Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Президент мактаби тест синовлари бошланди

2021-07-26 | Таълим

Самарқанд шаҳридаги “Локомотив” марказий жисмоний тарбия спорт клуби Самарқанд филиали футбол майдони ҳамда Самарқанд шаҳар 2-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби стадионида Президент мактабига талабгор ўқувчилар учун тест синовлари бошланди.

Самарқанд шаҳрида янги ўқув йилидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги тасарруфидаги Президент мактаби фаолият бошлайди.  

Маълумотларга кўра, ҳудудлар кесимида Президент мактабида ўқиш истагида бўлган энг кўп талабгорлар Самарқанд вилояти ҳиссасига тўғри келган. Хабарингиз бор, Президент мактабига дастлабки ўқув йилида 5-11-синфларга қабул ўтказилади.  

Илк ўқув йили учун Самарқанддаги Президент мактабига 14 мингдан ортиқ ўқувчи ёшларнинг аризалари келиб тушган. Шундан 13,5 мингга яқин ҳужжатлар қабул комиссияси томонидан тасдиқланган. Белгиланган тартибга кўра, айни пайтда талабгорлар дастлабки босқич синовларида иштирок этмоқда. Бу синовлар 26, 27, 28 август кунлари ўтказилиши белгиланган.

— Тест синовларига пухта ҳозирлик кўрилди, - дейди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлигининг Президент мактаблари билан ишлаш бўлими бошлиғи ўринбосари, Самарқанд шаҳри бўйича масъул Гавҳар Ишимова. – Тест жараёнларини шаффоф ва ҳаққоний ўтказиш мақсадида тегишли ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда барча зарур чоралар кўрилди. Ўқувчилар тўлиқ Face ID текширувидан ўтказилиб, карантин қоидаларига амал қилинган ҳолда тест жараёнларига киритилмоқда. Cambridge Assessment ташкилоти вакиллари тест жараёнларини бевосита, мутасаддилар эса онлайн кузатишмоқда. Ота-оналар учун ҳам онлайн тартибда кузатиш имконияти яратилган. Тест жараёнлари якунида барча жавоб варақалари шу ернинг ўзида муҳрланиб, Буюк Британияга жўнатилади. Cambridge Assessment ташкилотида жавоблар махсус ускуналарда текширилган ҳолда натижалар эълон қилинади.  

Ташкилотчиларнинг маълумотларига кўра, дастлабки синов натижалари август ойининг ўрталарида эълон қилиниши кўзда тутилган. Иккинчи босқич синовлари 20 августдан 25 августга қадар ўтказилиши режалаштирилган.  

Президент мактаблари лойиҳаси Cambridge Assessment ташкилоти билан ҳамкорликда амалга оширилиши билан бирга, ушбу лойиҳани янада самарали йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги томонидан кўплаб хорижий мутахассислар ҳам жалб қилинган. Улар ҳам бевосита тест жараёнларини кузатиб, тавсия ва кўрсатмаларини бериб бормоқда.

– Самарқанд ҳудудлар ўртасида талабгорлар сони энг юқори бўлганлиги учун мазкур ҳудуддаги жараёнларда иштирок этишни хоҳладим, – дейди АҚШлик мутахассис Аслан Ибрагим. – Икки кундан буён ташкилий жараёнларни кузатмоқдаман. Ташкилотчилик, назорат, шаффофлик белгиланган талаблар асосида олиб борилмоқда. Энг муҳими, талабгорларнинг иштиёқи баланд. Ўйлайманки, ушбу лойиҳа Ўзбекистон учун энг кучли мутахассис кадрларни тайёрлашга хизмат қилади.

Бугун куннинг биринчи ярмида ўтказилган тест синовларида икки минг нафардан ортиқ талабгорлар тест синовларида иштирок этди.

Манба: ЎзА

Поделиться