Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ватанни улуғлаганни халқ ардоқлайди
2021-08-10 | Спорт
Пойтахт аэропорти. Соат миллари 20.40 ни кўрсатмоқда. Япониянинг Токио шаҳрида ўтган XXXII ёзги Олимпия ўйинларида жонажон Ватанимиз – Ўзбекистоннинг шону шуҳратини оламга тараннум этган спортчиларимиз мамлакатимизга қайтиб келишмоқда.
Шу муносабат билан бу ерга жам бўлган кенг жамоатчилик вакиллари, спортчилар, олимпиячиларнинг ота-оналари, яқинлари, журналистлар, спортимиз фахрийлари, барча-барчанинг кўнглида олам-олам завқу ҳаяжон.
Спортчиларимизни олис Токиодан олиб келаётган самолётнинг муаззам пойтахт аэропортига қўнишига 15 дақиқача вақт бор. Гулдасталар кўтарган юртдошларимизнинг қувончи чексиз. Айниқса, “Токио-2020” ўйинларида Ўзбекистон байроғини сарбаланд этган спортчиларимиз – Баҳодир Жалолов, Улуғбек Рашитов, Акбаржон Жўраев, Давлат Бобонов, Бекзод Абдураҳмоновнинг яқинлари беҳад хурсанд.
Соат миллари 21:00 ни кўрсатди. Ғолиб спортчиларимизни Токиодан олиб келган махсус авиалайнер Тошкентга қўнгани эълон қилинди. Диллар шодликдан ҳаприқади. Токио спорт майдонларида юртни шарафлаган спортчиларимиз давлатимиз байроғини баланд кўтарган ҳолда она Ватан заминига қадам қўяди. Карнай-сурнай садолари янгради. Токио олимпиадаси қаҳрамонларига гуллар тақдим этилди...
Тошкент аэропортининг кенг майдонида ташкиллаштирилган маросимда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Т.Норбоева, Ўзбекистон халқ шоири М.Тоир, Ўзбекистон халқ артисти Ё.Саъдиев, 32-олимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорлари, уларнинг оналари ёш авлодни интеллектуал салоҳиятли инсонлар қилиб камолга етказиш, иқтидорини намоён этиши учун давлатимиз томонидан яратилган шарт-шароитлар натижасида қўлга киритилаётган ютуқлар, хусусан, дунёдаги мураккаб эпидемиологик вазиятга қарамасдан Токио олимпиадасида спортчиларимизнинг матонат кўрсатганликларини алоҳида таъкидлашди.
– Шодлигимнинг чек-чегараси йўқ. Барча-барчаси учун катта раҳмат, – дейди Олимпия ўйинлари ғолиби Баҳодир Жалолов. – Давлатимиз, шахсан Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан биз, спортчиларга кўрсатилган ғамхўрлик, алоҳида эътибор, яратиб берилган шарт-шароитлар натижасида ушбу ғалабага эришдик. Менинг олтин медалим Мустақиллигимизнинг 30 йиллигига совғамдир.
– Токио олимпиадасини катта ҳаяжон билан кузатиб бордим, – дейди таэквондо бўйича олимпия чемпиони Улуғбек Рашитовнинг онаси Оксана Рашитова. – Жуда хурсандман. Ҳар бир она ўз жигарбандининг Ватани учун курашишини, ғолиб чиқишини, байроғи кўтарилишини, мадҳияси янграшини истайди. Улуғбек ишончимизни оқлади. Уни ғалаба қозониши учун қўллаб-қувватлаган мураббийларига раҳмат. Спортчиларимизнинг шуғулланиши учун яратилган барча шароит, ҳаттоки, биз, ота-оналарга кўрсатилган моддий ва маънавий эътибор учун давлатимиздан чексиз миннатдорман.
“Токио-2020” ўйинларида жасорат кўрсатган спортчилар, мураббийлар, мутахассислар ва уларнинг яқинлари Ўзбекистон байроқлари билан безатилган автобусларда пойтахтимизнинг Бобур, Нукус, Ойбек, Ш.Рашидов, И.Каримов номидаги кўчалари ва Амир Темур хиёбони бўйлаб кетма-кет йўлга чиқишди. 32-олимп майдонида Ватан шаънини улуғлаганларни халқимиз, минг-минглаб ёш спортчилар йўл четида турнақатор бўлиб қаршилашди, қутлашди.
Ўзбекистон спорт тарихида 19 ёшли спортчимиз Улуғбек Рашитов Токио олимпиадасида мамлакатимизга олтин медаль тақдим этган илк спортчига айланди. Унинг ёрқин ғалабаси туфайли жаҳон спорт саҳнасида мадҳиямиз янгради.
Оғир атлетикачимиз Акбаржон Жўраев “Токио-2020” Олимпия ўйинларида Ўзбекистонга иккинчи олтин медални келтирди. У 109 килограмм вазн тоифасидаги спортчилар баҳсида даст кўтаришда 193 килограмм, силтаб кўтаришда 237 килограмм штанга кўтариб, умумий ҳисобда 430 килограмм натижани қайд этиб, “Токио-2020” Олимпия ўйинларининг олтин медалига сазовор бўлди.
Дзюдочимиз Давлат Бобонов ва эркин курашчимиз Бекзод Абдураҳмоновнинг олимпия ўйинларидаги шиддатли ва мураккаб курашлар натижасида бронза медали соҳиблари бўлиши ва ниҳоят алпомишлар авлоди Баҳодир Жалолов “Токио-2020”нинг сўнгги кунида 32-олимпия ўйинларининг олтин медалини қўлга киритиши халқимиз ғурурини юксалтирибгина қолмай, барчамизда бир мақсад – Ўзбекистоннинг эртанги келажаги, янги ғалабалари йўлида бирлашиш, жипслашиш тамойилини қалбимизга жо эта олди.
Миллий Олимпия қўмитасида 32-олимпия ўйинларида зафар қучган спортчиларимизни тақдирлаш маросими ўтказилди. Токио спорт майдонларида медалларга мушарраф бўлган ҳар бир спортчимизга Ўзбекистон Республикаси Президентининг совғалари – енгил автомашиналар ва уй-жойларнинг калитлари тантанали равишда топширилди.
Музаффар спортчиларимизни кутиб олиш ва тақдирлаш маросимларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.Абдувохитов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов иштирок этди.
Тўлқин РЎЗИЕВ
Манба: ЎзА