Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш ҳамда камбағаллик билан курашиш кўламини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида

2021-08-12 | Ҳужжатлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Бола тарбиялаётган оилаларни қўллаб-қувватлаш тизимининг самарадорлигини ошириш, ижтимоий ҳимоя ва кўмакка муҳтож оилалар моддий таъминотини кучайтириш, эҳтиёжманд оилаларни аниқлашда умумэътироф этилган халқаро стандартларни ва автоматлашган шаффоф электрон баҳолаш механизмларини жорий этиш орқали нафақаларни тўлаш тизимини болалар салоҳиятини ривожлантириш ва камбағалликни қисқартиришга қаратиш мақсадида:

1. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб:

а) 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа ҳамда бола 2 ёшга тўлгунига қадар уни парвариш қилиш нафақаси ўрнига кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси (кейинги ўринларда – болалар нафақаси) жорий этилади. Бунда, болалар нафақасини тайинлашда:

инобатга олинадиган болалар ёши 14 ёшдан 18 ёшгача оширилади;

тўлов муддати 6 ойдан 12 ойгача оширилади;

унинг миқдорини оиладаги болалар сонидан келиб чиқиб белгилаш тартиби қўлланилади;

б) якка-ёлғиз бўлган фуқароларга, фарзанди бўлмаган ёки барча фарзандлари 18 ёшдан катта бўлган кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тайинланади.

2. 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб болалар нафақаси ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тўловларининг қуйидаги миқдорлари белгилансин:

а) болалар нафақасининг ҳар ойлик миқдори:

250 000 сўм – 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган битта фарзанди учун, 325 000 сўм – ёши 3 ёшгача бўлган битта кичик фарзанди учун;

150 000 сўм – оиланинг иккинчи фарзанди учун қўшимча;

100 000 сўмдан – оиланинг учинчи ва ундан кейинги ҳар бир фарзанди учун;

б) кам таъминланган оилалар учун моддий ёрдамнинг ойлик миқдори – 380 000 сўм.

Бунда, 2021 йил 1 сентябрга қадар тайинланган 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола 2 ёшга тўлгунига қадар уни парвариш қилиш нафақаси ҳамда кам таъминланган оилаларга моддий ёрдамни тўлаш муддатлари тугагунига қадар, мазкур турдаги нафақалар ва моддий ёрдамнинг амалдаги миқдорлари ҳамда уларни тўлаш муддатлари сақлаб қолинади.

3. Молия вазирлиги 2021 йил якунига қадар болалар нафақаси ва моддий ёрдам олувчи кам таъминланган оилалар сонининг ўртача 20 фоизга ошишини ҳисобга олган ҳолда 2021 йилда ушбу чора-тадбирларни молиялаштиришга бюджетдан қўшимча маблағ ажратсин ҳамда Давлат бюджетининг 2022 йилдаги параметрларини шакллантиришда мазкур Фармоннинг амалга оширилиши билан боғлиқ харажатларни назарда тутсин.

4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2021 йил 1 октябрдан бошлаб, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали кам таъминланган деб эътироф этилган оилалар ва шахслар тўғрисидаги маълумотлар манфаатдор вазирлик ва идораларга “Электрон ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали тақдим этилади.

Молия вазирлиги (Т.Ишметов) Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш.Садиков) билан биргаликда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими маълумотлар базасидаги кам таъминланган деб эътироф этилган оилалар ва шахслар тўғрисидаги маълумотлар вазирлик ва идораларга “Электрон ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали тақдим этилиши ҳамда ахборот алмашинувининг самарали ишлашини таъминласин.

5. Молия вазирлиги (Т.Ишметов) Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (И.Норқулов), Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги (Р.Маматов), Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н.Хусанов) билан биргаликда 2021 йил 20 августга қадар қуйидагиларни назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳаларини Вазирлар Маҳкамасига киритсин:

кам таъминланган болали оилаларга нафақани ҳамда кам таъминланган оилаларга моддий ёрдамни тайинлаш ва тўлаш тартиби;

минимал истеъмол харажатлари қийматини ҳисоблаш тартиби.

6. Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ушбу Фармон мақсади, вазифалари ва бундан кутилаётган натижаларни оммавий ахборот воситалари, Интернет ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритиш ишларини ташкил қилсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига 1-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатлари 2-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

9. Молия вазирлиги бир ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

10. Мазкур Фармоннинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб молия вазири Т.А.Ишметов ҳамда иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари И.И. Норқулов белгилансин.

Фармон ижросини муҳокама қилиб бориш, масъул ижрочи ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентига 2021 йил 1 ноябрь ва 2022 йил 1 апрелга қадар ахборот берилсин.

 

Ўзбекистон Республикаси

            Президенти                                                                         Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2021 йил 11 август

Манба: ЎзА

Поделиться