Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятлари тадбиркорларининг мурожаатлари таҳлил этилди
2021-08-13 | Иқтисодиёт
12 август куни Жиззах шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Жиззах вилояти тадбиркорлари билан учрашди. Учрашувда Тошкент ва Сирдарё вилоятлари ишбилармон доиралари вакиллари ҳам иштирок этди.
Йиғилиш тадбиркорларнинг ушбу ҳудудлардан тушган мурожаатларини ҳамда аниқланган муаммоларни ҳал этиш бўйича амалий чора-тадбирлар ижросини муҳокама этишга бағишланди. Жумладан, корхоналарни ва инвестиция лойиҳаларининг ташаббускорларини молиялаштириш, эркин иқтисодий зоналар салоҳиятидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, зарур лицензия ва рухсатномалар олиш масалаларига ва бошқа долзарб мавзуларга тўхталиб ўтилди.
Йиғилиш иштирокчилари тадбиркорликни янада ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ўз ғоя ва таклифларини ўртага ташлаш имконига эга бўлдилар. Билдирилган ғоялар тадбиркорлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича аниқ механизмларни ишлаб чиқиш мақсадида батафсил кўриб чиқилди ва конкретлаштирилди.
“Хусусийдан умумийга” тамойили асосида бизнес юритиш ва инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда қийинчиликлар яратадиган тизимли омилларни аниқлаш ва мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича самарали чора-тадбирларни ишлаб чиқиш учун ҳар бир мурожаатни ўрганишга алоҳида ёндашишнинг аҳамияти қайд этилди.
Шунингдек, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатасида фаолият юритаётган тадбиркорлар мурожаатларини қабул қилиш ва таҳлил этиш бўйича Штаб мутахассислари келиб тушган муаммоли масалаларни ўрганиш ва ҳал қилишда давом этишлари, бирорта мурожаат тегишли жавобсиз қолдирилмаслиги таъкидланди.
Йиғилиш якунида иштирокчилар лойиҳаларни амалга ошириш, ишлаб чиқариш ва экспорт фаолиятида тадбиркорларни самарали қўллаб-қувватлашни таъминлашга оид доимий қайтма алоқа механизмини яратиш зарурлиги тўғрисида келишиб олдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги