнини амалдаги дастурларга мувофиқ ушбу техникумларда якунлайди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (А.Тошкулов) Молия вазирлиги (Т.Ишметов) ва тизимида техникумлар бўлган вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмалари билан биргаликда 2021 йил 1 октябрга қадар ҳудудларга чиққан ҳолда, ташкил қилинаётган техникумларнинг жойлашуви, ўқув биноларининг қувватлари, ўқув аудиторияларининг ҳолати, адабиётлар, замонавий асбоб-ускуналар ва ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминланганлик даражасини ўргансин ҳамда белгиланган меъёрларда уларни тўлиқ шакллантириш чораларини кўрсин.
Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси (А.Арипов) икки ҳафта муддатда
ташкил қилинаётган техникумларга ўқишга қабул қилиш бўйича қабул параметрларини тасдиқласин;
б) турдош олий таълим муассасалари ҳамда асосий йўналишлари бўйича тармоқ ташкилотларига 213 та техникум 2-иловага мувофиқ бириктирилсин.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимида техникумлар бўлган вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмалари билан биргаликда:
техникум битирувчиларининг ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш бўйича тармоқ ташкилотларида зарур шарт-шароитлар яратилиши устидан назорат ўрнатсин ва амалиёт ўташ графикларини ишлаб чиқиб, тасдиқланишини таъминласин;
ҳар йили 1 майга қадар техникум битирувчиларининг бандлигини таъминлашга қаратилган дастурларни ишлаб чиқишни ташкил этсин ҳамда улар ижроси бўйича назорат тизимини яратсин;
ҳар йили июль-август ойларида техникум битирувчилари учун ҳар бир туман ва шаҳарда иш берувчиларни жалб қилган ҳолда ярмаркалар, шу жумладан “Карьера куни” тадбирларини ўтказсин, ўқув йили давомида ишлаб чиқариш ташкилотларида тасдиқланган режа-графиклар асосида
“Очиқ эшиклар куни”ни ташкил қилсин.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда тизимида техникумлар бўлган вазирлик, идора
ва хўжалик бирлашмаларининг таклифлари асосида мазкур қарорнинг
2-иловасида келтирилган олий таълим муассасалари ҳамда тармоқ ташкилотларига бириктирилган техникумлар рўйхатига ўзгартириш
ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқи берилсин.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимида техникумлар бўлган вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмалари билан биргаликда ҳар йили
1 декабрга қадар техникум ўқувчилари амалиёт ўтказадиган ташкилотлар, улардаги иш ўринлари ва яратилган шарт-шароитлар бўйича маълумотлар базасини шакллантиришни йўлга қўйсин;
в) техникумлар бир олий таълим муассасаси тизимидан бошқа олий таълим муассасаси тизимига 3-иловага мувофиқ ўтказилсин;
г) Тошкент давлат педагогика университети ҳузуридаги Жиззах хизмат кўрсатиш ва сервис техникуми фаолияти тугатилсин ва унинг барча мол-мулки, бино ва иншоотлари тегишли ҳудуди билан биргаликда Тошкент ахборот технологиялари университети ҳузуридаги Жиззах ахборот технологиялари техникумига ўтказилсин. Бунда:
Жиззах вилояти, Фориш тумани, Файзобод кўчаси, 25-уй манзилида жойлашган Тошкент ахборот технологиялари университети ҳузуридаги Жиззах ахборот технологиялари техникумига тегишли бино ва иншоотлар, ҳудуди билан биргаликда Жиззах давлат педагогика институтига
кўп тармоқли ўқув маркази ва амалиёт полигонини ташкил этиш учун берилади;
Жиззах хизмат кўрсатиш ва сервис техникумида таҳсил олаётган ўқувчилар амалдаги таълим дастурлари асосида Жиззах ахборот технологиялари техникумида ўқишни белгиланган тартибда тугатади.
2. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
2021/2022 ўқув йилидан бошлаб техникумлар ва академик лицейларда малака талаблари, ўқув режа ва дастурлар, ўқув-меъёрий ҳужжатлар таянч олий таълим муассасалари томонидан тажрибали профессор-ўқитувчилар ва тегишли мутахассисларни жалб этган ҳолда ишлаб чиқилади ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланади;
олий таълим муассасалари ўзларига бириктирилган техникумларни ўқув-методик ҳужжатлар (ўқитиш материаллари тўпламлари, дидактик материаллар, практикумлар, технологик хариталар, электрон ресурслар, хорижий ўқув, илмий ва бадиий адабиётлар, даврий нашрлар, луғатлар, энциклопедиялар, ахборотномалар ҳамда бошқалар) билан таъминлайди;
олий таълим муассасалари ўзларига бириктирилган техникумларда таълим сифатини таъминлашга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга оширади ҳамда бунга техникум директори ва олий таълим муассасаси ректори (директори) шахсан масъул ҳисобланади;
олий таълим муассасалари ўзига бириктирилган техникумлар педагог кадрлари учун ўз бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан хорижий профессорлар ва мутахассисларни жалб қилган ҳолда қисқа муддатли ўқув-семинарларни ташкил этади;
техникум директори бир вақтнинг ўзида тегишли олий таълим муассасасининг Илмий кенгаши аъзоси ҳисобланади;
техникумлар тегишли олий таълим муассасалари билан биргаликда техникум ҳамда хорижий давлатлардаги таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш орқали техникумларда қўшма дастурлар асосида ўрта бўғин мутахассисларини тайёрлашни ташкил этади;
техникумларда халқаро стандартлар (шу жумладан, Worldskills) асосида ўқув-устахоналарини ташкил этиш ва ўқувчиларни мазкур стандартларга мувофиқ тайёрлаш ҳамда келгусида ишчи касблар мусобақаларида уларнинг иштирок этишини таъминлаш тегишли олий таълим муассасаларининг бевосита кўмаги асосида амалга оширилади.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (А.Тошкулов) тизимида техникумлар бўлган вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмалари билан биргаликда мазкур бандда кўрсатилган вазифалар ижроси устидан тизимли мониторинг ўрнатсин ҳамда аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли олий таълим муассасалари ҳамда вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмаларига тақдимномаларни киритиб борсин.
3. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (А.Тошкулов) Молия вазирлиги (Т.Ишметов), Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (И.Норқулов) икки ой муддатда қуйидаги масалаларни пухта ўрганиб, Вазирлар Маҳкамасига таклифларни киритсин:
2022/2023 ўқув йилидан бошлаб техникумларга қабул параметрларини шакллантиришда меҳнат бозорида ўрта бўғин кадрларига бўлган реал эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда қурилиш, транспорт, қишлоқ хўжалиги, енгил саноат, хизмат кўрсатиш ва ахборот технологиялари каби соҳаларда ўрта бўғин кадрларини тайёрлашнинг давлат буюртмасини асосланган ҳисоб-китобларга кўра босқичма-босқич кўпайтириш;
техникумлар ва коллежларни ўқув адабиётлари, гуруҳ журналлари
ва бошқа давлат намунасидаги ҳужжатлар билан таъминлашни Олий
ва ўрта махсус таълим вазирлигига ажратилган бюджет маблағлари ҳисобидан амалга ошириш;
2022/2023 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига ўқишга кирмаган умумтаълим мактабларининг 11-синф битирувчилари бандлигини таъминлаш мақсадида уларни техникумлар ва коллежларда биринчи касб ёки мутахассисликлар бўйича бепул ўқитиш;
2022 йил 1 январдан бошлаб техникумлар ва коллежлар молиявий ҳолатини яхшилаш мақсадида маъмурий бошқарув ходимларининг
иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар ҳамда коммунал хизматлар билан боғлиқ бўлган харажатларни, шу жумладан Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириш.
4. Ҳузурида техникумлар ва академик лицейлар бўлган олий таълим муассасалари ҳар йили 1 декабрга қадар таълимнинг кейинги босқичини давом эттирмаётган техникум ва академик лицей битирувчилари рўйхатини уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, вилоятлар
ва Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармаларига тақдим қилсин.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳар йили 1 февралга қадар республикада энг кўп талаб этиладиган ўрта бўғин кадрлари ишлаши мумкин бўлган касблар ва лавозимлар рўйхатини шакллантирсин ҳамда ушбу касблар ва лавозимлар тўғрисидаги маълумотларни эълон қилиб борсин.
5. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил этишга масъул
ва шахсий жавобгар этиб олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Ҳ. Тошкулов, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Б. Хусанов ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари белгилансин.
Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.А. Мусаев ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А. Абдувахитов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.Мирзиёев
Тошкент шаҳри,
2021 йил 31 август
Манба: ЎзА